Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:18

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Россияга билетларни долларга сотади


Авиачипталар АҚШ долларига сотилишини кўзда тутувчи ҳукумат қарори 15 июлдан кучга киради.
Авиачипталар АҚШ долларига сотилишини кўзда тутувчи ҳукумат қарори 15 июлдан кучга киради.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 15 июлдан бошлаб Россияга учаётган Ўзбекистон резидентлари, жумладан фуқароларига ҳам авиачипталарни фақат АҚШ долларига сота бошлайди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бунга оид қарори борлигини тасдиқлаган авиаширкат ходимлари, бошқа йўналишлар бўйича чипталар ҳозирча сўмга сотилаётганини маълум қилишди. 189-сонли қарорнинг қабул қилинишига нима сабаб бўлгани расмийлар тарафидан изоҳлангани йўқ, лекин бунинг ортида давлат ғазнасига валюта тушумини ошириш мақсади борлиги айтилмоқда.



Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 189-сонли қарори 15 июлдан кучга киради. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатига бу ҳақда махсус телеграмма юборилганини Тошкентдаги авиакасса ходими, Озодлик билан суҳбатда, тасдиқлади.

- Ҳа, билетлар долларда сотилади. Постановление кабинет министров (вазирлар маҳкамаси қарори-таҳр.) келди кеча. 189-номерли. Ўзбекистон резидентлари ҳам, норезидентлари ҳам Россияга долларда олади энди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу қарор фақатгина Россия йўналиши бўйича сотиладиган авиачипталарга тегишлидир, бошқа йўналишлар, масалан Европа, АҚШ ёки Осиё мамлакатларига билетларни сўмга сотиб олиш мумкин.

Шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ходимига кўра, Россия йўналиши бўйича авиачипталар хориж валютасининг бошқа турлари, масалан евро ёки Россия рублига сотилмайди.

Вазирлар маҳкамасининг 189-сонли қарорига кўра, чипталарни доллар ҳисоб рақамига боғланган пластик карталар билан ҳам сотиб олиш мумкин. Лекин билетлар фақатгина пластик картаси эгаси ёхуд унинг оила аъзолари номига олиниши шарт.

Ўзбекистон банкларидан хориж валютасини сотиб олиш деярли имконсиздир. Пластик карталарга сўмни АҚШ долларига конвертация қилиш суммаси эса, ҳар бир фуқарога, уч ойда бир марта 2 минг АҚШ долларигача қилиб белгиланган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати авиакассаси ходимининг Озодликка айтишича, вазирлар маҳкамаси қарорида АҚШ доллари тополмаган фуқароларга ташкилий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.

- 15 июлдан Россия федерациясига сотилади.

Озодлик: Ўзбекистон фуқароларига ҳамми?

- Ҳа.

Озодлик: Нимага?

- Телеграмма келган бизларга. Кабминдан постановление. У ерда сабаби айтилмаган.

Озодлик: Масалан Россияга бормоқчи бўлсам, долларим бўлмаса, ололмас эканманда билет.

- Йўқ. Сўмга ололмайсиз.

Озодлик: Долларни қаердан оламиз? У ҳақда айтилмаганми?

- Йўқ, у ҳақда ëзилмаган, деди авиакасса ходими.

Озодлик: Масалан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” банкга фуқаро Россияга билет олмоқчи эканига оид расмий хат ёзиб бериши мумкинми?

- Йўқ, унақа хат ёзиш ҳақида қарорда айтилмаган.

Ҳукумат қарорида юридик шахслар ўз ходимларини Россияга хизмат сафарига юбораётган бўлса, илтимосномага асосан миллий авиаширкат ўзбек сўмига билет сотиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Шу пайтгача, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати Ўзбекистонда ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқи бўлмаган хориж фуқароларига билетларни АҚШ долларига сотган. Ўзбекистонда доимий истиқомат қилган хориж фуқаролари жўнаш пункти мамлакат ташқарисида бўлган рейслар учунгина хориж валютасига билет сотиб олган.

Бундан ташқари хорижий авиаширкатларга ҳам ўз хизматларини Ўзбекистон ҳудудида валютага сотишларига рухсат берилган.

189-сонли қарорнинг қабул қилиниши борасида вазирлар маҳкамасининг мутасадди бўлимларидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Лекин мутахассислар фикрича, қарордан мақсад мамлакатда иқтисодий вазият қийинлашаётган вазиятда давлат ғазнасига валюта тушумини оширишдан иборатдир.

Айни пайтда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати ходимлари орасида ҳукумат Россияга кетаётган меҳнат муҳожирлари сонини ана шу йўл билан камайтирмоқчи, деган гап-сўзлар тарқаган.

- Нимагалигини ëзишмайди бизларга. Приказ беришади, шунақа бўлади дейишади.

Озодлик: Сабаби ҳақида бирор гап-сўз борми? Доллар тушумини кўпайтиришми ëки Россияга кетаëтганларнинг сонини камайтиришмикан?

- Ўшанга бўлса керак менимча. Визовая страна қилишмоқчи эди бўлмадику. Балки ўшангадир. Энди аниқ билиб бўлмайди. Шунга бўлса керак. Биз ҳам шунақа деб ўйлаяпмиз. А так умуман гап йўқ бу ҳақда. Айтишмади бизларга, деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ходими.

Авиачипталар Ўзбекистонда АҚШ долларига сотилаётган товар ва хизмат турининг ягонаси эмас. GM-Ўзбекистон ширкати ишлаб чиқараётган машиналарнинг кўпчилиги ҳам АҚШ долларига сотилади.

Озодлик манбаси юборган хабарга кўра, авиачипталарни маълум тоифадаги фуқаролар, жумалан ногирон ва беморлар ўзбек сўмига сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Бу тоифадаги йўловчиларга қуйидагилар киради:

1. 1941-1945 уруш иштирокчилари ва ногиронлари ёки уларга тенглаштирилган шахслар.

2. 1941-1945 уруш даврида фронт ортида мардонавор хизмат қилган, меҳнати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар.

3. Биринчи ва Иккинчи гуруҳ ногиронлари ва уларнинг ҳамроҳлари

4. Болаликдан ногиронлар ва уларнинг ҳамроҳлари.

5. Солиқни сақлаш вазирлиги йўлланмаси орқали даволаниш кетаёткан шахслар.

6. Телеграмма асосида қариндошларини дафн маросимига борувчи шахслар.

7. Чет элга таклифнома орқали ёхуд Олий Ўқув Юртлари йулланмаси орқали ўқишга кетувчи шахслар.

8. Чернобил АЭС фожеаси натижаларини ликвидация қилиш иштирок эткан шахслар.
XS
SM
MD
LG