Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:11

Ҳасан Руҳоний - Эроннинг янги президенти


Эроннинг янги президенти Ҳасан Руҳоний.
Эроннинг янги президенти Ҳасан Руҳоний.

Жума куни ўтказилган президентлик сайловлари натижаларига кўра, 64 ёшли диний арбоб Ҳасан Руҳоний Эрон президенти этиб сайланди.


Эрон ички ишлар вазири Мустафо Муҳаммад Нажжорнинг маълум қилишича, Руҳоний учун сайловчиларнинг 50,7 фоизи берган.

- Руҳоний 18 миллион 613 минг овоз жамғарди ва у янги сайланган давлат раҳбари бўлиб ҳисобланади, - деди Эрон ички ишлар вазири.

Иккинчи ўринни сайловчиларнинг 16 фоиз овозини қозонган Теҳрон ҳокими Муҳаммад Боқир Қалибаф эгаллади.

Маълумотларга кўра, 14 июн куни Эронда ўтказилган сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 72,7 фоизи иштирок этган.

Бу галги сайловларда президентлик лавозимига олти киши даъвогарлик қилди. Улар орасида Эронда эътиборли бўлган Саид Жалилий ва Акбар Вилоятий каби сиёсатчилар ҳам бор эди.

Эрондаги сайлов қонунчилигига кўра, агар президентлик сайловининг биринчи босқичида номзодлардан ҳеч қайсиси 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаса, иккинчи босқич 21 июн куни ўтказилиши мўлжалланганди. Бироқ ислоҳотчи Ҳасан Руҳоний учун, расмий маълумотларга кўра, 18,5 миллиондан кўпроқ сайловчи овоз бергани маълум бўлганидан кейин сайловнинг иккинчи босқичини ўтказишга ҳожат қолмаган.

Эрон Ислом Республикаси сиёсий тизимида энг катта ваколат президентда эмас, олий руҳоний етакчи қўлидадир.

Хусусан, президент армияга қўмондонлик қилиш, ташқи сиёсий масалаларни бошқариш ва Эрон ядровий дастури каби лойиҳаларни назорат қилиш масалаларида охирги қарорни олиш ваколатига эга эмас.

Президентлик сайлови натижалари эълон қилинганидан кейин Эрон олий руҳоний етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий Ҳасан Руҳонийни ғалаба билан табриклади ва овоз беришдаги фаол иштироки учун эронликларга миннатдорчилик билдирди.

“Мазкур сайлов жараёни яхши ўтди ва жамият мулоқоти қонунга асосланиши ижобий нарсадир. Номзодларнинг ҳар қайсиси учун берилган овоз Ислом жумҳурияти учун берилган ҳамда жорий сайлов тизими ва механизмига ишонч ўлароқ берилган овоз бўлиб ҳисобланади”, деб ёзди Али Хоманаий шанба куни Twitter микроблогидаги ўз саҳифасида.

Эроннинг янги президенти Ҳасан Руҳоний сайловолди кампанияси чоғида Ғарб билан алоқаларни нормаллаштириш ва мамлакатни халқаро изоляциядан халос қилиш тарафдори эканини айтган. У сайловчиларга фикр эркинлиги ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш ваъдасини берган.

Айни пайтда Эрон ядровий дастури бўйича собиқ бош музокарачи бўлган Руҳоний мамлакат ядровий дастурининг давом эттирилишини истайди. Ғарб мамлакатлари Эрон расмийлари бу дастурдан ядро қуроли яратиш учун фойдаланаётганини тахмин қилади.

Сайлов натижалари маълум бўлганидан сўнг телевидение орқали чиқиш қилган Ҳасан Руҳоний ўз муваффақиятини мўътадилликнинг экстремизм устидан қозонган ғалабаси ўлароқ таърифлади ва жаҳон давлатларини Эрон билан муносабатларни ўнглашга чақирди.

Расмий Теҳрон президентлик сайлови натижаларини эълон қилганидан кейин Ҳасан Руҳоний номига дунёдаги кўплаб мамлакат расмийлари ва вакиллари томонидан табрик ва истаклар битилган номалар кела бошлади.

Ана шундай номалардан бирида Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг янги сайланган президентини “мамлакатни бошқа йўлдан олиб кетиш”га чақирган.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун эса Эрон минтақавий ва халқаро муаммоларни ҳал қилишда “конструктив рол” ўйнашига умид билдирган.

Эрон билан дипломатик алоқаларни 30 йил аввал узган АҚШ ҳозир бу мамлакатда ўтказилган сайлов натижаларини ҳурмат қилиши ва Теҳрон яширинча ядро қуроли ишлаб чиқармаётганига амин бўлиш учун “бевосита” алоқаларга тайёр эканини қайд этган.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон ҳам Эрон ядровий муаммосини тартибга солиш учун Руҳоний билан ҳамкорлик қилишга ҳозирлигини билдирган.

Шунингдек, Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус Париж Руҳоний билан ҳамкорликка, айниқса Теҳрон томонидан Эрон ядровий дастури билан боғлиқ мажбуриятлар бажарилишида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса халқаро ҳамжамиятни Эрон ўз ядровий дастурини битириши учун бу мамлакатга босимни тўхтатмасликка чақирган.

Айни пайтда Россия президенти Владимир Путин Руҳонийни Москва билан алоқаларни мустаҳкамлашга чорлаган.

Ливандаги Ҳизбуллоҳ шиа қуролли гуруҳи раҳбари Ҳасан Насруллоҳ эса Эрондаги сайловда Ҳасан Руҳонийнинг ғалаба қозониши “араб ва мусулмон халқлари учун янги умидлар бахш этиши”ни билдирди. Эрон ва Ҳизбуллоҳ Сурия президенти Башар Ассадни очиқ қўллаб келаётганлари маълум.

Сурия мухолифати вакиллари ҳам бу борада баёнот билан чиқиб, Эроннинг янги президентини Сурия президенти Башар Ассад режимини қўллашдан воз кечишга чақирган.

Эронда президент тўрт йилга сайланади. Ҳасан Руҳоний бунгача икки муддат президентлик қилган Маҳмуд Аҳмадийнажод ўрнини эгаллайди.
XS
SM
MD
LG