Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:16

"Ўзбекистон ҳукуматининг диндорларга муносабати ўзгармади"


АҚШ Давлат департаментининг жаҳондаги диний эркинликлар вазиятига доир янги ҳисоботида Ўзбекистон яна "алоҳида хавотир уйғотувчи давлат" сифатида қайд этилди. Навбатдаги ҳисоботда Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро жамоатчилик танқидларини беписанд қолдираётгани алоҳида таъкидланди.


АҚШ Давлат департаментининг бу галги ҳисоботи аввалидаёқ Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда фуқаролар диний эркинликларини таъминлашга уриниши кузатилмагани айтилган.

Ҳисоботнинг илк жумласида Ўзбекистон конституцияси фуқароларнинг диний эркинликлари ва ҳақ-ҳуқуқларини кафолатсада, бошқа қонунлар ҳамда қонун ости ҳужжатлари бу ҳуқуқларни чеклаши, ҳукумат эса бу борада айнан ўша ҳужжатларга таяниши айтилган.

Шунингдек, АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда диний ҳақ-ҳуқуқлар поймол этилиши олдини олиш учун ҳукумат билан мулоқот қилишга урингани айтилган.

Жумладан, Тошкентдаги элчихона орқали АҚШ расмийларининг Ўзбекистонда ҳукумат тайинлаган диний мулозимлар, маҳаллий диний жамоалар раҳбарлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан мунтазам мулоқотлар ўтказгани айтилган.

Хусусан, АҚШ элчисининг мусулмонлар учун Рамазон ойида ифтор маросимларини ташкил қилгани тилга олинган.

Аммо ҳисобот мазмунига кўра, халқаро жамоатчиликнинг уринишларига қарамай Ўзбекистон ҳукумати ҳануз диний жамоаларнинг ҳуқуқларини поймол қилишда давом этмоқда.

Шу боис, Ўзбекистон яна "алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар" рўйхатига киритилгани айтилган.

Таъкидланишича, аҳолининг 93 фоизини ташкил қилган мусулмонлар мамлакатда диний ҳуқуқлари бузилаётган асосий қатлам бўлиб қолмоқда.

Ҳужжатда диний эркинликлар, жумладан, диний мотивлар билан қамалган маҳбусларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида маълумотлар келиши давом этаётгани қайд этилган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда диний мотивлар билан қамалган маҳбусларнинг ҳуқуқлари бузилиши ва калтакланиши далиллар билан исботларнган ҳолат экинини урғулади.

- Биз ўтказган суд мониторингларида ўша жабрланган, қамалган ёки тергов пайтида қийноққа учратилганларнинг яқинлари бизга мурожаат қилади. Биз буни олдин ҳам берганмиза, ҳозир ҳам беряпмиз. Бунинг исбот далиллари бор, дейди Суръат Икромов.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида қайд этилишича, диний экстремизмда айбланиб озодликдан маҳрум қилинган айрим маҳбусларнинг оила аъзолари яқинлари қамоқда қийноқлар оқибатида ўлганини хабар қилган.

Ҳужжатда ўтган йил июн ойида Абдуманнон Ортиқов, январ ойида Улуғбек Ғаффоров ва Абдулфаттоҳ Раимхонов қамоқда оламдан ўтгани билдирилган.

Ҳисоботда Ўзбекистонда фуқароларнинг эътиқод эркинлигини чекловчи асосий ҳужжат сифатида 1998 йилда қабул қилинган "Дин тўғрисидаги қонун" тилга олинган.

Маълумки, Ўзбекистонда диний тарғибот, жамаот жойларда диний ибодат ва диний либосда юриш, диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш, шунингдек, хусусий равишда диний дарслар бериш каби ҳаракатлар мазкур қонун билан тақиқлаб қўйилган.

Бу қонунни бузганлар эса жиноий жавобгарликка тортилади.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида 2010 йил май ойида Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди футбол шарҳловчиси ва диний эшиттиришлар муаллифи Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорлик ва жамоат тартибига таҳдид солувчи ноқонуний материаллар тарфатганликда айбдор деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилгани билдирилган.

"Айрим диний гуруҳларни рўйхатга олишни рад этиб, бошқаларини эса рўйхатдан ўчириш билан ҳукумат бу гуруҳларни ибодат қилиш ҳуқуқларидан маҳрум қилди", дейилади ҳужжатда жумладан.

Ҳисоботда айрим кичик диний гуруҳларнинг рўйхатдан ўтишда муаммоларга учраши ҳам айтилади.

Гарчи Ўзбекистонда ҳукумат мусулмон, яҳудий, католик ва рус православ жамоалари фаолиятига тўсқинлик қилмаса-да, баъзи кам сонли диний гуруҳлар ҳанузгача рўйхатга олинмай келмоқда.

Бунга эса диний жамоаларнинг рўйхатдан ўтиш учун ўрнатилган мураккаб жараён, жумладан, 100 кишининг имзосини йиғиш ва ҳоказо, оғир талаблар сабаб сифатида келтирилган.

Ўзбекистонда 17 йилдан бери диний фаолият олиб бораётган католик черкови руҳонийси Пётр ота Озодлик билан суҳбатда Ангренда янги черков очиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ҳисобга олинмаса Ўзбекистонда диний фаолият олиб бориш учун тўсқинликка дуч келинмаётганини айтди.

- Ангренга келишимиз билан боғлиқ маъмурий расмиятчиликлар ҳисобга олинмаса, биз муаммога дуч келаётганимиз йўқ. Католик черковининг Ўзбекистонга диний адабиётлар олиб келишига ҳам муаммо йўқ. Чунки Москвадан почта орқали ҳар хил адабиётлар, китоблар келади. ҳаммаси нормал ҳолатда етиб келган, Тошкентдаги дейди католик черкови вакили.

Тошкентдаги Яҳудий диний жамоаси раҳбари ёрдамчиси Мара Школний Озодлик билан суҳбатда яҳудий жамоаси муаммоларга дуч келмаётганини айтди.

- Бизда, ҳеч қачон ҳеч нарса мусодара қилинмаган. Синагог яҳудийлар келиб диний амалларни бажариб ибодат қиладиган жой. Дуо ўқилади. Биз адабиётлар чоп этмаймиз, деди яҳудий жамоаси вакили.

Ҳужжатда, йил давомида мамлакатда прозелитизм билан шуғулланишда гумон қилинган гуруҳларга қарши рейдлар, тазйиқлар уюштирилгани, уларнинг етакчилари ва аъзолари ҳибсга олингани, баъзиларига нисбатан жиноий жавобгарлик айблови қарши сурилгани келтирилган.

Ҳисоботда айтилишича, аслида Ўзбекистондаги жамият турли диний гуруҳларга нисбатан бағрикенглик билан ёндошади. Диний гуруҳлар ҳам бир-бирига нисбатан тоқатлидир.

Аммо, кейинги йиллар давомида расмий матбуот ва диний уламолар таъсири остида ўзбек миллатига мансуб насронийларга, айниқса насронийликни яқинда қабул қилганларга нисбатан қўшнилар, қариндошлар ва иш берувчилар томонидан баъзида босим кучайгани қайд этилган.

Ўзбекистон 2006 йилдан буён АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар борасида алоҳида хавотир уйғотувчи мамлакатлар рўйхатида қолиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG