Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:13

Андижонлик киракаш ваҳшиёна ўлдирилиб, ёқиб юборилди


Сурхондарёда эгизакларини сотган она судга тортилди. Бухоролик мударрис Гулнора Каримовани “кароматгўй” деб ҳисоблайди. Тошкент педиатрия тиббиёт институти декан пора билан қўлга тушди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Марғилон ҳокими қабулига киришдан Президент билан кўришиш осон”
Журналист Адолат Саидова Фарғона вилояти Марғилон шаҳри ҳокими қабулида кута-кута ҳоким билан учраша олмагач, унинг ўринбосари билан кўришган. Аммо ўринбосар билан суҳбатлашиб чиққан журналистнинг диктофони бино хавфсизлиги масъуллари томонидан олиб қўйилган (“Новый век”, 23 май).

Журналистга кўра, қабулга келган фуқароларнинг биринчи раҳбар билан кўришолмай қуруқ қўл билан қайтаётгани давлат ҳокимиятининг очиқлиги принципига зид, журналистдан иш қуроли саналган диктофоннинг олиб қўйилиши ҳам оммавий ахборот воситалари қонунчилиги бузилишидир. “Беихтиёр муқояса қиламан: Мэдисонда (Висконсин штати)да ҳамкасбларимдан бири иш куни шаҳар ҳокимлигини кўрсатганди – ҳокимлик фақат бирор юмуш билан келганларга эмас, шунчаки экскурсия қилиш, суратга олиш учун келганларга ҳам очиқ эди. Прагада ҳам муайян кунлар Президент саройига ташриф буюриш мумкин. Кўриниб турибдики, мамлакатимиз Президенти билан учрашиш Марғилон шаҳри ҳокими билан кўришишдан осонроқ” деб ёзади журналист А.Саидова.

“Андижонлик ҳайдовчи ёқиб юборилди”

Андижон вилояти Избоскан туманида яшаган, киракашлик ортидан рўзғор тебратган Хуршидбек Холматов ваҳшиёна ўлдирилди (“Ҳуқуқ”, 23 май). Фарғоналик Баҳром Жўраев Тошкентнинг Қўйлик мавзесида йўл кира учун 25 минг сўм ваъда қилиб, Холматовнинг “Нексия”сига ўтиради. Уларга ҳамроҳлик қилган икки йўловчи Фарғона вилояти Бувайда туманида тушиб қолади.

Ҳайдовчи билан ёлғиз қолган Жўраев Данғара туманида Холматовга кутилмаганда ҳужум қилиб, уни бир неча марта пичоқлайди. Сўнг ҳали тирик, аранг нафас олаётган ҳайдовчини машина юкхонасига ортиб, йўлга тушади. Ўзбекистон тумани ҳудудидаги адирликка келиб, бу пайтда жони узилган Холматовнинг устидан бензин қуйиб ёқиб юборади. Фарғона вилояти прокуратураси вакили Аҳроржон Худойбергановнинг ёзишича, суд ҳукми билан ваҳшиёна қотилликка қўл урган ва жасадни таҳқирлаган Баҳром Жўраев 22 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Мударрис: Гулнора Каримова каромат кўрсатди”

Бухоро вилояти Когон туманидаги Биби Орифа мажмуасини қайта таъмирлаган “Меҳр нури” жамоатчилик кенгаши раиси Гулнора Каримова “каромат кўрсатди” дея баҳоланди (“Даракчи”, 23 май). “Аслида бундай табаррук жойларни қайта таъмирлаш истаги фақат Аллоҳ назари тушган инсонларда туғилади.

Ўйлайманки, бу хайрли ишнинг “Меҳр нури” жамоатчилик кенгаши раиси дилига солиниши бежиз эмас. Бунга биз ишлаш жараёнида бир неча бор амин бўлдик... “Меҳр нури” жамоатчилик кенгаши раиси масжид ички деворларига ёзиш учун берган ҳикматлар, рубоийлар сонини кўриб биз усталар “Бу масжиднинг ички деворига сиғмайди, жуда кўп. Қолганини балки ташқи деворга ёзармиз” деган фикрга боргандик. Буни қарангки, берилган ашъорларнинг барчаси худди аввалдан режа қилгандек масжиднинг ички деворларига жо бўлди. Бу ҳам инсонни ҳайратга соладиган бир каромат” деган Мирараб мадрасаси мударриси Абдулғафур Раззоқов.

