Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:55

Ўзбекистон фуқароси депортация олдидан ўлиб қолди


26 июн чоршанбага ўтар кечаси Россия пойтахти Ички ишлар бошқармасига қарашли Хориж фуқароларини сақлаш марказида Ўзбекистон фуқароси бўлган 44 ёшли Р.Мухаметзянов вафот этди.

Марказнинг навбатчи офицери Озодлик мухбири билан суҳбатда 13-камерада жон таслим қилган ўзбекистонлик бу муҳожир оғир сурункали дардлар билан касаллангани, айниқса, оёқларида чиққан яралардан шикоят қилиб, 10 дан ортиқ маротаба тиббий қисмга мурожаат қилганини билдирди:

- Ҳа, у бизда юрак фаолиятидаги ноқислик туфайли вафот этди. Билишимча, унинг жасади ҳозир Боткина шифохонаси моргига олиб кетилган. Унинг бу ерда қанча бўлганини аниқ билмадиму, одатда ҳужжатлари бўлмаган ёки тасдиқланган ҳужжатлари элчихонадан келишини кутаётган шахслар узоқ муддат марказимизда қолиб кетади, дея маълум қилди ўз исмини айтмаган Москванинг 1-сонли Хориж фуқароларини сақлаш маркази ходими.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармасида Дмитровское шоссесидаги изоляторда нобуд бўлган 44 яшар ўзбекистонлик Рафик Мухаметзянов “миграция қонунчилигини бузгани”, соддароқ қилиб айтсак, зарурий ҳужжатлари бўлмагани учун ушланганини маълум қилишди.

Полиция тарқатган расмий хабардан ўзбек муҳожирининг ким эканлиги аниқлаш қийин.

Аниқланишича, шу йилнинг бошларида полиция патрул хизматчилари Мухаметзяновни Москва марказида беҳуш ҳолатда топган. Бирор ҳужжати бўлмаган муҳожирнинг жуда абгор аҳволда, руҳияти ҳам жойида бўлмагани қайд қилинган.

Полиция ходимлари 22 феврал куни Мухаметзяновни судга етаклаб келишган ва Москванинг Тверской туман судяси уни Россия ҳудудидан маъмурий бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқарган:

- Ҳақиқатан, жорий йилнинг 22 февралида Мухаметзяновни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилганмиз. У Россия Маъмурий кодексининг 18.8- моддаси – хориж фуқаронинг Россия Федерациясига кириш ва яшаш қоидаларини бузганлиги асосида депортация қилинган. Ўтган йили қонунга киритилган ўзгартиришга биноан, Мухаметзяновни чиқариб юбориш Суд приставлари федерал хизматига юкланган, деди бу шахснинг исми Рафик экани, унинг ҳақиқатан ўзбекистонлик эканини тасдиқлаган Москвадаги Тверской суди вакиласи Ольга.

Депортация қилишдан олдин сақлаш марказига олиб келинганида 1969 йилда туғилган муҳожирда “болдир суякларининг сурункали остеомиелити, болдирларининг трофик яралари” ва бошқа қатор касалликлари борлиги аëн бўлган.

Марказда унинг барча тиббий муолажа тўғрисидаги талаблари қондирилгани, оёқлари тиббий препаратлар билан даволанганини айтишди. Расмийларга кўра¸ апрел ва июн ойларида унинг аҳволи оғирлашгани туфайли икки маротаба тиббий ёрдам чақиртирилган.

Депортация маркази ходимлари Озодлик мухбирига Мухаметзянов уйқуда жон берганини билдиришди.

Нима сабабдан Ўзбекистон фуқароси январ ойидан буён Хориж фуқароларини сақлаш марказида оғир аҳволда сақланган ва унинг тириклайин чириб кетишига кимлар айбдор? деган савол билан мутасадди расмийларга мурожаат қилдик.

Буни приставлар хизматида Мухаметзяновнинг шахсини тасдиқловчи ва депортация қилиш учун зарурий ҳужжатлар Ўзбекистон элчихонасидан жунатилиши узоққа чўзилиб кетгани билан изоҳлашди:

- Бу ҳодисадан мен хабардорман. Ҳақиқатан, уни ярим йилдан ортиқ ушлаб туришган, чунки унинг шахси аниқланмаган эди, ҳужжатлари йўқ эди. Қонун юзасидан биз Ўзбекистон элчихонасига сўровнома юборганмиз. Бироқ унинг ўлимига бевосита сабаб бўлган омиллар тафтиш этилиши керак. Ҳозир тергов қўмитаси ўзбекистонлик бу шахснинг ўлими юзасидан тергов олиб борaяпти, деди Озодликка Суд приставлари федерал хизмати матбуот маркази раҳбари Татьяна Трунова.

Федерал приставлар хизматида одатда мигрантлар депортацияси учун келадиган ҳужжатлар расмийлаштирилишига 3 ойгача вақт кетишини маълум қилишди. "Бироқ, Ўзбекистон фуқаролари учун бу мамлакат консуллигидан ҳужжат олиш муддати бироз чўзилиши одатий ҳол", деди Татяна Трунова.

Россияда меҳнат муҳожирлари ва қочқинлар масалалари билан шуғулланувчи “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари маркази фаоли Баҳром Ҳамроев муҳожирларни депортация марказларида узоқ муддат сақланиши сабабларини бундай тушунтиради:

- Қонунбузарлик энг аввало суд ҳукмидан бошланади. Суд ҳар тарафлама ўрганмасдан ҳукм чиқаради. Иккинчидан, давлат бюджетидан маблағ олмасдан ўша меҳнат муҳожирининг таниш-билишларидан давлат структуралари телефон қилиб, “Сизлар билетини олиб беринглар – биз жўнатворамиз”, деб узоқ муддат ушлаб туради.

Бошқа тарафдан, қамоқхонада узоқ ушлаб турилганда анча азият чекади, соғлигини йўқотади, ўлиб қолиши мумкин. Бу ердан кетган меҳнат муҳожири “Энди товба қилдим, бошқа келмайман!”, деган даражага етказилади, у бошқаларга айтади.

Бу муштумзўрлик фақат ўзбек-тожикка кўрсатилади. Агар давлат раҳбарлари, элчихона вакиллари ўз халқига ҳурмат қилганда, раҳмдиллик қилганда, мен аниқ ишонаманки бундай марказлар бўлмайди, бунақа хору-зорликларни халқ кўрмайди, деди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда.

Ноқонуний миграцияга қарши курашни авж олдираётган Россиянинг деярли барча минтақаларида Хориж фуқароларини сақлаш марказлари очилмоқда. 2014 йилнинг 1 январидан Россиядан чиқариб юборилаётган хорижликлар Ички ишлар приёмниклари ва изоляторларда сақланмаслиги учун ҳар бир вилоят ва ўлкада мигрантларни сақлаш марказлари очилиши шарт.

Россия Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакатда ҳар бири 500 кишигача одамни жойлаштира олувчи камида 24 та Хориж фуқароларини сақлаш марказлари фаолият юритмоқда.

Миграция хизмати раҳбарияти 2013 йил охирларига келиб Россияда мигрантлар депортация марказлари сонининг 96 тага етишини хабар қилди.
XS
SM
MD
LG