Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:51

Жиззахдаги автоҳалокатда тўрт киши ҳалок бўлди


30 май куни соат 17 лар атрофида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани Бахмалсой қишлоғида содир бўлган автоҳалокат оқибатида тўрт киши нобуд бўлди, яна уч киши оғир аҳволда шифохонада ётибди.

Аварияга гувоҳ бўлган манбанинг Озодликка хабар қилишича, пайшанба куни Самарқанд-Жиззах трассасида Амир Темур дарвозасига яқин жойда ВАЗ-2106 автомашинаси билан автобус тўқнашиб кетган.

Манбага кўра, тўқнашув натижасида газ билан юрадиган Жигули портлаб, аланга автобусга ҳам улашган, пировардида бир неча йўловчи нобуд бўлган.

Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, Бахмалсой қишлоғи ҳудудидаги ушбу автоҳалокатда 4 киши ҳалок бўлган.

Милиция ходими маълумотига кўра, Жигули эгаси ғаллаороллик бўлган, автобус эса Бухоронинг Ғиждувон туманидан Тошкент шаҳрига кетаётган бўлган.

"Жигули билан автобус тўқнашуви натижасида келиб чиққан ёнғин оқибатида тўрт киши воқеа жойида ҳалок бўлди. Булар Жигулидаги икки ғаллаороллик ва автобусдаги икки бухоролик йўловчи. Улар воқеа жойидан морг (ўликхона - таҳр.)га жўнатилди. Жароҳатланганлар эса вилоят шифохонасига юборилди", деди милиция ходими.

Жиззах вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказидан олинган маълумотга кўра, Бахмалсойдаги автоҳалокат оқибатида жароҳатланган 15 киши 30 май куни шифохонага келтирилган.

Исмини ошкор қилмаётганимиз шифокорнинг айтишича, ҳозирда жароҳатланганлардан уч кишининг аҳволи оғир даражада.

"Жароҳатланганларнинг барчаси Бухоронинг Ғиждувон туманидан. Ўша куни енгил жароҳат олган беш кишига амбулатория хизмати кўрсатиб, рухсат берилди. Етти кишини бугун кечаси поездда Бухорога жўнатишни режалаштираяпмиз. Қолган уч киши шифохонада қолади. Улардан иккитасининг аҳволи оғир, яна бирининг аҳволи ўртачадан юқори даражада, яъни оғирроқ. Авария пайти тўрт киши воқеа жойида ёниб кетган", деди Жиззах вилоят шошилинч тиббий ёрдам маркази шифокори.

Автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлган икки ғаллаороллик 31 май куни дафн этилган. Икки бухороликнинг жасади эса Ғиждувонга жўнатилган.

Ҳозирда Ғаллаорол туман ИИБ автоҳалокат сабабларини ўрганмоқда.

Ўтган йилнинг ноябр ойи охирида Сирдарё вилоятининг Оқ Олтин туманида ҳам автобус ҳалокатга учрагани оқибатида тўрт киши нобуд бўлган, уч одам жароҳатланган эди.
XS
SM
MD
LG