“Банк мансабдори мижозлар ҳаққини еди”

“Халқ банки”нинг Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани филиали бош ҳисобчиси И.Жантуова мижозларнинг ҳаққига хиёнат қилган (“Ҳуррият”, 22 май). Банк мансабдори хизмат вазифасидан фойдаланиб, қисқа муддатда омонатчилар ҳамда пенсионерларга тегишли 14,5 миллион сўм маблағни ўзлаштирган. Бош ҳисобчи маблағларни мижозларнинг пластик карточкаларига ўтказиб, кейин нақдлаштирган. “Халқ банки” филиали бош ҳисобчиси Жантуовага жиноий иш очилган.

“Сирдарёлик йигит амакисини отиб ўлдирди”

Сирдарё вилоятидаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари ўз жияни томонидан отиб ўлдирилди (“Адолат кўзгуси”, 23 май). Исми очиқланмаган фермер хўжалиги раҳбари жиянига шоли экиш учун 10 гектар ер ажратиб беради. Маълум муддатдан кейин қарзи кўпайиб кетгани сабабли, жиянидан 4 гектар ер учун ижара пули сўрайди. Жиян амакисининг пул талаб қилганини “хотиннинг иши” деб баҳолайди. Танишларидан милтиқ сотиб олиб, амакисини кимсасиз далада отиб ташлайди. Сирдарё вилояти прокуратураси бўлиш бошлиғи Тоҳир Ражабовга кўра, судланувчига ноқонуний қурол сотган икки фуқаро беш йилга озодликдан маҳрум этилган, қотилнинг ўзи узоқ муддатга қамалган.

“Декан пора билан қўлга тушди”

Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг магистратура бўлими декани А.А. мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, сурункали равишда пора олишда айбланмоқда (“Истеъмолчи”, 23 май). Магистратура бўлими декани бакалавр дипломига эга мутахассисни ординатурага қабул қилиш эвазига 3000 доллар пора олаётганда қўлга туширилган. Таълим расмийси ўқишга қабул қилиш, шартномадан грант ўтказиб бериш ваъдаси билан аввал ҳам абитуриент ва талабалардан 1500 доллардан 3000 долларгача пора олиб келгани аниқланган.

“Шерободлик ёш оила эгизак чақалоғини сотди”

Cурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи ота-она эгизак фарзанд – қиз ва ўғилни бир ярим миллион сўмдан сотди. “Ҳуқуқ” газетаси ёзишича, ёш оила расман никоҳдан ўтмай, қишлоқ мулласи ўқиган шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Моддий танглик туфайли эр-хотин эгизакларини сотиб, рўзғорни бутлаб олишга қарор қилади. Бу ишда уларга Сурхондарё вилояти туғруқхонаси бўлим бошлиғи ёрдам беради. Болалари нобуд бўлган икки аёл эгизакларни сотиб олади. Очиқланган тафсилотларга кўра, болаларни сотган ва уларни сотиб олган аёлларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаган ҳолда, 2 йилдан синов муддати белгиланган. Бўлим бошлиғи эса маълум муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“uMail.uz” миллий почта хизмати йўлга қўйилди”

Интернетда “uMail.uz” миллий почта тизими хизмати ишга тушди (“Халқ сўзи”, 23 май). Мазкур тизим фойдаланувчиларга турли спам ва вируслардан ҳимояланган қулай интерфейсли электрон почта хизматини таклиф этмоқда. Битта электрон хатнинг максимал ҳажми 10 Мб, почта қутисининг максимал ҳажми эса 200 Мбни ташкил этади. “Бета-тест” тизимида ўзбек ва рус тилларида ишлаётган веб-почта орқали бир ҳафтада 2000 фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Эслатилишича, очилган электрон почта қутисидан бир йил давомида фойдаланилмаса, тармоқдан ўчириб ташланади. “uMail.uz” миллий почта тизими UZINFOCOM маркази томонидан ишланган.
XS
SM
MD
LG