Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:47

Тошкент лицейлари қишлоқ ўқувчиларини қабул қилмайди


Тошкент шаҳридаги академик лицейлар вилоятларда ўқиган мактаб ўқувчиларини қабул қилмаяпти. Лицей мутасаддиларига кўра, бу борада махсус буйруқ бўлиб, пойтахт лицейлари фақат тошкентлик ўқувчиларни қабул қилиши шарт.

Мамлакат бўйича жами 143 та академик лицей бўлиб, шундан 41 таси Тошкент шаҳрида жойлашган.

Ҳозирда пойтахт лицейлари мамлакат вилоятларидан келган ўқувчиларни қабул қилмаяпти.

Урганчлик Нигора опага кўра, 9-синфни битирган қизининг ҳужжатларини Тошкентдаги Жаҳон тиллари университети қошидаги лицейга топширишни режалаштирган, бироқ лицей ҳужжатларни қабул қилмаган.

“Қизимни келгусида Жаҳон тиллари университетига ўқишга киритмоқчи эдим. Шу мақсадда ушбу лицейда ўқиса, дегандим. Лекин Хоразмдан ҳужжат олмаймиз, деб қайтариб беришди”, деди Нигора опа Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети қошидаги лицейлардан бири боғланганида, лицей ходими вилоят ўқувчилари қабул қилинмаслиги тасдиқлади.

- Бизда квота ажратилмаган. Квота бошқарма томонидан ажратилади. Бизда ўқувчилар турар-жойи мавжуд эмас - шу сабабли. Кейин бошқарма ҳам рухсат бермайди, - деди ўзини таништирмаган лицей ходими.

Тошкентдаги бошқа бир лицейнинг исмини очиқламаётганимиз ходимига кўра, вилоят ўқувчиларини қабул қилмаслик ҳақида махсус буйруқ бор.

- Тошкент шаҳри бўйича шундай буйруқ келган. Низомда шундай. Ўрта-махсус бўйича ҳамма вилоятлар ўзига бориши керак, деган пункт бор. Бизга буйруқ келади. Ўша буйруқда шундай ёзилган, - деди суҳбатдошимиз.

Тошкент архитектура ва қурилиш институти қошидаги лицейдан олинган маълумотга кўра, вилоятда ўқиган ўқувчи, агар Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигидан махсус рухсат олса, пойтахт лицейларида ўқиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

- Бошқармадан рухсат сўралади. Ўзимизнинг ўрта-махсус касб-ҳунар бошқармасидан. Кейин марказ - вазирликдан рухсатнома бўлиши керак. Улар рухсат берса, қабул қилишимиз мумкин, - деди ушбу лицейнинг ўзини таништирмаган ходими.

Тошкент Давлат Техника университетига қарашли лицей ходими эса пойтахт лицейларига ўқувчиларнинг қабул қилинмаслигини қуйидагича изоҳлади:

- Қабул қилмасликнинг сабаби - биринчидан, ўқувчи Тошкентда ўқимаган. Тошкент фақат Тошкентни қамраб олиши керак, деган бошқарманинг фикри бор. Тошкент ўқувчисини Тошкент лицей-коллежлари қамраб олиши керак. Ана ундан кейин, агар жой етмай қолса, вилоятга рухсат берилади, - деди лицейнинг ўзини таништирмаган ходими.

Бу йил Тошкент Давлат Техника университетига қарашли ушбу лицейга вилоят ўқувчилари учун 30 та ўринга квота берилган. Лекин суҳбатдошга кўра, мазкур лицей фақат Тошкент вилояти ўқувчиларини қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Пойтахтдаги бошқа лицейлардан фарқли равишда Тошкент Давлат Педиатрия-тиббиёт институтига қарашли лицейлар вилоят ўқувчиларини қабул қилиши мумкин.

Айни пайтда лицейга вилоят ўқувчилари учун жуда чекланган миқдорда ўрин ажратилган бўлиб, бу йилги вилоятга ажратилган квота 30 июн куни тугаган.

- Вилоят учун жой берилган. Лекин қабулимиз вилоят учун ёпилган. Жойимиз тўлди. Ҳозир вилоятдан қабул қилмаяпмиз. Энди вилоятга қабул қилишга ҳамма лицейга ҳам рухсат берилмаган. Ётоқхонаси борлар ёки талаб кўпларга вилоятдан қабул қилишга рухсат берган, - деди Тошкент Давлат Педиатрия-тиббиёт институтига қарашли лицейнинг исмини очиқламасликни сўраган ходими.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда 533 минг 658 ўқувчи 9-синфни битирган. Улардан 482 минг 427 нафари ўқишни касб-ҳунар коллежларида, 51 минг 231 нафари эса академик лицейларда давом эттириши кўзда тутилган.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда жами 1396 та касб-ҳунар коллежи ва 141та академик лицей бўлиб, уларда 1,7 миллиондан ортиқ ўқувчи таълим олади.
XS
SM
MD
LG