Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:03

Россия ФМСи: “Қўшниларимиз бизни тушунишади, деган умиддамиз!”


Миграция оқимини назоратга олиш учун Россия МДҲ давлатлари билан фуқароларни мамлакатга таклифнома асосида киритиш тартибини жорий этиши мумкин. ФМС раҳбари Константин Ромодановский чоршанба куни қилган чиқишида муҳожирларни миграция соҳасидаги бошқа ўзгаришлар ҳам кутаётганини маълум қилди.



Россия Федерал Миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский МДҲ давлатлари фуқароларини Россияга фақат махсус таклифномалар асосида киритишни таклиф қилмоқда.

Чоршанба куни журналистлар олдида қилган чиқишида ФМС раҳбари бу тадбир Россияга кириб келаётган ноқонуний мигрантлар сони ва улар томонидан содир этилаётган жиноятларни камайишига ҳисса қўшишини гапирди.

- Таклифномалар асосида киритиш варианти Россия Федерациясига муҳожирларнинг асосий қисмини етказиб бераётган мамлакатларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Лекин бу мураккаб масала – уни қўшимча ишлаб чиқиш талаб этилади. Қолаверса, гап визада ҳам эмас, гап бизнинг ички қонунларимизнинг бажарилиши масаласига бориб тақаляпти,- деди ҳозирча виза режимини жорий қилиш биринчи навбатда Россия манфаатларига путур етказишини тан олган Константин Ромодановский.

ФМС бошлиғи мисол тариқасида Москвада содир этилаётган ҳар беш жиноятнинг бири муҳожирлар томонидан содир этилаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, бу жиноятларга қўл уришда Ўзбекистон, Молдавия ва Тожикистон фуқаролари “илғорлик” қилиб келмоқда.

- Ҳориж фуқароларининг Москвада яшаши салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик, жиноятларнинг сони камаймаяпти. Асосан, МДҲ давлатларидан бўлган меҳмонлар ўз қоидалари асосида яшашни давом этмоқда, Россия қонунчилигини бузиб, маҳаллий аҳолининг ғазабини қўзғатмоқда. Бу бизга тўғри келмайди. Биз аллақачон Россия миқёсида 73 мингта ҳориж фуқаросига киришга йўлни ёпдик, деди Ромодановский.

Шунингдек, у яқин кунларда Москванинг темир йўл ва автомобил вокзалларида кириб келаётган мигрантлар устидан назорат кучайтирилиши ва у ерда махсус постлар ташкил этилишини очиқлади.

Журналистларнинг мигрантларга умумий авф эълон қилиш имконияти тўғрисида берилган саволига, Россия Миграция хизмати директори “Кимни авф этамиз, ахир биз Россияда қонунан яшаш учун барча шароитларни яратиб берганмизку, аммо улар миграция режимини бузишни давом этаяпти”, дея жавоб қайтарди.

ФМС раҳбари миграция қонунчилигини бузганлар учун жарима миқдорини ҳам ошириш кераклигини гапириб ўтди. (Ҳозирги кунда бу жарима 2 мингдан 5 минг рублгачадир).

Брифингда иштирок этган ФМС раҳбари муовини Анатолий Кузнецов идора жорий йилнинг иккинчи ярмида “оммавий оператив-профилактика тадбирларини” уюштиришини маълум қилди. Бунинг учун ноқонуний мигрантларга қарши махсус рейдларга Миграция хизмати жамоатчилик ташкилотларини жалб қилишни режалаштирмоқда.

Айни пайтда, Россия Федерал миграция хизмати расмийлари 2015 йил 1 январдан бошлаб Қозоғистон ва Беларусдан ташқари қолган МДҲ давлатлари фуқаролари мамлакатга хориж паспорти билан киритилишини яна бир бор эслатиб қўйди.

“Қўшниларимиз бизни тушунишади, деган умиддамиз”, дея қўшимча қилди Константин Ромодановский.

ФМС тарқатган рақамларга кўра, ҳозирда Россияда 10,8 миллион хориж фуқароси истиқомат қилмоқда. 2013 йил бошидан мигрантларга 317 мингдан зиёд ишга рухсатнома расмийлаштирилган.

ФМС расмийлари Россияда ноқонуний меҳнат қилаётган 2 миллионга яқин хорижлик 5 йиллик Россияга кириш чеклови хавфи остида яшамоқда.

Россияга иш излаб келаётган меҳнат муҳожирлари орасида биринчиликни Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эгаллаб келмоқда: Россия ФМСи мамлакатда 2,3 миллионга яқин ўзбекистонлик ишлаётганини хабар қилса, мустақил манбалар бу кўрсаткич анча юқори эканини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG