Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2024, Тошкент вақти: 18:40

Халқаро хабарлар

Россия Грузия билан Жанубий Осетия ўртасини тўсмоқда

Суратда: Грузия ташқи ишлар вазири Майя Панжикидзе.
Суратда: Грузия ташқи ишлар вазири Майя Панжикидзе.
Грузия ташқи ишлар вазири ўзини Грузиядан мустақил, деб эълон қилган Жанубий Осетия чегарасига Россия ҳарбийлари томонидан тиканли сим тортилаётганидан ташвиш билдирди.

Хабарларга қараганда, тиканли сим Грузия ҳудудига бир неча юз метр ичкарироқда тортилмоқда.

Чегарага яқин Дитси қишлоғи аҳолиси чегарага тўсиқ қўйилаётгани боис шу пайтгача фойдаланиб келган ерлардан фойдалана олмай қолганидан шикоят қилмоқда.

Грузия ташқи ишлар вазири Майя Панжикидзе душанба кунги қилган чиқиши чоғида Тбилиси мазкур масала юзасидан Москвага норозилик нотаси юборажагини билдирди.

Кун янгиликлари

ЕИ мамлакатлари элчилари Россияга қарши 14-санкция пакетини мувофиқлаштиришди

Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари Россиянинг Украинага босқини туфайли Москвага қарши 14-санкция пакетини мувофиқлаштиришган. Бу ҳақда “Озод Европа/Озодлик радиоси” медиакорпорациясининг Брюсселдаги мухбири Рикард Йозвяк хабар қилди. Чекловлар Россиянинг суюлтирилган табиий гази ва нефть транспортировкасига қарши киритилиши кутилмоқда.

Айни пайтда ЕИда раислик қилувчи Бельгия ваколатхонаси хабарномасида мазкур санкция пакетида “мақсадли янги чоралар” кўзда тутилган бўлиб, у “мавжуд тирқишларни ёпиб, амалдаги санкциялар таъсирини максимал даражада кучайтиради”, дейилган.

EUobserver нашрининг ҳужжат лойиҳасига таянган ҳолда ёзишича, санкцияларнинг янги пакетида Россия суюлтирилган газни тушириб-ортиш ва гелий экспортига тақиқ, қўш мақсадли технологиялардан фойдаланишга ҳамда Украинада ўғирланган санъат асарлари савдосига чеклов киритиш назарда тутилган.

Санкция пакетининг қабул қилиниши Германия позицияси туфайли кeчикаётган эди, бироқ, Йозвякнинг маълум қилишича, 19 июнь куни бу масалада муросага эришилган.

Санкция рўйхатига “Русская медная компания” асосчиси Игорь Алтушкин, “Луганск халқ республикаси элчиси” Родион Мирошник, қўшиқчи Полина Гагарина, президент Путин маъмуриятининг собиқ ходими, “Интернетни ривожлантириш институти” аноним нотижорат ташкилоти бош директори Алексей Гореславский, “Балтика” ширкати собиқ президенти Таймураз Боллоев ва бошқалар киритилиши мумкин. Шунингдек, Россиядаги бир неча корхона юридик шахслар санкция рўйхатига киритилиши кутиляпти.

Санкцияларнинг янги пакети, тахминларга кўра, 27-28 июнь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ саммити чоғида ёки мазкур анжуман арафасида қабул қилинади.

Тожикистонда ҳижоб тақиқига оид қонун лойиҳаси қабул қилинди

Тожикистон парламенти юқори палатасининг мажлиси, 2024 йил 19 июни
Тожикистон парламенти юқори палатасининг мажлиси, 2024 йил 19 июни

Тожикистон парламентининг юқори палатаси (Мажлиси Миллий) 19 июнь куни “миллий маданиятга ёт бўлган кийим-бош”ни ҳамда ҳайит кунлари болаларнинг “идгардак” айтишини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, лойиҳанинг юқори палатадаги муҳокамасига мустақил журналистлар киритилмаган, шунинг учун ҳам қабул қилинган тузатишларга оид тафсилотлар маълум эмас.

Мажлиси Миллий матбуот котиби Навруз Қурбонзода 19 июнь куни Озодликнинг тожик хизматига “Барча қонунлар белгиланган тартибга мувофиқ равишда қабул қилинган”ини билдирган.

