Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:51

Қашқадарёда юзлаб талаба сохта таълим даргоҳи касрига қолди



Тошкент аэропортида йўловчининг бир неча миллион сўмлик буюми йўқолди. Хўжалик суди судяси бир масалада икки хил қарор чиқарди. Бирровга тўйга борадиган хонандаларнинг “ставка”си эълон қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Нефт ва газ ўғирланишига жавобгарлик кучайтирилади”

Ўзбекистонда нефт ва газ маҳсулотларини қувур орқали ўғирлашни камайтириш мақсадида унга қарши жавобгарлик кучайтирилмоқда (“XXI аср”, 6 июн). Ўзбекистон либерал демократик партияси таклиф этаётган лойиҳага кўра, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми нефт ва газ қувурларига ноқонуний уланиш йўли билан ўғирлик содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи банд билан тўлдирилади. Қайд этилишича, стратегик аҳамиятга эга нефт ва газнинг қувурларга ноқонуний уланиш йўли билан ўғирланиши иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади, атроф-муҳитга жиддий хавф туғдиради.

“Йўловчи қимматбаҳо буюмларини Тошкент аэропортида йўқотди”

“Самара – Тошкент” йўналиши бўйича Тошкентга учиб келган фуқаро Б.Давлатовнинг 3,5 миллион сўмлик буюмлари аэропортда ғойиб бўлди (“Истеъмолчи”, 6 июн). Давлатов буюмлари аэропортнинг юк сақлаш хонасида йўқолгани ҳақида аэропорт масъул ходимларига мурожаат қилган, аммо амали й ёрдам ололмаган. Ўзбекистон Ҳаво кодексининг 114-моддасига асосан, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган қўл юки ташишга қабул қилиб олинган пайтдан то қабул қилувчига берилгунига қадар унинг йўқолгани ёки етказилган зарар учун ташувчи жавобгар ҳисобланади. Газетага кўра, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Тошкент ҳудудий бирлашмаси бу борада “Уральские авиалинии” компаниясига мурожаат қилган.

“Сохта олийгоҳ юзлаб фуқароларни чув туширди”

Қашқадарё вилоятида юзлаб йигит-қизларга сохта дипломлар бериб келган “Қарши инфокоммуникация” нодавлат таълим муассасаси бир неча йилдан кейин фош қилинди (“Адолат кўзгуси”, 6 июн). Таълим муассасаси раҳбари М.Асадов ва унинг шериклари олий юридик таълим берувчи муассаса дея, ёлғон тарғибот қилиб, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий ва бошқа вилоятлардаги юзлаб ёшларни 4-5 йиллик шартнома асосида ўқишга қабул қилган. Юзлаб фуқаролардан жуда катта миқдорда пул ўзлаштирган таълим муассасаси диплом, талабалик гувоҳномаси, рейтинг дафтарчаси ва бошқа ҳужжатларни сохталаштирган. Тафсилотларга қараганда, аввал ҳам 4 марта судланган М.Асадов ва унинг шериклари М.Пардаев, Ш.Арзиев, М.Юсупов, Х.Расуловга жиноятига яраша жазо тайинланган. “Тошбақа учади” деса, ишониб кетаверадиган юзлаб замондошимиз эса ёлғон талабаликда ўтган йўқотилган йиллари ва ҳавога учган контракт пулларига ачиниб, сохта дипломни ушлаб қолавердилар” деб ёзади нашр.

“Қирғизистонга тўйга борган эр-хотин маҳкамага тортилди”

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Қандиён маҳалласида яшовчи Муҳиддин ва Раънохон Эргашевлар чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланди (“Диёнат”, 6 июн). Қўшни республикадаги қариндошининг тўйига отланган эр-хотин Заркент қишлоғидаги дала ҳудуди орқали Қирғизистоннинг Олабуқа туманига ўтган. Эллик ёшлардан ошган Эргашевлар тўйни ўтказиб, Ўзбекистонга ўтаётганда қўлга олинган. Республика бош прокуратураси вакили Хайрулла Султоновга кўра, Жиноят кодексининг 223-моддасида айбланган Эргашевларга ойлик иш ҳақининг 30 фоизи ушланган ҳолда, 3 йил ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган.

