Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:59

Болалар меҳнатидан қочган Тошкент катталарни чопиққа солмоқда


Тошкент вилоятининг деярли барча туманларидаги давлат ва жамоат ташкилотларининг ходимлари вилоят пахтазорларига чопиққа йўлланмоқда. Деҳқонларнинг айтишича, бу йил пахтанинг авжи паст ва кузги ҳосилнинг ҳам чўғи озроқ бўлишидан хавотир боис, маҳаллий ҳокимиятлар чопиққа зўр бермоқда.

Тошкент вилоятининг Янгийўл, Қибрай, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ, Бўка, Паркент туманларидаги қатор давлат ва жамоат ташкилотларига бир-бир боғланган Озодлик мухбири деярли барча ташкилотлар ходимлари пахта чопиғига жалб қилингани ҳақида маълумот олди.

Жумладан, Янгийўл туманидаги "Агробанк"нинг ўзини таништирмаган ходимларидан бири¸ май ойи бошидан бир ойдан кўпроққа вилоятнинг Қуйичирқчиқ туманига чопиққа борганини айтди:

"Кўп чиқдик, бир ойдан ҳам ошиқ чиқилди. Май бошидан бошлаб, Қуйичирчиқдаги фермерларга чопиққа чиқдик. Мен ўзим ҳам бордим", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда банк ходими.

Тошкент вилоятидаги болалар Меҳрибонлик уйларидан бирининг ходими эса ўтган йилларда ҳам пахта чопиғига чиқишганини айтди:

- Ҳар йили чопиққа юборишади. Бу йил ҳам чиқишяпти. Бу ҳар йилги процесску, деб жавоб берди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Тошкент вилоятидаги Меҳрибонлик уйининг ўзини таништирмаган ходими.

Тошкент вилоятидаги болалар шифохоналардан бирининг ходими ҳам шу кунларда пахта чопиғига чиқиш давом этаётганини тасдиқлар экан, чопиқчилар учун ҳамма шароит яратилганини қўшимча қилиб ўтди:

-Ҳаммаси организоват қилинган. Ҳокимиятдан по-моему автобуслар берилган. Эрталаб кетамиз, кечки пайт келамиз, деди шифохона ходими.

Озодлик мухбири оммавий тарзда пахта чопиғига сафарбар қилинаётган давлат ташкилотларининг ходимларига: "Чопиқ учун ҳақ тўланадими?" деган саволни ҳам берди:

- Нега энди пул тўлаши керак, а сизнинг ойлигингиз кетaяптику бу ёқдан?! Просто сиз ёрдамга чиқасизда энди пахтага шу! деди Қуйичирчиқ туманидаги касалхоналардан бирининг бош шифокори.

Шунингдек, Озодлик суҳбатлашган ишчи-хизматчилар пахта чопиғига чиқиш мажбурият қилиб қўйилгани боис, айрим кунларда ёнидан пул тўлаб далага бориб келганини ҳам айтмоқда.

Чопиқчиларнинг сўзларига кўра, бу йилги чопиқ аввалги йилларга нисбатан узоқроқ давом этган:

- Ўтган йили помоему 20 кунга одам чиқарганмиз. Бу йил почти бир ойдан бери жўнатяпмиз, деди Қуйичирчиқ туманидаги касалхоналардан бирининг бош шифокори.

Пахта чопиғи мавсумига бош бўлган Тошкент вилояти ҳокимлигидан бу вазиятга расмий изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Пахта чопиғининг узоқ давом этиши нафақат Тошкент вилояти, балки бошқа пахтакор вилоятларда ҳам кузатилмоқда.

Пахтакор фермерлардан бири Қобилжоннинг айтишича, бу йил пахтанинг ўсиши нисбатан суст кетмоқда:

- Ҳозир пахтага иккинчи култивация солинди. Сув берилди. Шунинг учун, биринчидан ўт босиб кетаяпти. Иккинчидан, ўзи бу йил пахта унақа яхши ўсмаяпти ҳам негадир. Ёғингарчилик ёмон бўлмади, аслида, дейди Қобилжон.

Унинг сўзларига кўра, аслида ишчи-хизматчиларни пахта чопиғига оммавий сафарбар қилиш кейинги уч-тўрт йилдан бери кузатилмоқда ва бунинг бир неча жиддий сабаблари бор:

- Фермерларга қўйилган талаблар шунақа оғир бўлиб кетдики, ҳозир фермерга уже барибир бўлиб қолган. Чунки, аввал фермерни "Ерингни олиб қўяман!", деб қўрқитишарди. Ҳозир эса фермер ерни ташлаб кетмоқчи, лекин уларни ялиниб олиб ўтиришибди. Манфаатдорлик бўлмаса, деҳқончилик умуман бўлмайди, дейди пахтакор фермер.

Жиззах ва Самарқанд вилоятидаги Озодлик манбаларининг айтишича, май ойи давомида бу вилоятларда ҳам давлат ва жамоат ташкилотларининг ходимлари оммавий тарзда чопиққа олиб чиқилган.

Ҳатто, май ойида Жиззах вилоятида декретда ўтирган эмизикли аёллар ҳам чопиққа чиқишга мажбурланаётганини хабар қилган, рад этган аёллар эса болалар учун нафақа пулларидан маҳрум қилинишидан огоҳлантирилган эди.

Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати пахта далаларида болаларнинг эксплуатация қилинишини рад этиб келади ва мажбурий меҳнат юзасидан ўзи мониторинг олиб боришини иддао қилади.

Бу иддаосига исбот ўлароқ, йиллар давомида болалар кучи эвазига бажариб келинган пахта чопиғи ва терими давридаги ишлар кейинги бир неча йил ичида давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ишчилари ҳисобига бажарилмоқда.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида маҳаллий ҳокимиятлар зўрлови билан мактаб ўқувчиларининг пахта теримига чиқарилгани кузатилди.

Мустақил манбаларнинг шу мазмундаги хабарлари ортидан Ўзбекистон ҳукумати билан музокараларни изчил давом эттираётганини айтган Халқаро Меҳнат ташкилоти 1 август кунига қадар ўз экспертларининг Ўзбекистонга киритилишига умид қилмоқда.

Ўзбекистон пахта далаларида давом этаётган чопиқ мавсумига жамоат ва давлат ташкилотлари ходимининг оммавий сафарбар қилиниши ҳам мажбурий меҳнат кўринишларидан бири ва бу халқаро ҳуқуқий меёрларга зиддир.
XS
SM
MD
LG