“Анъана ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисидаги” қонун лойиҳаси мамлакат парламентининг қуйи палатаси (Мажлиси Намояндагон) томонидан шу йил 8 майида қабул қилинган эди. Ўшанда мамлакат хорижида яшайдиган айрим тожикистонликлар ва руҳонийлар “идгардак” ва “ёт” кийим-бошга оид тузатишларни танқид қилишиб, уни қайта кўриб чиқишга чақиришган.

Қонунчиликка “миллий маданиятга ёт бўлган” кийим-бошни тақиқлаш бўйича тузатишлар парламентга Тожикистон президентининг жорий йил март ойидаги руҳонийлар билан учрашувидан кейин киритилганди.

Кийинишда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни сатр ва ҳижоб деб номланган ёт кийим-бошни кийиб юриш жамиятимиз учун яна бир долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади”, деган Эмомали Раҳмон миллий либослардан бегоналашиш миллатнинг миллий ва маданий ўзлигига путур етказишини урғулаган эди.

Бунинг ортидан Мусулмон уламолари иттифоқи Тожикистонда ҳижобни тақиқлашга оид қонун лойиҳасини қоралаб чиққан, Афғонистондаги экстремистик кайфиятда бўлган айрим руҳонийлар эса ҳатто “жиҳод” эълон қилган.

Қонун лойиҳасининг қуйи палатада қабул қилиниши ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Бу борада мамлакат ичида айрим диний арбоблар, мулозимлар, ОТМ ўқитувчилари ва блогерлар ҳам ўз мулоҳазаларини билдирганлар.

Мазкур қонун лойиҳаси президент томонидан имзоланиб, расмий матбуотда эълон қилинганидан кейин кучга киради.

Россия ва КХДР стратегик ҳамкорлик битимини имзолади

Россия президенти Владимир Путин билан Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида Пхеньянда ўтказилган музокаралар якунига кўра икки мамлакат ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланган. Озодликнинг рус хизмати хабарига кўра, ҳужжатда жумладан ҳарбий соҳада ҳамкорлик имконияти ва аъзо мамлакатлардан бирига қарши уруш эълон қилинган пайтдаги ўзаро мажбуриятлар акс этган.

Путин КХДР пойтахтига икки кунлик ташриф билан 18 июнь оқшомида учиб борган - уни аэропортда шахсан Ким Чен Ин кутиб олган. Бу Путиннинг Шимолий Кореяга амалга оширган иккинчи сафари бўлиб ҳисобланади - биринчиси 2000 йилда амалга оширилган эди.

Аэропортда Владимир Путин билан Ким Чен Ин қизил гилам устида бир неча бор қучоқлашишган, кейин эса “аввал сиз ўтинг; йўқ, ўзларидан бўлсин” қабилидаги мулозамат билан бир-бирини лимузинга таклиф қилишган.

Путин билан музокаралар чоғида Ким КХДР ҳукумати “Россия ҳукумати, армияси ва халқига махсус ҳарбий амалиётни бажариш (яъни Украинадаги уруш - таҳр.) чоғида тўлиқ қўллов ва бирдамлик изҳор қилиши”ни билдирган. Ким фикрича, амалиёт “суверенитет ҳимояси учун, хавфсизлик ва ҳудудий яхлитлик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда” ўтказилмоқда. Ким “дунёда стратегик мувозанатни сақлаш”да Россиянинг ролини ҳам қайд этган.

Путин эса ўз чиқишида Россия ва КХДРнинг тарихий алоқаларига, шу жумладан совет учувчиларининг 1950-53 йиллардаги Корея урушида иштирок этганига тўхталган. У Қўшма Штатларни танқид қилиб, Россияни Украина урушида дастаклагани учун Пхеньянни яна бир бор мақтаб ўтган. Бу ҳақда Путин ўз ташрифидан аввал Шимолий Корея газетасида чоп этилган мақоласида айтган эди.

Шимолий Корея Украинадаги уруш бўйича нейтрал позицияда эмас, балки Россияни қўллашини тўғридан-тўғри билдирган дунёдаги кам сонли мамлакатлардан биридир. КХДР Россия армиясига артиллерия снарядлар ва муҳтамалан ракета тизимлари етказиб бермоқда. Бунга жавобан Москва Пхеньянга муҳтамалан БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциялари билан тақиқланган ракета дастурида кўмаклашяпти. АҚШ ва Ғарб мамлакатлари Москва билан Пхеньян ўртасидаги ҳамкорлик юзасидан тобора кўпроқ ташвиш билдирмоқда.

