Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:15

Қозоғистонликлар хайр-садақани электрон шаклда беришлари мумкин


Қозоғистон пойтахтидаги Нур Астана масжиди.
Қозоғистон пойтахтидаги Нур Астана масжиди.

Қозоғистон масжидларида яқинда пул тўловларини қабул қиладиган “Садақа” терминаллари пайдо бўлади.


Бу ҳақда Tengrinews.kz ахборот агентлиги Қозоғистон Дин ишлари бўйича агентлиги раҳбари Қайрат Лама Шариф сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

- Аҳолининг имомлик корпусига бўлган ишончини ошириш учун агентлигимиз Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармасига масжидларнинг молиявий-хўжалик фаолияти шаффофлигини таъминлаш механизмини ишлаб чиқишни тавсия этди. Хусусан, диний бошқарма Дин ишлари бўйича агентлиги томонидан таклиф қилинган масжидларда пул тўловларини қабул қиладиган “Садақа” терминалларини ўрнатиш лойиҳасига қизиқиш билдириб, ҳозир бу масалани диққат билан ўрганиб чиқмоқда, - деди Қайрат Лама Шариф.

Ҳукумат расмийсига кўра, шу кунда Қозоғистонда 3244 та ибодатхона фаолият юритмоқда ва улардан 2320 таси масжидлардир.

- Биз ибодатхона бинолари сони умуман олганда диндорлар талабларига жавоб беради, дея тахмин қиламиз, - деди Қайрат Лама Шариф.

Минтақадаги бошқа давлатларда бўлгани каби Қозоғистонда ҳам Оллоҳ йўлида хайр-эҳсон қилмоқчи бўлган, аммо бу ионани кимга беришни билмаган кишилар аталган маблағни одатда масжидга олиб бориб берадилар. Бунга ўхшаш ҳолатлар айниқса яқинлашиб келаётган муқаддас Рамазон ойида кўп кузатилади. Бу пайтда фитр садақаси ва фидя пулини масжидга олиб келган мусулмонларни Қозоғистонда ҳам кўп учратиш мумкин.

Авваллари бу каби хайр-садақалар масжидлардаги махсус қутиларга ташлаб кетиларди. Айни пайтда бу пулларнинг кейинги тақдири ҳақида турли хил тахминлар ҳам айтилардики, буни Қозоғистон Дин ишлари бўйича агентлиги раҳбарининг “аҳолининг имомлик корпусига бўлган ишончини ошириш учун” деган дебочасидан ҳам илғаб олиш қийин эмас.

Дин ишлари учун масъуллар қаноатича, электрон садақа тизимининг жорий этилиши ёнида нақд пул олиб юрмайдиган ва тўловларни пластик карточка орқали амалга оширишни маъқул кўрадиган қозоғистонликлар учун айни муддао бўлади.
XS
SM
MD
LG