Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:37

Эрон Президенти лавозими учун 8 номзод курашади


Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод.
Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод юқори лавозимли ёрдамчисининг 14 июнда ўтказиладиган Президент сайловида қатнашишдан четлатилганини қоралаб, Посбонлар кенгашининг бу ҳақдаги қарорини ўзгартиришга ваъда берди.

Посбонлар кенгаши сешанба куни собиқ президент Акбар Хошемий Рафсанжоний ҳамда Аҳмадийнажоднинг яқин ёрдамчиси Исфандиёр Раҳим Машаийнинг сайловда иштирок этишига рухсат бермаган эди.



Уламолар ва ҳуқуқшунослардан иборат Посбонлар кенгаши 14 июн куни ўтказиладиган Президент сайловида қатнашиш учун ҳужжат топширган 700 нафар даъвогардан фақат саккиз нафари, асосан, Эроннинг Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманаий тарафдорларининг сайловда Президентликка номзод сифатида иштирок этишига рухсат берган.

Чоршанба куни Аҳмадийнажод Посбонлар кенгаши қарорини “қатағон”, деб атаб, уни ўзгартириш масаласини кўтаряжаги тўғрисида баёнот берди.

Эрондаги айрим консерваторлар назарида Машаий Олий руҳоний Ҳоманаий билан муносабатлари таранг бўлган президент Аҳмадийнажодга яқин шахсдир.

Улар фикрича, кетма-кет учинчи муддатга президент этиб сайланиш ҳуқуқига эга бўлмаган Аҳмадийнажод Машаий орқали ўз таъсирини сақлаб қолишга уринмоқда.

Ҳозирда Маслаҳат кенгаши раҳбари бўлган мўътадил қарашдаги Акбар Хошимий Рафсанжоний август ойида 79 ёшга тўлади. Посбонлар кенгаши Рафсанжоний исмини тилга олмаган ҳолда, “заифлик ва кексалик сабабли” сайловда қатнашишига рухсат берилмаганини маълум қилган.

АҚШ Давлат департаменти Посбонлар кенгашини “Эрон халқига хизмат қиладиганлар ўрнига, режим ўз манфаатларига хизмат қилишига ишонган номзодларни танлаб олаётганликда" айблади.

Посбонлар кенгаши президентлик сайловида қатнашишига рухсат берганлар орасида Эроннинг ядровий дастури бўйича Бош музокарачиси Саид Жалилий ва ташқи масалалар бўйича Али Ҳоманаийнинг маслаҳатчи Али Акбар Вилоятий ҳам бор.

47 ёшдаги Жалилий Эроннинг Олий миллий хавфсизлик кенгаши раҳбаридир. Ундан олдин Жалилий Ташқи ишлар вазирининг Европа ва Америка масалалари бўйича ўринбосари бўлган.

Али Акбар Вилоятий ўн олти йилдан кўпроқ вақт Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.

Эрон президенти лавозимига даъвогарлардан бири, Теҳрон шаҳри ҳокими Муҳаммад Бақир Қалибаф ҳам Олий руҳоний Али Ҳоманаийнинг тарафдори ҳисобланади.

Геосиёсат бўйича докторлик диссертациясини ёқлаган Қалибаф ҳарбий ва полиция кучлари қўмондони бўлган. У 1999 йилда талабалар уюштирган норозилик намойишини куч билан тарқатишда шахсан иштирок этганини тан олган.

Инқилоб Посбонлари собиқ раҳбари Муҳсин Ризоий ҳам Эрон президенти лавозимига даъвогарлик қилмоқда. Ҳозирда Маслаҳат кенгаши котиби бўлган Ризоийни 2009 йилги сайловда консерваторлар президентликка номзод қилиб кўрсатган.

Эрон президенти лавозими учун яна бир номзод Ғулом Али Ҳаддад-Одил 2004-2008 йилларда Эрон парламенти раиси бўлган. Фалсафа ва физика бўйича таълим олган Ҳаддад-Одил узоқ йиллар ҳукумат лавозимлари, жумладан, Маориф вазири ўринбосари ва Эроннинг Форс тили ва адабиёти академиясига раҳбар бўлган.

Эронда 14 июн куни ўтказиладиган Президет сайловида мўътадил қарашдаги бир неча номзоднинг иштирок этишига ҳам рухсат берилди.

Улар орасида Рафсанжонийга яқин бўлган Эроннинг ядровий дастури бўйича собиқ музокарачиси Ҳассан Руҳоний ва Муҳаммад Ғаразий ҳам бор.

Маслаҳат кенгашининг сиёсий, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раҳбари бўлган 64 яшар Ҳассан Руҳоний айни пайтда Олий миллий хавфсизлик кенгаши аъзосидир. Руҳоний агар президент этиб сайланса, фуқаролар ҳуқуқлари ва иқтисодиётни қайта тиклашни ҳамда Ғарб билан муносабатни яхшилашни ваъда қилган.

Муҳаммад Ғаразий Акбар Хошемий Рафсанжоний президент бўлган 1989-1997 йилларда Эроннинг Телекоммуникация вазири бўлиб ишлаган.

Посбонлар кенгаши ислоҳотчиларнинг фақат бир нафар вакили Муҳаммад Риза Орифнинг сайловда қатнашишига рухсат берди.

61 яшар Ориф АҚШнинг Стэндфорд университетида энергетика-коммуникация инженерлиги бўйича таҳсил олган.

Эроннинг собиқ Коммуникация ва ахборот технологиялари вазири Муҳаммад Ориф мухолифат лидери Муҳаммад Ҳотамий президент бўлган даврида Эронда илк бор вице-президент лавозимида ишлаган.
XS
SM
MD
LG