Маккада жазирама туфайли вафот этганлар сони 900 дан ошди

Арафот тоғида турган зиёратчилар (архив сурати)
Арафот тоғида турган зиёратчилар (архив сурати)

Саудиянинг Маккаи Мукаррама шаҳрида Ҳаж ибодатини адо этиш чоғида вафот этган зиёратчилар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 922 нафарга етди. Бу ҳақда France-Presse агентлиги (AFP) хабар қилди.

Ўлим сони ортганига соя жойларда ҳаво ҳароратининг +50 даражадан ошиб кетгани сабаб бўлган.

Ҳаж фарзларидан бўлган Арафот тоғида туриш ва Каъбатуллоҳ тавофи каби қатор амаллар зиёратчилар томонидан очиқ осмон остида бошяланг ҳолда (эркаклар) адо этилгани учун ёши улуғ кишилар ва соғлиғи унча яхши бўлмаганлар жазирама синовига дош беролмаяпти. Натижада офтоб урган минглаб одам касалхонага олиб кетилган.

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиёратчиларга қуёшдан сақланиш, кўп сув ичиш ва ҳарорат энг юқори бўлган пайтларда имкон қадар ёпиқ жойларда қолишни тавсия қилган.

Араб дипломати AFP агентлигига биргина мисрлик зиёратчилар орасида вафот этганлар сони камида 600 нафарга етганини маълум қилган. Жазирама қурбонларига айланганлар орасида Тунис, Урдун, Эрон, Сенегал, Индонезия ва бошқа мамлакатлар фуқаролари борлиги айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, бу йилги мавсумда Маккага бутун дунёдан 1 миллион 800 мингдан зиёд зиёратчи борган. Ўтган йили июнь ойи охирларига тўғри келган Ҳаж зиёрати чоғида жазирама ва ташналик туфайли камида 240 та ўлим ҳолати қайд этилган эди.

Минтақадаги тадқиқотлар ҳатто Саудия учун аномал бўлган иссиқ ҳарорат глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқлигини кўрсатмоқда. Таҳлилчиларга кўра, Макка тарафларда ўртача ҳарорат ҳар ўн йилда мунтазам равишда 0,4 даражага ошиб бормоқда.

Жўғўрқу Кенеш “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси бўйича шартномани ратификация қилди

“Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли харитаси
“Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли харитаси

Қирғизистон парламенти депутатлари бирваракайига уч ўқишда Ўзбекистон, Хитой ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасидаги “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини биргаликда илгарилатиш бўйича ҳамкорликка оид шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллашган. Мазкур қарор депутатлар томонидан 19 июнь куни қабул қилинган.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, шартномага оид маълумотни Қирғизистон транспорт ва алоқа вазирининг ўринбосари Ирисбек Бариев тақдим этган. У қонун лойиҳасининг қабул қилиниши темир йўл қурилиши лойиҳаси бўйича амалий ишга ўтишга имкон беришини айтган. Шунингдек, вазир муовинига кўра, лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Шартноманинг ўзи уч мамлакат вакиллари томонидан 6 июнь куни Пекинда имзоланган. Кейин Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси лойиҳани ратификация қилиш учун Жўғўрқу Кенешга киритиб, ҳужжатни бирваракайига уч ўқишда навбатдан ташқари кўриб чиқишни сўраганю

Ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун Қўшма лойиҳавий компания (ҚЛК) тузишади. ҚПК фаолиятини таъминлаш учун устав капиталидаги улушлар уч мамлакат ўртасида тақсимланади: улушнинг 51 фоизи Хитойга, 24,5 фоиздан эса Қирғизистон билан Ўзбекистонга тегади.

Шартномада темир йўл йўналиши “Қашғар - Тўруғарт - Мақмал - Жалолобод - Андижон” шаклида кўрсатилган.

Аввалроқ лойиҳа 4,7 миллаирд долларга баҳоланаётгани, ундан 2 миллиард 350 миллион долларини кредит сифатида ҚЛК олиши маълум бўлган. Қолган сумма эса уч мамлакатнинг ҳар бир томонидан киритилади.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаровга кўра, темир йўл қурилишини 2024 йил августиданоқ бошлаш режаланган.

