Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:46

Меҳнат муҳожири ўзбек қўшиқчиларидан хафа


Ўзбек ашулачилари Россияда ишлаëтган мухожирлар орасида машхур
Ўзбек ашулачилари Россияда ишлаëтган мухожирлар орасида машхур
Россиялик меҳнат мухожири 26 яшар Наргиза ўзи мухлис бўлган ўзбек поп-гуруҳи “Уммон”дан қаттиқ ҳафа бўлганини Озодликка ëзиб юборди. Суҳбатдош йўллаган мактубга кўра¸ Москвада концерт ўтказган “Уммон” гуруҳи ўз мухлисларини камситган.

Чипта нархи 500 рубл, дея реклама қилинган бу концерт пировардида мухлисларга 1500 рублга тушган.

“Бунга ҳам рози бўлиб залга кирган 400 томошабин сал ўтмай милиция тарафидан ҳайдаб чиқарилди”, деб ëзади Наргиза мактубида.

- Ташқарига бизни худди молга ўхшаб ҳайдаб чиқаришди¸ деб таъкидлади ўз мактубида москвалик қўшиқ мухлиси.

Мактубда ëзилишича¸ ташқарида 4 соат турган томошабинларга яна залга киришга изн берилган.

Ана шундан кейин “Уммон” гуруҳи аъзолари парда ортидан чиқиб, икки қўшиқ айтишган, холос.


- Қолганига Отабек деган продюссер чиқиб залдагиларни ошкора камситди. Бу проюссер залдаги чироқни ўчириб биз томошабинларни қўпол тарзда ҳайдаб солди. Ўзбек бўлганимдан уялдим¸1500 рубл тўлаб ҳақорат эшитганимизни кўриб устимиздан руслар кулди¸деб ëзди Наргиза Озодликка ëзган мактубида.

Биз бу мактуб орқасидан ўзбек ашулачиларининг чет элда ўтказган концертларида кузатилган маъсулиятсизлик¸ савиясизлик ва товламачилик каби ҳолатларни ўрганишга ҳаракат қилдик.


Бомба

Аввалига “Уммон” гуруҳи билан боғландик. Ўзини гуруҳ маъмури, дея атаган йигитга кўра, Москвадаги концертдан олдин кимдир залга бомба қўйилган, деб милицияга хабар берган.

Шу боис, милиция 4 соат мобайнида зални текширган. Концерт дастурининг қисқалигини ҳам ташкилотчи шу омил билан изоҳлади.

Россияда истиқомат қиладиган социолог Абдусами Раҳмоновга кўра¸ ўзбек мусиқа гуруҳлари билан боғлиқ товламачилик ҳолатлари кўп кузатилган.

- Аммо, бу ҳолатда ўз ҳуқуқларини билмайдиган ўзбек меҳнат муҳожирлари жабрдийда бўлиб қолаверади. Россия истеъмолчилар ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилинадиган мамлакат. Чув тушган томошабинлар ўзларига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашлари мумкин¸ дейди суҳбатдош.

Россияда концертлар ташкил қилиш билан шуғулланиб келган Санкт-Петрбургдаги “Обморок и Мама” мусиқа гуруҳи раҳбари Ихтиëр қўшиқчилик соҳасидаги товламачиликка барҳам бериш учун Россиядаги мавжуд қонунчилик мукаммал эмаслигини айтади.

- Масалан, Европада фонограмма билан айтиладиган концерт чиптаси 50 фоиз арзон бўлиши керак, деган қоида бор. Россияда бундай қоида ҳақида энди ўйлашмоқда. Аммо, мавжуд қонунлар доирасида ҳам 1500 рубл эвазига камситилган томошабин ҳуқуқи таъминланади¸ деди Ихтиëр.


Тошбўрон

Ҳар иккала суҳбатдош ҳам қўшиқчилик соҳасидаги товламачиликка қарши курашнинг ҳуқуқий тарзи ҳақида гапиришди.

Айни пайтда концертлардан кўнгли тўлмаган мухлис ўз аламини ҳуштак чалиш билан ифодаламоқда.

Қашқадарëдаги тўйга бир соат кечикиб келгани учун ашулачи Ҳосила Раҳимова тошбўрон қилинган эди.

"Ўзбекистонда тошбўрон бўлишдан қўрққан ашулачилар ўз товламачиликларини Россияга кўчиришган кўринади"¸ дейди Санкт-Петрбургда истиқомат қиладиган ўзбек меҳнат муҳожири Очилбой Озодлик билан суҳбатда.

- Меҳнат билан топган пулимизга чипта олиб бориб, фонограмма тинглаб келамиз. Бу инсофдан эмас, дея таъкидлаган Очилбой Ўзбекистондан келадиган артистларнинг мардикорларга паст назар билан қарашидан нолиди.


Ҳазилнинг таги зил

Ўзбекистонлик таниқли қизиқчи Шукрулло Исроиловнинг АҚШга концерт сафари чоғида у ердаги ўзбекларга гастарбайтерлар, деб мурожаат қилгани мухлисларга бироз оғир ботган эди.

Санкт-Петрбургдаги “Обморок и Мама” мусиқа гуруҳи раҳбари Ихтиëрга кўра, ўзбекистонлик мусиқачилар мамлакат ташқарисидаги меҳнат муҳожирларини камситиши инсофдан эмас.

- Бу худди сув ичаëтган булоққа тупурган каби ҳолат¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Озодбек Назарбеков эса ўзбек мусиқачилари мардикорлар боис дунë кезаëтганларини эътироф қилган эди.

- Сизлар Россияга бордингизлар бизлар кетинглардан келдик¸ сизлар Америкага борганларингизда бизлар кетинглардан Америкага бордик¸ деган эди ўтгган йили Москвадаги концерт пайтида Озодбек Назарбеков.

Озодбек Назарбековнинг концертларини ўтказувчи Санкт-Петрбургдаги ширкатнинг ўзини Мая, деб таништиган вакили бундан буëн мухлислар эътирозларини инобатга олишини ваъда қилди.
XS
SM
MD
LG