Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:56

Милиционер қотилини топганга 2 та "Матиз" ваъда қилинди


Фарғонада 20 июлдан 21 июлга ўтар кечаси Қори Ниëзий кўчасида жойлашган “Ҳамкорбанк” филиали кассасига қуролли ҳужум қилиб, қоровулларни ўлдирган талончилар қидирилмоқда. Қотилликда гумон қилинаётганлар ҳақидаги эълонларда уларни топганга иккита "Матиз" ваъда қилинди.


Фарғона шаҳри аҳолиси шу йилнинг 20 июлдан 21 июлга ўтар кечаси милициянинг икки ходимини ўлдириб қочган қотилларни топишда Ички ишлар органларига ёрдам беришга даъват қилинмоқда.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ қотилларни топганга иккита “Матиз” автомобили ваъда қилинган.

Манбага кўра¸ шу кунларда Фарғона вилоятида куч ишлатар тузилмаларига оид 17 та гуруҳ қотилликка оид турли версияларни тафтиш қилмоқда.

20 июлдан 21 июлга ўтар кечаси Фарғона шаҳридаги Қори Ниëзий кўчасида жойлашган “Ҳамкорбанк” филиалига оид кассага қуролли ҳужум қилинган.

“Ҳамкорбанк”нинг ўзини таништирмаган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ қуролланган кишилар кассани ўмаришга улгурмаган.

Суҳбатдошга кўра¸ талончилар кассани қоровуллаëтган икки милиция ходимини ўлдириб, кўздан ғойиб бўлган.

Ўша куни “Ҳамкорбанк” филиалидаги кассада катта миқдорда доллар бўлгани ҳақидаги маълумотни Озодлик манбаларидан бири маълум қилди.

Касса жойлашган бинонинг ўша кунларда сигнализациядан узиб қўйилгани ва яхши қўриқланмаганидан талончилар хабардор бўлгани тахмин қилинмоқда.

Кассадаги пулларни ҳимоя қиламан, деб жон таслим қилган икки нафар милиционер — 43 яшар Акбаров Эркинжон Ҳайитбоевич ва 33 яшар Матазимов Рустам Носировичларнинг қотилини топиш учун бутун Фарғона вилояти бўйича оператив гуруҳлар иш олиб бораëтгани билдирилди.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг ўзини Бўрибой Омонзода, деб таништирган ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда қотилларни топиш учун бутун чоралар кўрилаëтганини билдирди.

Фарғона шаҳридаги қотиллик борасида исми сир қолиши шарти билан сўзлаган манбага кўра, айни кунларда Фарғонада ўнлаб киши сўроққа тортилган.

- Энди бу бўйича ҳозир ишланаяпти. Банкда ишлаган ходимлар, ишлаб пенсияга чиқиб кетганлар, собиқ милиция ходимлари, асосий банк биносини бузган қурувчилар бирма-бир сўроқ қилинмоқда. Ниҳоятда одам кўп сўроқ қилинаяпти. Прокуратурада штаб ташкил қилинган. 17 та группа турли йўналиш бўйича ишлаяпти¸ деди ишончли маълумотга эга суҳбатдош.

Манбанинг айтишича¸ шу кунларда Фарғона вилояти маҳаллаларида участка милиция нозирлари мажлис ўтказиб, аҳолидан қотилларни топишда кўмак сўрамоқда.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати мулозими Озодлик билан суҳбатда банк талончиларига қарши курашда ҳалок бўлган Акбаров Эркинжон Ҳайитбоевич ва Матазимов Рустам Носировичнинг оиласига моддий-маънавий ëрдам берилаëтганлигинини ҳам таъкидлади.
XS
SM
MD
LG