Алсу Курмашева тергов ҳибсхонасида қоладиган бўлди

Алсу Курмашева суд залида, 2024 йил 31 майи (REUTERS/Alexey Nasyrov фотоси)
Алсу Курмашева суд залида, 2024 йил 31 майи (REUTERS/Alexey Nasyrov фотоси)

Татаристон Олий суди 18 июнь куни Озодликнинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевани ҳибсхонада қолдириш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” газетаси журналистнинг адвокатидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Адвокат Алсу Курмашева ўзига нисбатан эҳтиёт чораси “ҳеч бўлмаганда уй қамоғи”га алмаштирилишини истаётганини айтган. Озодликнинг Idel.Реалии лойиҳаси қайдича, журналист аёл устидан суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилган.

Пировардида Татаристон Олий суди судьяси Ризван Юсупов Қозон шаҳридаги Совет туман судининг май ойи охирида чиқарилган Алсу Курмашева ҳибс муддатини 5 августгача узайтиришга оид қарорини қонуний, деб топган.

Алсу Курмашева етти ойдан буён — ўтган йилнинг 18 октябридан бери ҳибсхонада тутиб турилибди. Унга қарши иккита — “хорижий агентлар” реестрига киритиш учун ўзи ҳақида маълумотлар топширмаганлик ҳамда армия тўғрисида “фейк” тарқатганлик айбловлари билан жиноят иши очилган. Журналист аёл мазкур айбловларни рад этиб келмоқда.

Аввалги суд мажлисида Алсу Курмашева ўзини тобора ёмонроқ ҳис қилаётганини айтган эди. Журналист аёл амалиётга эҳтиёжи борлигини урғулаган. Курмашева фарзандларнинг овозини сўнгги бор 2023 йил октябрида эшитганини қайд этган. Унга яқинларига қўнғироқ қилишга рухсат берилмаган.

Журналист аёлнинг оиласи Прагада истиқомат қилади. Россия фуқаролигидан ташқари АҚШ фуқаролигига эга бўлган Алсу Курмашева охирги йилларда шу шаҳарда яшаб, ишлаётган эди. У Россияга ўтган йилнинг май ойида касал онасидан хабар олиш учун учиб борганди. Даставвал унинг мамлакатдан чиқиб кетишига тўсқинлик қилинган, октябрь ойида эса у қўлга олинган.

Озод Европа/Озодлик радиоси корпорацияси президенти Стивен Капус Алсу Курмашеванинг ҳибс муддати узайтирилгани юзасидан изоҳ бера туриб, Курмашевага нисбатан “кераксиз ва аёвсиз бу таъқиб чоғидаги адолатсизликлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Алсунинг АҚШ фуқароси ўлароқ асосий ҳуқуқлари уни қамоққа ташлаган ва 227 кундан буён тутиб турган Россия расмийлари томонидан бузилди. Бу вақт мобайнида Алсуга ҳатто севган эри ва болаларига қўнғироқ қилишга бир марта бўлса ҳам имкон беришмаган, уни АҚШ консуллик ёрдамидан ва элементар зарурий тиббий ёрдамдан маҳрум қилишган. Алсу шу тобда асоссиз айбловлар билан Россия қамоқхонасида панжара ортида эмас, балки Прагадаги уйида қизларига мактаб имтиҳонларига тайёрланишда ёрдам бераётган бўлиши керак эди”, дея билдирган.

Апрель ойи охирларида АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путинни Алсу Курмашева ҳамда Россиядаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган The Wall Street Journal нашри журналисти Эван Гершковични озод қилишга чақирган. “Журналистиканинг жиноят эмаслиги мутлақо аниқ”, дея таъкидлаган Байден.

Шу йилнинг 25 апрелида Европарламент депутатлари Курмашева ва Гершкович дохил Россияда тутиб турилган сиёсий маҳбусларнинг барчасини “зудлик билан ва шартсиз озод қилиш”га чақирувчи резолюцияни маъқуллаган эди.

Алсунинг қўлга олиниши аввалроқ Канада, Чехия, Франция, Польша ва Швеция

ҳукуматлари, шунингдек, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили, Европа парламенти президенти, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари қоралаб чиқишган. Европа кенгашининг журналистика ҳимояси ва журналистлар хавфсизлигига кўмаклашиш платформаси Алсуни озод қилиш бўйича ўз чақириғини ёйинлаган.

Шу билан бирга, Amnesty International, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House, ПЕН-Америка, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро журналистлар федерацияси, Халқаро матбуот институти каби халқаро ташкилотлар ҳам Алсунинг қўлга олинишини қоралаб, уни зудлик билан озод қилишга чақиришган.

