Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:44

Ўзбекистон ҳукумати хотин-қизларни қаергача ечинтирмоқчи?


Ўзбекистон Республикасинг Женевадаги БМТ идораси ва бошқа халқаро ташкилотларидаги доимий элчиси Гулнора Каримованинг ярим-яланғоч суратлари Интернет сайтларидан тушмай келаëтган айни кунларда¸ бошига рўмол ўраган ўзбек аëллари ҳокимиятнинг қайта жонланган тазйиқига нишон бўлмоқда. Ўзбек хотин-қизларини “a-la-Guli” русумида “ечинтириш” кампанияси қаергача боради? OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали 17 июн куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган жонли мулоқотимизда ана шу ҳақда суҳбатлашдик.

Ҳар бир жамиятнинг ўз кийиниш маданияти бор. Бу маданиятни шакллантирувчи омиллар кўп бўлса-да¸ диний ва ахлоқий мезонлар бу маданиятни белгиловчи жиҳатлардир.

Саудий Арабистони¸ қолаверса¸ аксар исломий давлатларда хотин-қизларнинг авратини кўрсатиши жиноятга тенглаштирилган бўлса¸ 2011 йилда Франция жамоат жойларида бурқа ва ниқоб кийган хотин-қизларга 150 евролик жарима жорий қилди.



Суданда шим кийган аëллар дарраланса¸ Бутанда миллий либос – кимоно киймаганлар жазога тортилади.

Ўзбекистон - аҳолисининг 93 фоиздан ортиғини ўзини мусулмон деб билгувчилар ташкил этадиган давлат. Ўзбек жамиятининг кундалик турмуш тарзида исломий ақидалар баробарида болшевиклар орқали кириб келган европача кийиниш маданияти ҳам бирдек илдиз отиб улгурди.

Ўтган асрнинг 20-йиллари сўнггида бошланган “Ҳужум” кампанияси ўзбек хотин-қизлари бошидан паранжи ва чачвонни олиб ташлади¸ бироқ коммунистлар жамиятнинг консерватив табақаларини рўмол ўраш¸ ëхуд узун кўйлак ва лозим кийишдан қайтаришга уриниш қилмади.

Ўзбек аëлларининг қайси ранг ва катталикдаги нечта рўмолни қандай ўраш ҳаққи¸ коммунистлар томонидан¸ уларнинг ўзида қолдирилди.

Мустақил Ўзбекистон расмийлари советлардан қолган нисбатан либерал кийиниш қоидаларига узоқ вақт таҳрир киритмай келди. Аммо 2000 йиллардан бошлаб ўзбек хотин-қизлари орасида араб мамлакатларидаги каби қора бурқа ва ниқобларга ўранганлар кўпайиши тимсолида исломий экстремизм кучайишидан чўчиган Тошкент¸ бу қоидаларни ислоҳ қилишга киришди.

Қора ҳижоблар юлиб ташланди¸ ўқув юртларига ҳижоб ëки рўмолда келиш тақиқланди. Бу тақиқ Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 14 июнда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунига 2011 йилда киритилган яна бир ўзгартиш орқали қонунан муҳрланди.

"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг "Диний урф-одатлар ва маросимлар" ҳақидаги 14-моддасига киритилган ўзгартишга кўра:

"Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди".

Жамоатчиликка “ибодат либоси” деганда қайси либослар назарда тутилиши очиқланмаган бу қонун¸ йиллардан бери Ўзбекистондаги маҳаллий ҳокимиятларнинг эркагу аëлнинг бош кийимларига ҳужум қилишига асос бўлмоқда.

11 июн куни Озодлик Қўқон шаҳрида яшовчи рўмолли аёлларга¸ агар рўмолларини ечмаса ёки айтилганидек ўрамаса, болаларига бериладиган нафақа пуллари тўхтатилишидан таҳдид қилингани ҳақида хабар қилган эди. Озодлик билан суҳбатда маҳалла фаоли фахр билан¸ 70-80 фоиз хотин-қизлар бошидан рўмоли ечилганини билдирди.

Маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ тизимлари хотин-қизларни рўмолини ечишга мажбурлаëтган бир пайтда¸ ўзбек қўшиқчилари вазирлиги мақомида бўлган “Ўзбекнаво” раҳбарияти махсус мажлис ўтказиб¸ ашулачиларнинг "очиқ-сочиқ кийиниши¸ беҳаë турмуш тарзи"ни кескин танқид қилди. Хусусан¸ Каниза тахаллуси билан танилган қўшиқчи қизга бу хусусда алоҳида танбеҳ берилган.

Бу танбеҳ ва танқидлар билан айни пайтда¸ Ўзбекистон Республикасинг Женевадаги БМТ идораси ва бошқа халқаро ташкилотларидаги доимий элчиси¸ президентнинг тўнғичи ва отаси ўрнига ворисликка талпинаëтгани тахмин этиладиган Гулнора Каримованинг ярим-яланғоч суратлари ва видеоклиплари Интернет сайтларидан тушмай келмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ўзи ўзбек хотин-қизларидан нима истамоқда – кўпроқ ечинишними?

Ўзбек хотин-қизларини “ечинтириш” мафкураси ортида ким турибди?

Фундаментал инсон ҳақларидан саналган кийиниш маданиятига бунчалик дахл қилиш ортидаги мақсад нима?

Аëл исломий ақидаларга мос кийинишни истаса¸ бундан жамиятга¸ ўзбек расмийлари қўрқаëтгани каби¸ таҳдид борми?

Либосга қарши кампания олиб бориш¸ бу либосни тақозо қилган эътиқодни ҳақоратлаш орқали жамиятни исломийлашувдан қайтариш мумкинми?

Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашиб бораëтган бир пайтда ҳокимият ва ҳуқуқ тизимларининг аëлларга қандай кийинишни ўргатишдан бошқа иши йўқми?

Сиз ўзингиз исломий либосдан воз кечиш-кечмаслик танлови қаршисида қолдингизми?

Аҳлу аëлингиз маҳвум қонунни рўкач қилиб ҳижобини¸ рўмолини ечишга мажбурланса¸ Сиз нима қиласиз?

"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга “ибодат либоси” тушунчасини аниқлаштиришни сўраб Ўзбекистон Мусулмонлари идораси таклиф этган тузатишдан нима кутасиз?


17 июн куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган мулоқотимизда ана шу каби саволларга жавоб излаймиз. OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали Сиз ҳам жонли суҳбат иштирокчисига айланинг.






OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG