Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:26

Эстония ўзбеклари: "Сўғдиёна"


Нарвадаги ўзбеклар миллий маданиятини унутмасликка ҳаракат қиладилар.
Нарвадаги ўзбеклар миллий маданиятини унутмасликка ҳаракат қиладилар.

Эстониянинг Нарва шаҳридаги ўзбеклар жамияти ўзининг 10 йиллигини нишонламоқда. Нарва шаҳридаги “Сўғдиёна” Ўзбеклар жамияти асосчиси ва раҳбари Ирина Фармонова-Кравцова ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Нарва – Эстониянинг энг шарқида жойлашган, йириклиги, аҳоли сони бўйича мамлакатдаги учинчи ўринни эгаллаб келаётган тарихий шаҳар. 1223 йилда асос солингани айтиладиган ва асосан руслар яшайдиган бу шаҳар узоқ асрлар давомида Россия ҳамда бошқа Европа давлатлари ўртасида тортишувларга сабаб бўлган.

Ниҳоят бугунги кунга келиб шаҳар Нарва дарёси бўйлаб икки қисмга ажратилди: Эстония қисми Нарва шаҳри, Россияга қарашли томон Иван-город деб номланди. Ўша даврдаги Иван Грозний ҳамда Ливония князлари ўртасидаги қарама-қаршиликни бугунги кунгача сақланиб қолган дарёнинг икки соҳилида қад кўтарган қалъа – Герман ва Ивангород қалъалари эслатиб туради.

Бир қарашда Ўзбекистон ва ўзбеклар билан боғлиқлиги мутлақо сезилмайдиган Европанинг бу қисмида мана 10 йилдирки Ўзбеклар маданий маркази фаолият юритиб келмоқда.

2003 йилда Нарвада маҳаллий ўзбеклар ва ўзбекистонликларни бирлаштирган бу жамият шаҳарда кўзга кўринган ва экзотик тузилмалардандир.

Эстония ўзбеклари: Сўғдиëна
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:28 0:00


Ўтган 10 йил давомида нафақат Нарва, балки бутун Эстонияда Шарқ маданиятининг бевосита тимсолига айланишга улгурган Ўзбеклар жамияти “Сўғдиёна” номига эга. “Ахир мен ўзим Самарқанднинг Жума шаҳриданман”, дейди Озодлик Радиоси билан суҳбатлашган жамият асосчиси ва ўн йиллик раҳбари Ирина Кравцова.

- Онам инглиз тили ўқитувчиси бўлган ва Сарикўлга ишлашга юборилган. Дадам Зулхон Фармонов ўша пайтда мактабда ишлаб юрган. Улар ўша ерда танишишган, оила қуришган. Дадам Жумада уй қурганидан кейин кўчиб ўтишган, биз ўша ерда туғилиб ўсганмиз. Ўша пайтда негадир ўзбеклар оилаларида русча исм қўйиш модада бўлган ва дадам уччала қизига русча исм қўйган. Ана шу сабабли мен Ирина бўлиб қолдим, устига бу ерда турмушга чиқиб фамилиям ҳам Фармоновадан Кравцовага айландим. Бу ерда аввалига ҳамма ҳайрон – исмим, фамилиям русча, кўринишим осиёча, - деб кулади Ирина Кравцова.



Ирина Эстониянинг Нарва шаҳрига турмуш ўртоғи ортидан келиб қолганини гапирар экан, Совет Иттифоқидан ажралиб Европа Иттифоқига қўшилган Эстонияда яшаётганига 36 йил бўлганидан ўзи ҳам ҳайратланади. “Бунинг ҳаммаси худди кеча бўлиб ўтгандек”, дея давом этади Ирина опа.

- Мен битта дипломим бўйича бошланғич синф ўқитувчиси, иккинчи дипломим бўйича логопед мутахассислигига эгаман. Бу ерда ўзбеклар жуда кам. Таллиндаги ўзбеклар жамияти раҳбари Лола опанинг айтишича, бир неча йил бурун Эстонияда 63 нафар ўзбек бўлган. Билмадим, ҳозир кўпайдими-камайдими...Нарванинг ўзида 10 йил олдин жамият тузганимизда рўйхатимизда 20 нафар ўзбекистонлик ёзилганди. Кимдир оламдан ўтди, кимдир Нарвадан кўчиб кетди. Қолган бўлса ўзбек тилида сўзлашувчи қариялар ҳам саноқли қолди шаҳримизда, дея афсусланади жамият раҳбари.

Узоқ Самарқандни қумсаб, фарзандлари ота-оналари туғилиб ўсган ўзбек юрти ҳақида фарзандлари мутлақо бехабар қолаётганидан куйинган Ирина опа ниҳоят ўзбеклар жамиятини тузиш, ўзбек рақсларига қизиқадиган маҳаллий қизларни бир гуруҳга жамлашга қарор қилганини айтади.

У тузган “Сўғдиёна” ўзбек рақс санъати гуруҳига асосан шарқ рақсига қизиқувчи рус ва эстон қизлар қатнашиб келади. Бу қизлар бошига ўзбек дўпписини кийиб, нафақат Эстониянинг, балки Европанинг қатор давлатларида ўз маҳоратларини намойиш қилишга улгурган.

Жамият фаолиятида унга тўйтепалик Лидия Федоровна ёрдам бераётганини айтиб, Ирина Фармонова-Кравцова ўзбеклар жамияти Нарва шаҳар раҳбарияти кўмаги ва бу ерда мавжуд бошқа жамиятлар ёрдамида 10 йилдан буён бутун Эстонияда танилиб қолди, дейди.

- Ўзбекистонни жуда қўмсаяпмиз... Мана шу шаҳарда 1977 йилдан - ёш қизчалигимдан буён яшаб келаман, умримни ярмидан кўпини шу ерда ўтказдим. Лекин, ўзбек нонини еб, сувини ичганинг бутун вужудингга сингиб кетар экан... Шу йиллар давомида ўз юртимиз ҳақида хабарларни эшитиб туришга ошиқдиқ, ҳозир Интернет орқали у ерда бўлаётган воқеалардан хабардормиз. Шаҳримизда эса шарқона кийим-кечагимиз, одатларимиз жуда катта қизиқиш уйғотяпти. Ахир биз улар учун афсонавий, гўзал Шарқмиз. Катталарнинг эсида “Ялла”, “Тошкент”, “нон”, “дўппи”, “пахта” каби Ўзбеклар юрти тўғрисида тасаввурлар озми-кўпми қолган бўлса, маҳаллий ёшлар Ўзбекистон ҳақида эшитмаган ҳам. Биз пайдо бўлгандан буён нарваликларнинг барчаси ўзбек маданияти тўғрисида тасаввурга эга бўлди, - дея мақтанишга ижозат сўради жамият раиси.

У бир йилда камида бир маротаба шаҳарликлар учун ўзбекча рақс ва қўшиқлардан иборат концерт дастури, турли маданий тадбирларни тайёрлаб боришини маълум қилди.

Суҳбатдошимиз Нарва “Сўғдиёна”си яна бир номдош жамоа - Финляндия Ўзбеклар жамияти билан қалин муносабатлар ўрнатилганини билдирди.

Маълум бўлишича, Нарвадан ташқари ўзбеклар жамияти Эстониянинг Таллинн ва Тарту шаҳарларида ҳам фаолият юритиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG