Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:44

"Ўзбекистон МХХ қирғиз чегарачиларидан тушунтириш талаб қилмоқда"


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ўзбек-қирғиз чегарасида бугун юз берган отишма бўйича баёнот тарқатди.

Унда айтилишича, бугун соат 09:30 да хизмат вазифасини бажараётган ўзбек чегарачилари «М. Болтабоев» фермер хўжалигига қарашли «Сассиқсой» номли ҳудудда чегарани бузиб ўтган тўрт нафар қирғиз чегарачисини кўриб қолган.

Ўзбекистон томонига кўра, ўзбек чегарачилари қирғизистонлик ҳамкасбларидан бир неча бор ўз ҳудудларига қайтишни талаб қилган. Бироқ қирғиз чегарачилари рад жавобини берган ва Ўзбекистон чегарачиларига қарата ўқ очган.

Бунинг натижасида кичик сержант Р. Толипов воқеа жойида вафот этган, аскар Т. Жўраев ярадор ҳолатда Наманган вилояти Уйич туманидаги марказий шифохонага олиб борилган. Унинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Ўзбекистон чегарасидан 100 метр ичкарида қирғиз чегарачиларига тегишли патронлар гильзалари топилган.

Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси мазкур ҳодиса юзасидан Қирғизистон томонини тушунтириш беришга чақирган.

- See more at: http://uz.ca-news.org/news:19504/?from=rss&utm_source=uz.twit_feed&utm_medium=twit_uzb#sthash.1dE1o23b.dpuf
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Қирғизистон билан чегарада содир бўлган отишма учун масъулиятни Қирғизистон чегарачилари зиммасига юклагани хабар қилинди. 23 июль куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма содир бўлди ва унда ўзбек чегарачиси ўлди.


Ўзбекистон МХХнинг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси 23 июл куни икки ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган отишма юзасидан баёнот тарқатгани хабар қилинди.

Қўмитага таяниб интернет нашрлари берган хабарда айтилишича, Ўзбекистон томони отишманинг келиб чиқишига қирғиз чегарачиларининг ноқонуний ҳаракати сабаб бўлган, деб ҳисобламоқда.

12news.uz сайти берган хабарга кўра, 23 июл куни эрталаб соат 9 яримда содир бўлган отишма "М. Болтабоев" номли фермер хўжалигига қарашли "Сассиқсой" чегараолди ҳудудида 4 қирғиз чегарачисининг ноқонуний равишда Ўзбекистон томонига ўтгани боис низо келиб чиққан.

Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматига таянган нашр хабарига кўра, аввалига ўзбек чегарачилари қирғиз чегарачиларидан ўз давлати ҳудудига қайтишни сўрагани, аммо қирғизистонлик чегарачилар бу талабга бўйсунмаган, аксинча, Ўзбекистон чегарачиларига қарата ўқ узган.

Бунга қадар бу воқеа ҳақида ҳеч бир расмий манбага таянмаган ҳолда хабар берган 12uz.com сайти қирғиз чегарачилари маст бўлган, деб ёзган эди.

Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасига таяниб берилаётган хабарга кўра, 23 июл кунги отишма натижасида кичик сержант Р. Толипов воқеа жойида вафот этган.

Яна бир чегарачи аскар Т. Жўраев эса жароҳат олган ҳамда оғир аҳволда Наманган вилояти Уйчи тумани марказий шифохонасига ётқизилган.

Шунингдек, Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ўзбек-қирғиз чегарасининг Ўзбекистон қисмида содир бўлган бу воқеа юзасидан Қирғизистон ҳукуматидан изоҳ сўрагани айтилди.

Озодлик мухбири бу баёнотга оид хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасига боғланишга уринди, аммо жавоб олишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

Бунга қадар Қирғизистон Чегара хизмати ушбу воқеанинг 23 июль куни эрталабки соат 10 дан 25 дақиқа ўтганда Жалолобод вилояти Ахси туманининг Жетизагара деб аталувчи ҳудудида содир бўлгани ҳақида баёнот берган эди.

