Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:19

Россияда ноҳукумат гуруҳларига босим янада кучайди



Россия ҳукумати Нотижорат ташкилотлари (НКО) тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритишга қарор қилди. Унда Россияда “хориж агентлари” деб кўрилаëтган ташкилотларда режадан ташқари текширувлар ўтказишнинг қонунийлаштирилиши айтилмоқда.


Нодавлат ташкилотлари режадан ташқари текширилмайди


Россия Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати 17 июн куни ҳукумат томонидан “Нодавлат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритишга оид қарор қабул қилинганини маълум қилди.

Федерал қонуннинг 32-моддасига киритилаётган тузатишга кўра, Россияда НКО қисқартмаси билан аталаётган нотижорат ташкилотларини режадан ташқари текширишга тортиш учун давлат назорат идоралари учун бир қатор шартлар қўйилди.

Бу шартларга мувофиқ¸ Россия прокуратураси, солиқ инспекцияси ёки тергов қўмитаси ходимлари текширувига ноҳукумат ташкилотига қоида бузилишини тузатишга ажратилган муддатнинг тугаши, НКО фаолиятида экстремизм аломатлари мавжудлиги тўғрисида маълумотнинг пайдо бўлиши, хизмат доирасида қонунларнинг бузилишига йўл қўйилгани ҳолатларининг аниқланиши асос бўлиши мумкин.

Режадан ташқари текширувлар фақат Россия президенти ёки ҳукумат талаби¸ шунингдек прокуратура назорати доирасида олиб бориладиган қилиб белгиланди.

Россия Вазирлар Маҳкамаси маъқуллаган “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида киритилаётган тузатишга биноан, мамлакатда фаолият юрғизаëтган ноҳукумат ташкилоти раҳбарининг бевосита ўзига бухгалтерия ҳисоб-китобини олиб боришга рухсат берилди.

Юқорида кўрсатилган қоидалар ҳисобига йилига 3 миллион рубл (тақрибан 100 минг АҚШ доллари) келиб тушаётган ноҳукумат ташкилотлари бундан мустасно этиб белгиланди.

Ҳукумат расмийларига кўра¸ бу қонунга ўзгартишлар яқин орада Дума муҳокамасига киритилади.

Жорий йил март ойи охиридан бери бутун Россия бўйича юзлаб ноҳукумат ташкилоти идораларида тинтув ўтказилиши жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

“Биз “хориж агентлари” эмас”!

18 июн куни Москванинг Твер туман суди “прокуратура талабларини бажармаганликда” айбланган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкинани 2000 рубл жаримага тортди.

Бу айбловни мутлақо рад этган Светлана Ганнушкина¸ прокуратура нима асосда ўзи бошқараётган ташкилотни текширувдан ўтказаётгани сабабларини тушунтирмаётганини таъкидлади. Ҳуқуқ фаолига кўра, прокуратура атайлаб бажариб бўлмайдиган шартларни қўймоқда:

- Текширув пайтида бирор киши менга “хориж агентлар” масаласида бирор гап гапирмади. Менга ҳеч ким бизнинг “хориж агент” сифатида қайдга турмаганлигимиз юзасидан эътироз билдирганича йўқ. Энг қизиғи – нима асосда текширув кетаётганини ҳеч ким тушунтираётгани йўқ! Биз шунчаки нима текширилаётганини тушунтириб беришларини талаб қилАяпмиз, холос, дейди судда журналистлар олдида қилган чиқишида Светлана Ганнушкина.

Ноҳукумат гуруҳларига нисбатан кун сайин ошиб бораётган талабларни жисмонан бажариш имконияти бўлмагани ва бу текширувлар сабабларини билишни истаган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбарияти текширувлар қонунийлиги асослаб берилмагунига қадар прокуратура ва солиқчиларга ҳужжатлар тақдим этишни тўхтатишга қарор қилган:

- Бунинг барчаси фуқаролик жамиятига бўлган босимнинг ажралмас қисмидир. Ундан зиёда – бу унинг йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлардир, дея хулоса қилди инсон ҳақлари ҳимояси соҳасида Нобел мукофотига номзодликка қўйилган ҳуқуқ фаоли Светлана Ганнушкина.

Озодликка юборилган махсус хабарномада Светлана Ганнушкина 20 июн куни Москванинг Замоскворецкий туман судида Москва прокуратураси ҳатти-ҳаракатлари қонунийлигини текшириш юзасидан даъво аризаси кўриб чиқилишини маълум қилди.

Айни пайтда, Россия Адлия вазири Александр Коновалов бирорта ноҳукумат ташкилоти ўзини “хориж агенти” деб тан олмаслиги мумкинлигини айтмоқда. Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш йиғилишида у “Қонунга биноан тузилиши керак бўлган хориж агентлари тўғрисидаги рўйхат бум-бўш қолиши мумкин”, деди.

Вазир ҳатто суд ташкилотни бунга мажбурлай олмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Amnesty International ўз баёнотида Россиядаги ноҳукумат ташкилотларининг тафтиш қилинаётгани “2012 йилда қатор чекловчи қонунлар қабул қилиниши ортидан фуқаролик жамиятига нисбатан босимнинг кучаяётгани белгисидир”, дея таъкидлади.

Ўтган йил ноябридан бошлаб Россияда хориж грантлари ва молиявий ёрдами асосида фаолият юритаётган экология, ҳуқуқ ҳимояси, хайрия ноҳукумат ташкилотлари “хориж агенти” сифатида Адлия вазирлиги қайдига туриши керак.

Президент Владимир Путиннинг айрим ноҳукумат ташкилотларининг “хориж ҳукуматлари назорати” остида Россияда фаолият юритаётгани ва ички ишларига аралашаётгани тўғрисидаги нутқларидан кейин, бу гуруҳлфаолиятини оммавий тафтиш қилиш жараëни бошланиб кетди.

Текширувлар натижаси ўлароқ биринчилар қаторида Россияда парламент ва президент сайловларидаги оммавий қонунбузарлик ва сохталаштиришларни аниқлаб, жамоатчиликка маълум қилган “Голос” уюшмаси “хорижий агент” сифатида рўйхатдан ўтмай, нотижорат ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги қонунни бузганликда айбдор, деб топилиб, 300 минг рубл (9500 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди.

Россия Адлия вазирлиги “Голос” “агент” сифатида қайдга турмаса¸ ташкилот сифатида тугатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бу атамани ўзи учун ҳақоратли деб ҳисоблаётган ва “хорижий агент” сифатида қайддан ўтишни истамаётган ноҳукумат ташкилотлари қаторида “Мемориал”, “Агора” Қийноқларга қарши уюшма, “Левада-Маркази”, ВЦИОМ жамоатчилик фикрини ўрганиш ташкилоти, Қочқинлар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Фуқаровий кўмак”, “Инсон ҳақлари учун” ҳаракати, Ёввойи табиат умумжаҳон жамғармаси (WWF), Гринпис ва юзлаб бошқа ташкилотлар бор.
XS
SM
MD
LG