Байден депортацияга тушган юз минглаб эр-хотинни афв қилди

Жо Байденнинг сайловчилар билан учрашувидан лавҳа
Жо Байденнинг сайловчилар билан учрашувидан лавҳа

АҚШ президенти Жо Байден америкалик фуқароларнинг мамлакатда ноқонуний равишда юрган ва расман депортация қилиниши лозим бўлган юз минглаб эр ёки хотинларига нисбатан амнистия эълон қилди. Бу ҳақда Ғарб матбуоти хабар қилмоқда.

“Ноқонуний миграция Қўшма Штатларда президент фаолиятини сезиларли даражада қийинлаштираётган сайловолди кампаниясининг энг муҳим масалаларидан бирига айланди”, дея қайд этган Би-би-си.

Май ойи охирида Жо Байден АҚШ-Мексика чегараси орқали мигрантлар оқимини чеклашга қаратилган фармон имзолаган эди. Унга кўра, АҚШ чегарасидан ноқонуний ўтганлар Қўшма Штатларга бошпана сўраб мурожаат қилолмайди. Бу чора чегарада одам ўта кўпайиб кетганда амалда бўлади. Бундай вазиятда иммиграция хизмати ходимлари мигрантларнинг бошпанага оид аризасини қабул қилмай, уларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга бўлишган.

Оқ уй АҚШ фуқароларининг мамлакатда камида 10 йилдан буён юрган эр ёки хотинлари турмушини енгиллатишга қарор қилган. Уларга вақтинча ишлаш учун рухсатнома берилади. Президент маъмурияти ҳисоб-китобига кўра, янги тартибдан ярим миллиондан зиёд фойдаланиши мумкин.

Исроиллик ҳарбийлар Ливанга ҳужум режасини тасдиқлашди

Кирят-Шмона шаҳри яқинида Исроил қўшинлари билан "Ҳизбуллоҳ" жангарилари ўртасидаги тўқнашувдан лавҳа
Кирят-Шмона шаҳри яқинида Исроил қўшинлари билан "Ҳизбуллоҳ" жангарилари ўртасидаги тўқнашувдан лавҳа

Исроил армияси Шимолий ҳарбий округи қўмондони генерал Ори Гордин ва Бош штаб Тезкор бошқармаси бошлиғи Одед Басюк 18 июнь куни Исроил армиясининг Ливан ҳудудига ҳужуми режасини тасдиқлашган. Бу ҳақда Times of Israel нашри хабар қилди.

Қўмондонлик қўшинларни тезкор равишда жанговар шайлик ҳолатига келтириш ҳақида ҳам қарор қабул қилган.

Бу маълумот Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи ва унинг иттифоқчилари бўлган фаластинлик қуролли отрядларнинг Исроил шимолига ҳужумлари кўпайган пайтда пайдо бўлди.

Аввалроқ Исроил ўтган йилнинг 7 октябрида содир бўлган аёвсиз ҳужумлар манзарасида бундан буён ўз чегаралари яқинида “Ҳизбуллоҳ”нинг юришига тоқат қилолмаслигидан огоҳлантирган.

Исроил расмийлари қуролли можарони тўхтатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар муваффақиятсиз якунланган тақдирда, Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ”ни шимолий йўналишдан сиқиб чиқариш учун ҳарбий амалиёт бошлашини билдирган.

Россия: Полицияга мигрантларни бадарға қилиш ҳуқуқи берилади

Москвадаги мева-сабзавот омборида мигрантларга қарши уюштирилган "облава"дан лавҳа (архив сурати)
Москвадаги мева-сабзавот омборида мигрантларга қарши уюштирилган "облава"дан лавҳа (архив сурати)

Россия Давлат думаси биринчи ўқишда полицияга хорижлик фуқароларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳозирда маъмурий бадарға қилишга оид қарорни фақат суд ёки чегара хизматигина қабул қилиши мумкин. Чегара хизмати ҳам хорижлик шахс Россияга кириш чоғида ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирдагина уни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга, холос.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси бадарға қилиш қарори чиққан хорижликлар ёки Россияда юриш рухсатномаси бекор қилинган, аммо ҳали мамлакат ҳудудида бўлган чет элликлар учун мамлакат чиқариб юбориш тартибини киритишни таклиф қилмоқда. Мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарилганидан бошлаб Россиядан чиқиб кетгунларича уларга кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олиш тақиқланади. Улар машина ҳайдолмайдилар, банкдан кредит ололмайдилар, РФ ҳудуди бўйлаб бемалол ҳаракатланолмайдилар, никоҳ қуролмайдилар, банкларда янги ҳисобрақамлар очолмайдилар ва мавжуд ҳисобрақамларидаги пуллардан ойига 30 минг рублдан ортиқ маблағ сарфлай олмайдилар.