“Хусусий клиника кўчага ҳайдалмоқда”

Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳудудида жойлашган “Дилшод Дента” хусусий клинкаси қонунга зид равишда кўчага ҳайдалмоқда (“Новый век”, 6 июн). 15-оилавий поликлиникага қарашли бинода 1995 йилдан ижарада турган хусусий клиника ўтган йиллар давомида иморат таъмирига жуда катта миқдорда пул сарфлаган ва уни ўз балансига ўтказган. 2010 йилдан бери “Дилшод Дента” хусусий корхонаси ва 15-оилавий поликлинка ўртасида ижара можароси юзасидан 70 та суд мажлиси ўтказилиб, 14 та қарор қабул қилинган. Қарорларнинг 8 таси хусусий клиника фойдасига чиқарилган. “Ҳайратланарли жиҳати, хўжалик судининг битта судяси айни иш бўйича бир-бирига терс икки хил қарор чиқарган! Масалан, судя Н.Аббосова 2011 йилнинг 11 февралида “Дилшод Дента” хусусий клиникасини ижара биносидан чиқаришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган. 2012 йилнинг 18 январида эса “Дилшод Дента” хусусий клиникасини чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарган”.

“Тўйга қайси хонанда қимматроққа бориши маълум бўлди”

Тошкент шаҳридаги тўйларга бирров хизматга борадиган қўшиқчилар орасида Райҳоннинг “ставка”си юқори: хонанда ўртача 800-900 АҚШ доллари олади (“Даракчи”, 6 июн). Шоу бизнес нашри ўрганишларига қараганда, Мавлуда Асалхўжаева – 600-700 доллар, Зулайҳо Бойхонова – 500 доллар, Нилуфар Усмонова, Зиёда ва Муниса Ризаева – 400 доллар, Жасур Умиров – 400-500 доллар, “Уммон” ва “Шод” гуруҳлари – 300 доллар, Равшан Комилов – 200-400 доллар, Даврон Эргашев – 300 доллар, Аваз Олимов – 150 долларсиз тўйларга чиқмайди.

“Аксарият хонандалар “бирров” хизматида асосан 4-5 та қўшиқ куйлаб беришади. Аммо... чаққон” хонандалар барча хизматларга улгуриш учун 2-3 та қўшиқ ижро қилиб, жўнаб қолишлари бор гап... Хонандаларнинг тўй хизматларига оладиган ҳақлари ҳафта кунларига қараб ҳам ўзгарар экан. Агар сиз жума, шанба ва якшанба кунлари тўй қилсангиз, белгиланган пул миқдорининг ошиши, қолган кунларда тўйларнинг озлиги сабаб хизмат нархи бирмунча пасайиши ҳам мумкин экан” дея қўшимча қилади газета.

“Россия фуқароси бўлган отанинг ўғли Ўзбекистон фуқаролигини оладими?”

“Мен Россия Федерацияси фуқаросиман, хотиним эса Ўзбекистон фуқароси. Тошкентда туғилган ўғлимиз яқинда 16 га тўлади. У Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини оладими?” дея савол йўллаган фуқаролардан бири “Адолат кўзгуси” газетасига. Ҳуқуқшунос Насиба Бегимова берган жавобда айтилишича, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги” тўғрисидаги қонуннинг 114-моддаси биринчи қисмига мувофиқ ота-онанинг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, улардан бири бола туғилган пайтда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган бўлса, бола Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. “Сиз нотариал органларга мурожаат қилишингиз ва унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишига розилигингизни расмийлаштиришингиз лозим. Шундан кейин паспорт олиш учун доимий яшаш жойингиздаги ИИБ хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш органига мурожаат қилиш керак” дея маслаҳат беради ҳуқуқшунос.

“Жаҳон чемпиони Қосимжонов 6-ўрин билан кифояланди”

Грециянинг Салоники шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича тўртинчи босқич гран-при мусобақасида Рустам Қосимжонов 12 гроссмейстер орасида 6-ўрин билан кифояланди (“Биржа”, 6 июн). Ушбу босқичда ўн бир имкониятдан 8 очко жамғарган кубалик Доминтес биринчи ўринни эгаллаган. Америкалик Каминский ва италиялик Каруаналар 7,5 очкодан тўплаб, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган. Украиналик Понамарев ва россиялик Гришуклар 6 очкодан тўплаб, тўртинчи ва бешинчи ўринларни бўлишиб олган.
XS
SM
MD
LG