Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:57

Ўзбекистон масжидлари: 15 йил олдин 7000 та эди, ҳозир 2037 та


Бу йил Ўзбекистонда 27 та янги масжидда қурилиш ишлари олиб борилмоқда, 124 та масжидни капитал таъмирдан чиқариш кўзда тутилган. Бу ҳақда ахборот воситалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмовдан олинган маълумотларга таяниб хабар қилди. Идора расмийсига кўра, шу кунда Ўзбекистон бўйлаб 2037 та масжид мавжуд.


Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмовнинг журналистларга билдиришича, у вакили бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида 2012 йили мамлакат бўйлаб 12 та янги масжид қурилган, 20га яқинига моддий кўмак берилган.

Жавоби кўпчиликни қизиқтирадиган саволларимизни Мусулмонлар идораси вакили ёйинлаган маълумотлар баҳона шу идоранинг бошқа бир ходимига бердик.

Янги масжид қуриш учун изнни ким беради?

Бу саволимизга Мусулмонлар идораси Фатво бўлими ходими Абдулҳамид қори ака бундай жавоб берди:

- Масжидни очишга, ёки қуришга, ёки янгисига асос солишга юзга яқин фуқаро ўзи яшаб турган ҳудуд ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади. Маҳаллий ҳокимият рухсат бериб, масжид очилганидан кейин диний идора имом-хатибни тайинлайди.

Масжидни бирон бир бадавлат киши ўз маблағига қурмоқчи бўлса-чи?

- Бундай ҳолатда ҳам, аҳоли ҳокимликдан рухсат олиши керак. Рухсат берилганидан сўнг қуриб бериши мумкин.

- Ҳамкасбингиз тарқатган маълумотларга қараганда, Мусулмонлар идораси масжид қурилишига кўмак кўрсатар экан. Ўша кўмакни олиш учун нима қилиш керак?

- Қурилишга рухсат берилганидан, масжид учун ер ажратилганидан кейин ўша масжид қавми Диний идорага ёрдам сўраб мурожаат қилади. Ўша мурожаат асосида, маҳаллий ҳокимият билан келишилган ҳолда ёрдам кўрсатилиши мумкин, деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили.

Битта шаҳарда нечта масжид бўлуви керак? Умуман, масжид қуришга оид қандай меъёрлар бор?

Бу саволни таниқли олим, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқжон қори Камолиддинга бердик.

- Мусулмон уммати учун масжиднинг мавқеи марказий ўринда ҳисобланади. Шундай бўлишига қарамай, масжидларни мусулмонлар ўртасини бўлмайдиган, бирлигини бўлмайдиган ҳолатда қуриш буюрилган. Масалан, керак экан, деб ҳар 300 метрга биттадан масжид қуриш шариатда буюрилмаган. Уламоларнинг гапи борки, эҳтиёждан ортиқча қурилган масжидларнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлади. Қанчалик кўпроқ юриб борса масжидга, мусулмон шунча кўп савоб топади, дейилган, деди олим.

Содиқжон қори Камолиддин айтаётган меъёрдан келиб чиқилса, Андижон вилоятидаги Маслаҳат қишлоғида истиқомат қилувчи мусулмонлар бир неча йилдан бери савобнинг тагида қолди: бу қишлоқда масжид йўқ, қишлоқ аҳли икки - уч километр наридаги қўшни қишлоқ масжидига қатнайди.

Бу ҳақда маълум қилган тингловчимиз Садирохун Сўпиев 90 йиллардаги гапни эслаб бундай деди:

- Қишлоғимизда иккита масжид қурилиши бошланган эди. Икковиниям тўхтаттириб қўйишган. Битта масжидни одамларга бўлиб берди яшаш учун.
Тингловчимиз яшайдиган Маслаҳат қишлоғи масжиди қурилиши тўхтатилган ёки ишлаб турган масжиди ёпилган ягона қишлоқ эмаслигини ўзбекистонликлар яхши билади.

1998 йилга қадар мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган масжидлар сони етти мингдан ошар эди.

Бугунга келиб эса, аҳолиси 30 миллион кишидан ошган Ўзбекистонда 2037 та масжид мавжуд эканлиги айтилмоқда.

Қиёслаш учун: аҳолиси 5 ярим миллион кишилик Қирғизистонда 2200 та, аҳолиси 7 млн кишилик Тожикистонда қарийб 3500 та масжид мавжуд.
Бу рақамлардан келиб чиқиб, ислом олими Содиқжон қори Камолиддинга яна бир савол бердик.

- Масжидлар Ўзбекистонда озроқми ёки Қирғизистонда кўпроқми?

- Мен энди, хоҳ қўшни, хоҳ узоқроқ давлатлар бўлсин, уларни қиёслашдан узоқроқ туришга ҳаракат қиламан. Лекин Ер юзининг қайси давлатида бўлмасин, масжидлар эҳтиёжга қараб қурилиши керак, деган фикрни айтиб келаман. Ҳисоб-китобимизга кўра, икки километрдан ошса, яна битта масжид қурса бўлади, шунча масфофага баъзи бир қариялар ҳам бора олади, деган гапни айтамиз мусулмонлар орасида, деди Содиқжон қори Камолиддин.
XS
SM
MD
LG