Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:19

Хоразмда Солижон Абдураҳмонов ҳимоясига пикет бўлади


Пайғамбар ёшига етган Солижон Абдураҳмонов 5 йилдан буён қамоқда қолмоқда.
Пайғамбар ёшига етган Солижон Абдураҳмонов 5 йилдан буён қамоқда қолмоқда.
3 июл куни Хоразм вилоятидаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти журналист Солижон Абдураҳмоновни қамоқдан озод қилиш ва унга нисбатан очилган жиноий ишни қайта кўриб чиқиш талаби билан пикет ўтказишни режаламоқда. Бу сўнгги беш йил ичида Хоразмдаги биринчи норозилик чиқиши бўлади.

“Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг Озодликка маълум қилишича, пикетни чоршанба куни Урганч шаҳридаги Хоразм вилоят ҳокимлиги мажлислар зали биносининг олдида ўтказиш режалаштирилган.

- 3 июл куни Хоразм вилоятига Қорақалпоғистон Жўқориғи кенгашининг делегацияси ташриф буюради. Шунинг учун биз “Нажот” ташкилотининг тўрт нафар аъзоси Солижон Абдураҳмонов ҳимоясига пикетга чиқмоқчимиз, - деди Ёқубов.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, пикет ўтказилиши борасида маҳаллий ҳокимликлардан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати, мамлакатдаги дипломатик корпуслар вакиллари, бир қатор халқаро ташкилотларга ариза билан мурожаат қилинган.

Ҳайитбой Ёқубовга кўра, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари пикет ўтказилишига қаршилик билдирган тақдирда ҳам нажотчилар норозилик чиқишини амалга оширишга қаътий бел боғлаганлар.

- Ҳозир ҳокимликдан жавоб кутаяпмиз. Агар биз жавоб олмасак ҳам Хоразмда бу одамни ҳимоя қиладиганлар борлигини, шундай ташкилот мавжудлигини кўрсатиб қўйиш ниятимиз бор. Биз рухсат бермаса ҳам чиқамиз. Энди Ўзбекистоннинг бошқа жойларида ҳам бу каби акциялар ўтаяпти. Бундан бирор натижа бўлмаса ҳам шу ишни қилиш ниятимиз бор. Нимага деганда, Солижон - бизнинг фахримиз. Лекин мен ҳукуматдан бирор ижобий нарса кутмайман, дейди Ёқубов.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари билан солиштирганда, Хоразмда норозилик чиқишлари деярли кузатилмайди. Сўнгги пикет бундан беш йил аввал диний айбловлар билан қамалган бир намозхоннинг қариндошлари томонидан ўтказилган эди.

Ҳайитбой Ёқубовга кўра, хоразмликларда қўрқув ҳиссининг кучлиги уларнинг сиёсий фаоллигига тўсиқ бўлаяпти.

- Хоразмда вазият жуда танг аҳволда. “Нажот” аъзоларининг ҳаракати ҳам жуда чеклаб қўйилган. Кейин бизнинг ишимизни давом қилдирадиганлар йўқ деса ҳам бўлади. Хавфсираш, қўрқиш бор. Лекин биз шундай вазиятда ҳам ҳаракат қилаяпмиз, - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Қуйида ҳуқуқ фаоли билан суҳбатни тўлиқ равишда тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:38 0:00
Бевосита линк


10 йиллик қамоқ муддатини ўтаётган таниқли журналист Солижон Абдураҳмонов июн ойининг ўрталарида қамоқхонадан Тошкент яқинидаги Сангород - маҳбуслар касалхонасига олиб ўтилган. Абдураҳмонов яқинларига кўра, уни ошқозонидаги яра безовта қиляпти.

Uznews.net мустақил ахборот нашрининг Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб ишлаган 63 ёшли Солижон Абдураҳмонов 2008 йил июн ойида йирик миқдорда гиёҳванд моддалар сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари журналистнинг қамалишини унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини таъкидлаб келади.

Солижон Абдураҳмонов "Озодлик" ва "Америка овози" радиоларининг Қорақалпоғистон бўйича мухбири сифатида ҳам фаолият юритган. Шунингдек, Британиянинг Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти билан ҳамкорлик қилган.

Ўтган йили Халқаро Амнистия ташкилоти Солижон Абдураҳмоновни сиёсий маҳбус, деб эълон қилди.

Ёши олтмишдан ошган бўлса ҳам журналистга нисбатан амнистия қўлланилмаяпти.

Ўтган ҳафта охирида АҚШнинг 12 сенатори Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, касбий фаолиятлари туфайли ўзбек қамоқларида қолаётган икки журналист - Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саййид ҳамда ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновни “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирган.

26 июл куни эса Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам журналист Солижон Абдураҳмоновнинг ҳаёти “катта таҳлика” остида қолаётганини айтиб, уни озод қилишга чақирди.
XS
SM
MD
LG