Бундай мигрантларга нисбатан махсус назорат жорий этилади, улар махсус реестрга киритилиб, ўзларининг қаерда экани ҳақида мунтазам равишда полицияни хабардор қилиб туришга, жумладан ҳуқуқ-тартибот идораларига геолокациясини белгилаган ҳолда фотосурат йўллашга мажбур бўлади.

“Крокус Сити Холл”даги терактдан сўнг (бу ҳужумда терговчилар Марказий Осиёдан бўлган бир неча муҳожирни айбламоқда) россиялик расмийлар миграцион тартиб-қоидаларни кескин кучайтириб юборишган. Зарур ҳужжатларга эга бўлмаган хорижликлар оммавий равишда Россиядан депортация қилинган, келаётганлар эса мамлакатга киритилмаган. Ўнлаб минтақа расмийлари мигрантларнинг йўловчи ташиш, такси ва бошқа соҳаларда ишлаш ҳуқуқини чеклаб қўйган.

Ўша пайтда Марказий Осиёдаги бир неча мамлакат расмий идоралари ўз фуқароларига Россияга заруратсиз сафар қилишдан тийилишни тавсия қилишган эди.

Киевда қозоқ мухолифатчисига суиқасд уюштирилди

Айдос Садиқов
Айдос Садиқов

Украина пойтахтида 18 июнь куни эрталаб қозоғистонлик мухолифатчи, “Бәсе” ахборот канали раҳбари Айдос Садиқовга суиқасд уюштирилган. Бу ҳақда унинг рафиқаси, журналист Наталья Садиқова Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

“Бугун Киевда Айдос Садиқовга ўз уйи олдида суиқасд содир этилди”, деб ёзди мухолифатчининг рафиқаси.

“Суспільне” хабарига кўра, номаълум шахс Садиқов машинада ўтирган пайтда уни ўққа тутган. Мухолифатчи касалхонага олиб кетилган, автомобилда унинг ёнида ўтирган хотини эса жабрланмаган. Полиция ҳужумчини қидиришга киришган.

Украина Миллий полицияси Садиқовнинг машинаси фотосуратини ёйинлаган, кадрда машинанинг ҳайдовчи томонидаги эшиги ойнаси отилган ўқдан парчаланиб кетганини кўриш мумкин.

Айдос Садиқов Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Хусусан, у Тоқаевни россияпарастликда айблаб келади.

Эр-хотин Садиқовлар Қозоғистонда Наталья Садиқовага нисбатан жиноят иши очилганидан кейин 2014 йилда Ақтўбедан Киевга кўчиб ўтишган.

Айдос Садиқов ҳам ватанида, ўз иддаосига кўра, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиб келинган. Улар Украинада қочқин мақомини олишган.

“Бәсе” youtube-каналини юритиб келган Айдос ва Наталья Садиқовалар ўтган йилнинг кузида низо қўзғатганлик айблови билан Қозоғистон расмийлари томонидан қидирувга берилган эдилар.

Туркия Россияга терактнинг олдини олишда кўмаклашган - ОАВ

Туркия махсус хизматлари “Крокус Сити Холл”даги ҳужумдан кейин ҳозирланаётган иккинчи теракт ҳақида Россияни огоҳлантирган. Бу ҳақда Туркиянинг Hurriyet нашри хабар қилди.

Нашр қайдича, террорчилар одам тўла бўлган савдо марказига ҳужум қилишни режалаштириб юришган. Hurriyet хабарига кўра, бу маълумот “Ислом давлати” террор гуруҳининг Афғонистондаги бўлинмаси бўлган “Вилояти Хуросон”нинг аввалроқ Туркияда қўлга олинган беш нафар аъзосидан олинган. Мазкур гуруҳ шу йил 22 мартида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир этилган теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Газетанинг ёзишича, “Вилояти Хуросон” фаолиятини узоқ вақтдан бери кузатиб юрган Туркия махсус хизматлари жорий йил январида Истанбулдаги Санта-Мария черковига ҳужумдан сўнг қатор шахсларни сўроқ қилишган ва Россия томони билан алоқа ўрнатишган. Hurriyet бунга оид бошқа тафсилотларни келтирган эмас.

