Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

Ўқитувчилар пенсионерларни карточкага "илдирмоқда"


Ўзбекистон қатор вилоятларида қарияларнинг пенсияларини пластик карточкаларга ўтказишга коллеж ўқитувчилари сафарбар этилмоқда.Озодлик манбаларига кўра¸ туман ҳокимиятидан берилган бу оғзаки буйруқ бажарилмаган тақдирда¸ ўқитувчилар ёзги таътил пулларини ололмасликлари ҳақида огоҳлантирилмоқда.


Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Сим қишлоғида истиқомат қиладиган, исми сир қолишини сўраган 34 ёшли аёлнинг айтишича, унинг отасининг пенсиясини сўраб ҳам ўтирмай пластик карточкага ўтказиб юборишган:

- Қишлоғимизда маиший хизмат коллежи бор. Шу коллежнинг ўқитувчилари менинг отамнинг номидан ўзлари ариза ёзиб, унинг пенсиясини пластик карточкага ўтказиб юборишибди. Мен коллеж директорига жанжал қилиб бордим. Бўлган иш бўлди, энди бу юқоридан келган буйруқ, шундай қилмасак ўқитувчиларимиз таътил пулларини олишолмайди, озгина сабр қилинг яна нақдга ўтказиб бераман, деб ваъда берди, дейди қамашилик аёл.

Қамаши туманидаги коллежлардан бирининг директори Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳақиқатан ҳам туман ҳокимлигидан шундай топшириқ бўлганини тан олди:

- Туман ҳокимилиги йиғилиш ўтказиб ҳар бир коллеж директорларига 100 тадан пенсионернинг пенсиясини пластик карточкага ўтказиш ҳақида топшириқ берди. Мен ўзим ўқитувчиларимга топшириқ бердим. Улар пенсионерлардан ариза ёздириб келди. Юзта дейишган эди юзта ўтказдик. Уч-тўртта қаттиқ норозилари ҳам бўлди. Райсобезга айтиб уларни қайтартириб бердик, деди Қамаши туманидаги коллеж директорларидан бири.

Қарши шаҳрида истиқомат қиладиган 72 ёшли пенсионер Зиёд бобонинг айтишича, шаҳарда ҳам пенсияларини пластик карточкаларга мажбурий ўтказиш ҳақидаги гаплар бўлаяпти:

- Бизда бир хил қарияларнинг пенсияларини Узкард пластик карточкаларига мажбурлаб ўтказаяпти. Агар менга ҳам келишса тайёрланиб турибман, нима дейишимни ўзим биламан, мен сиёсатни яхши тушунаман. Бу нарса ихтиёрий бўлиши керак. Ўзи шундай ҳам пенсионерларнинг ҳоли хароб. Масалан, бизга март ойидан буён ҳали пенсия бергани йўқ. Пластиги ҳам ҳар қаерга ўтмайди, ўлганни устига тепган қилишмоқчими булар?, деди қаршилик Зиёд бобо.

"Бирдамлик" ҳаракатининг хабар беришича, қарияларнинг пенсияларини пластик карточкаларга ўтказишда ўқитувчиларнинг жалб қилиниши мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилмоқда.

Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи ўқитувчининг исми сир қолиш шарти билан айтишича¸ муаллимларнинг шундоқ ҳам бошидан ошиб ётган жамоат ишларига шу кунларда янги ташвиш қўшилган:

- Ҳар бир коллеж ўқитувчисига 2 нафар пенсия оладиган қарияни топиб, унинг нафақасини пластик картага ўтказишга розилигини олиш вазифаси юклатилган. Агар бажармасак¸ директордан балога қоламиз. Шунинг учун аввало қариндош-уруғлардан, қўшнилардан қарияларни топиб, алдаб-авраб кўндиришга ҳаракат қилаяпмиз, деди фарғоналик ўқитувчи.

Ўзбекистон Марказий банки раиси муовини У. Мустафоев 2011 йил 19 октябр куни имзо чеккан ҳужжатда айтилишича, агар пенсионер ўз ихтиёри билан пенсиясини пластик карточкага ўтказмоқчи бўлса, банк ходимлари пенсионерлардан бу ҳақда ариза ëздириб олишлари зарур.

Бироқ пластик карточкалар билан ишлайдиган терминаллар ва банкоматларнинг жуда озлиги Ўзбекистонда пластик карточка соҳибларини катта қийинчиликларга дучор қилинаётгани айтилади.

Айниқса, туманларда пластик карточкалар эгалари банкоматлар йўқлиги, бўлса ҳам унда нақд пул йўқлиги боис, карточкалардаги пулларини 15-20 фоиз ҳисобига нақдлаштиришга мажбур бўлмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ¸ 1995 йил 1 январидан Ўзбекистонда илк маротаба миллий валютада кредит ва дебит тўлов пластик карточкалари муомалага чиқарилган.
XS
SM
MD
LG