Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:17

Сирдарёда смартфонлар ишлаб чиқарилади


UzTE ширкати вакиллари ўзбекистонликлар тез орада ўз мамлакатида ишлаб чиқариладиган смартфонларга эга бўлишларини айтмоқдалар.
UzTE ширкати вакиллари ўзбекистонликлар тез орада ўз мамлакатида ишлаб чиқариладиган смартфонларга эга бўлишларини айтмоқдалар.
Июн ойидан бошлаб Сирдарёда UzTE бренди остида уяли телефонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаланмоқда. Бу ҳақда Озодликка UzTE ширкати PR-менежери Камила Турсунова маълум қилди.

UzTE ширкати вакиласига кўра, Сирдарёдаги заводда уч турдаги смартфон ишлаб чиқарилади.

- Биз GRAND-V, GRAND-X ва GRAND-M деган ном билан уч хил смартфон ишлаб чиқаришни режалаяпмиз. Айтишим мумкинки, телефонларимизнинг ҳаммаси Android операцион тизимининг охирги версияси асосида ишлайди, - деди Камила Турсунова.

Суҳбатдошимиз UzTE ширкати чиқарган мобил телефонлар ўзбекистонликлар орасида оммабоп бўлган iPhone ёки Android операцион тизими асосида ишлайдиган Samsung смартфонлари билан бемалол рақобатлаша олишига шубҳа қилмайди.

- Бу миллий бренд бўлади. Телефонлар UzTE номи остида чиқарилади ва улар Ўзбекистон аҳолиси учун мўлжалланган. Бу, биринчидан, нархи пастлиги жиҳатдан четда чиқарилган бошқа смартфонлар билан рақобат қила олади. Аммо нарх телефонларимизнинг сифатига мувофиқ бўлади. Шунинг учун мен бу билан истеъмолчиларимиз яхши танлов имкониятига эга бўлади, деб ўйлайман, - дер экан Камила Турсунова UzTE смартфонлари нархини ҳозирча очиқлай олмаслигини, бу маълумот маҳсулот бозорга чиқарилиши арафасида ёйинланишини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, UzTE ширкати Сирдарёдаги смартфон заводи ишлаб чиқариш қувватини йилига 100 минг дона телефон ишлаб чиқаришга етказишни режалаган. Бугунги кунда мазкур корхона ривожи учун 3 миллион долларча сармоя ётқизилгани айтилмоқда.

Эллик кишини иш билан таъминлаши кутилаётган Сирдарёдаги заводда смартфонлар ҳозирча фақат йиғилади, холос. Телефонларнинг эҳтиёт қисмлари ва дизайнини ишлаб чиқиш эса Хитойда амалга оширилади. UzTE ширкати PR-менежери Камила Турсунова келажакда бу эҳтиёт қисмлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Турсуновага кўра, Сирдарёдаги завод ишга тушиши баробарида ширкат ишлаб чиқарган телефонлар таъмири билан шуғулланадиган сервис-марказлар ҳам очилади.

Ўзбекистонлик мижозларга хизмат кўрсатувчи kpk.uz интернет-дўкон сотувчиси Шамил, агар нархи “чақмайдиган” бўлса, UzTE ширкати ишлаб чиқаражак смартфонлар ўз харидорини топишига ишонади.

- Агар улар, айтайлик, Samsung телефонларидан арзонроқ бўлса, шу билан бирга, сифати ҳам унча қолишмаса, улар албатта сотилади. Бу телефонлар Ўзбекистонда харидоргир бўлиши учун кўрсаткичлари, масалан, процессорининг қуввати, тасвирининг аниқлиги, функционаллиги бир хил бўлган муқобил телефонлардан камида 100-150 доллар арзон бўлиши керак, - дейди сотувчи Шамил.

Маълумотларга кўра, суҳбатдошимиз айтган Samsung Galaxy S4 телефони -ҳозир Тошкентда, характеристикасига қараб, ўртача 700-800 доллардан сотилмоқда.
XS
SM
MD
LG