Қирғиз томони берган расмий маълумотда айтилишича, Қирғизистон чегара хизматининг уч ҳарбийси мазкур ҳудудни назорат қилаётган пайтда Ўзбекистоннинг икки чегарачиси Қирғизистон ҳудудига ноқонуний тарзда кириб келганини сезиб қолган.

Бишкек расмийларига кўра, қирғиз чегарачилари ўзбекистонликлардан мамлакат ҳудудини тарк этишни талаб қилган. Бироқ ўзбек чегарачилари бунга кўнмаган ва икки ўртада даҳанаки жанг бошланган. Бу жанжал муштлашувга айланиб кетган.

-Ўзбекистон чегарачилари қирғиз чегарачиларига нисбатан биринчи бўлиб қурол қўллади. Отишма натижасида Ўзбекистон Республикасининг бир чегарачиси ҳалок бўлган, иккинчи чегарачи яраланган. Қирғизистон томонидан жабрланганлар йўқ,- деб билдирди Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Сажира Чоколоева.

Айни пайтда чегарада содир этилган отишма тафсилотлари ўрганилмоқда. Воқеа жойида Чегара хизматининг Ўш ва Жалолобод бошқармаси зобитлари тешриув-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитовнинг билдиришича, ҳозирча воқеа юзасидан Ўзбекистон томони алоқага чиққан эмас ва ўз муносабатини билдиргани ҳам йўқ. Қирғиз расмийси Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ҳудудига 5 метр кириб келганини айтди.

“Ўзбекистон чегарачилари воқеа жойига етиб келган ва ҳалок бўлган ҳамда яраланган чегарачиларини ўз ҳудудига олиб кетган. Бизга маълум бўлишича, яраланган ўзбек чегарачиси Ўзбекистон ҳудудидаги касалхонага ётқизилган”, деди Тўқўн Мамитов.

Қирғизистон расмийлари Тошкент томонидан бу каби воқеларга муносабат бир неча кун, хатто бир неча ҳафтадан кейин билдирилиши сабабли чегара низолари асосан Ўзбекистон чегарачилари айби туфайли содир бўлаётганини иддао қилиб келади.

-Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистонга 21 та норозилик нотаси жўнатилди. Бу ноталарга бирор марта муносабат билдирилдими, чора кўрилдими каби саволлар эса очиқ қолмоқда. Бу ноталарнинг барчаси чегарадаги нохуш воқеалар билан боғлиқ, -деган эди парламент депутати Ирина Карамушкина бир неча ҳафта олдин қирғиз-ўзбек чегараси масаласига оид парламент йиғинида.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов чегарадаги нохуш воқеалар икки давлат ўртасидаги чегаранинг тўлиқ аниқланмагани ва белгиланмагани, Қирғизистон чегарачиларининг моддий –техник жиҳатдан яхши таъминланмагани ва чегарани қўриқлаш учун етарли заҳираларнинг мавжуд эмаслигидан келиб чиқаяпти, деб ҳисоблайди.

Мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон томонининг муносабати podrobno.uz интернет сайтида билдирилди. Бу нашр бирон бир давлат тузилмасига таянмаган ҳолда “Маст қирғиз чегарачилари автоматлардан ўзбек ҳамкасбларини отиб ташлади”, деган қисқа хабарни чоп этган.

“Бугун Наманган вилояти ҳудудида ҳар доимгидек маст қирғиз чегарачилари айби билан навбатдаги қонли воқеа содир этилди. Тиш-тирноғигача қуролланган қирғиз ҳарбийлари Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва ўзбек чегара нарядига қарши ҳеч нарса билан асосланмаган тарзда ўқ отган.

Оқибатда бир ўзбек ҳарбийси воқеа жойида ҳалок бўлди, икикнчиси эса оғир аҳволда касалхонага келтирилди. Шифокорларнинг айтишларича, унинг ҳаёти жиддий хавф остида”, дейилади podrobno.uz интернет сайти хабарида.
XS
SM
MD
LG