Аввалроқ “Крокус Сити Холл”га ҳужум иши бўйича қўлга олинган икки тожикистонлик Туркияга сафар қилгани ҳақида хабар қилинган эди. Россиядаги теракт ортидан турк расмийлари ИДнинг муҳтамал тарафдорларига қарши бир неча амалиёт ўтказишган, бунинг натижасида 200 чоғли одам қўлга олинган.

Жорий йилнинг 22 март куни автоматлар билан қуролланган бир неча киши “Пикник” рок гуруҳи концерти бўлиб ўтиши керак бўлган “Крокус” концерт залига бостириб кириб, йиғилган томошабинларни ўққа тутган эди. Кейинроқ ҳужумчилар залга ўт қўйишган, аланга қамрови кенгайгани ортидан бино томи қулаб тушган. Ҳодиса чоғида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши ҳалок бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни террор гуруҳи ўлароқ тан олинган “Ислом давлати” ўз зиммасига олган. Теракт айнан шу гуруҳ вакиллари томонидан ташкил этилганига АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар ҳам амин. Россия томони теракт ижрочилари ортидан Украина турган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. Киев барча айбловларни қатъиян рад этиб келади.

“Крокус”га ҳужумдан олдинроқ АҚШ дохил Ғарбдаги бир неча мамлакат махсус хизматлари россиялик расмийларни мамлакат ҳудудида терактлар содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган. Ўша пайтда Владимир Путин бу маълумотни “шантаж” деб атаб, бу билан Россия жамиятини “беқарорлаштириш ва қўрқитиб қўйиш” исталаётганини иддао қилган эди.

Қирғизистондаги сел оқибатида 10 яшар бола нобуд бўлди

Жалолобод вилоятидаги сел тошқини оқибатлари, 2024 йил 17 июни
Жалолобод вилоятидаги сел тошқини оқибатлари, 2024 йил 17 июни

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Новкен тумани Эски Қўчқорота қишлоғида 17 июндаги сел тошқини оқибатида 10 яшар ўғил бола қурбон бўлган. Бу маълумотни Озодликнинг қирғиз хизматига маҳаллий расмийлар тасдиқлашган.

Жалолобод вилоятининг Новкен тумани Ўзбекистоннинг Андижон ва Наманган вилоятлари билан чегарадош.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, боланинг жасади маҳаллий турғунлар томонидан соат 19:10 да топилиб, қариндошларига топширилган. Вазирлик сув тошқини Новкен туманининг Бўстон қишлоғида ҳам содир бўлганини маълум қилган. Бу қишлоқда 2143 та уй хўжалиги борлиги айтилмоқда.

ФВВнинг қўшимча қилишича, ҳар икки қишлоқда хавф остида бўлган уйларда яшаган 300 нафар турғун вақтинча хавфсиз жойларга эвакуация қилинган.

Қишлоқлар таҳдид солган сув тошқини натижасида Бишкек - Ўш трассасининг 518-километри ҳам ёпилиб қолган, бироқ маҳаллий вақт билан соат 21:10 га бориб йўл тозаланган ва бир томонлама ҳаракат учун очилган. Тошқин оқибатларини бартараф қилиш ишларига ФВВ маҳаллий маъмурият, ИИВ, Фуқароларни ҳимоя қилиш хизматлари ходимлари ҳамда махсус техникани жалб қилган.

Reuters Institute: Дунё бўйлаб янгиликка қизиқиш камайди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Дунё бўйлаб тобора кўпроқ одам "зерикарли" ёки “депрессияга туширувчи” дея янгилик ўқишдан бош тортяпти. Бу ҳақда Рейтер Журналистикани ўрганиш институти (Reuters Institute for the Study of Journalism) томонидан ўтказилган глобал тадқиқотда айтилган.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида ўтказилган сўровда дунёдаги 47 та мамлакатдан қарийб 95 минг киши қатнашган. Тадқиқот чоғида ҳар 10 респондентдан тўрт нафари (39 фоиз) янгилик ўқишдан онгли равишда бош тортаётгани аниқланган. “2017 йилда бу кўрсаткич анча паст — 29 фоиз эди”, дея қайд этган Би-би-си.

Ҳисобот муаллифлари фикрича, одамларнинг янгиликлар кун тартибидан “узилиб олиш” истаги Украина ва Яқин Шарқдаги урушлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳисоботда янгиликдан қочишга уриниш ҳозирда рекорд даражада юқори экани айтилган.

Янгиликларни диққат билан кузатиб боришини айтган респондентлар улуши дунё бўйлаб 46 фоизга қисқарган. Бу 2017 йилдаги (63%) кўрсаткичдан 17 фоизга пастдир.

Британияда 2015 йилдан бошлаб янгиликларга қизиқиш қарийб икки баробарга пасайган.

Тадқиқот муаллифлари қайдича, видео шаклидаги хабарлар интернетда, айниқса ёшлар орасида тобора муҳимроқ янгилик манбаи бўлиб бормоқда. Ҳисоботга мувофиқ, қисқа хабар тарзидаги видеороликлар тобора оммабоп бўлиб боряпти.

Столтенберг: Россияни дастаклаган Хитой жазосиз қолмаслиги керак

Йенс Столтенберг
Йенс Столтенберг

Ғарблик иттифоқчилар Россиянинг Украинага босқинида унга сезиларли даражада технологик ёрдам кўрсатаётган Пекин хатти-ҳаракатларини оқибатсиз қолдирмасликлари лозим. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 17 июнь куни Вашингтондаги Вильсон марказида қилган чиқишида билдирди.

Столтенбергга кўра, сўнгги икки йил ичида Россия томонидан фойдаланилаётган микроэлектрониканинг 90 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилган. У турли қурол-аслаҳаларни ишлаб чиқаришда қўлланилмоқда. НАТО бош котиби Хитой сунъий йўлдош технологияларини ривожлантиришда ҳам Россия билан ҳамкорлик қилаётганини қайд этди.

Хитой Европада Иккинчи жаҳон урушидан буён энг йирик бўлган ҳарбий можарони шиширяпти, айни пайтда у Европа билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилмоқда… Пекин унга ҳам, бунга ҳам эга бўлолмайди. Агар Хитой ўз йўналишини ўзгартирмаса, пайти келганда иттифоқчилар уни товон тўлашга мажбур қилиши лозим”, дея урғулаган Йенс Столтенберг.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби ҳам 17 июнь куни Пекинни танқид қилиб чиққан. Брифинг чоғида у Хитой микроэлектроникаси “Россиянинг емирилиб бораётган ҳарбий-саноат базасини дастаклашга кўмаклашди”, дея билдирган. Кирбига кўра, АҚШ бу масалани хитойлик вакиллар билан мунозара чоғида кўтарган.

Йенс Столтенберг июль ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТОга аъзо мамлакатлар саммитига ҳозирлик доирасида АҚШ пойтахтида бўлиб турибди. Мазкур учрашувнинг асосий мавзуси Россиянинг Украинага босқини бўлиши кутилмоқда. Гарчи Украина НАТОга кириш учун таклиф олмаса-да, Столтенбергнинг айтишича, саммитда Украинанинг бу ташкилотга келажакда аъзо бўлишига “кўприк қурилади”.

Чехияда украиналиклар машқ қилган полигонда портлаш содир бўлди

Чехия шарқида жойлашган Либава ҳарбий полигонида портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш натижасида 9 киши яраланган. Икки киши санитария вертолёти билан касалхонага эвакуация қилинган. Воқеа жойига “тез ёрдам” машиналари етиб борган.

Чехия армиясининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида полигонда номаълум снаряд портлагани айтилган. Портлаш содир бўлган жойда ҳарбий полиция иш олиб бормоқда.

Либава ҳарбий полигони Прага шаҳридан тақрибан 250 километр олисликдаги Оломоуц шаҳри яқинида жойлашган. 1949 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган бу полигон майдони қарийб 235,5 квадрат километр келади, дея хабар қилди iDnes. Жабрланганларнинг ҳаммаси ҳарбий бўлиши мумкин: полигон ҳудудига фуқаровий шахсларнинг кириши чекланган.

“Чех радиоси”нинг хабар қилишича, полигонда украиналик ҳарбийлар ўқ отишни машқ қилиб, тиббий ва тактик тайёргарликдан ўтаётган эди. Мазкур машқлар портлаш содир бўлган пайтда ҳам ўтаётган эдими, уларда ким иштирок этаётганди — булар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG