Линклар

Шошилинч хабар
15 сентябр 2024, Тошкент вақти: 01:12

Обама: АҚШ Россия билан муносабатини қайта баҳоламоқда


АҚШ Президенти Барак Обама Россия Президенти Владимир Путиннинг “эскича” фикрлаши боис Вашингтон Россия билан ўз муносабатини қайта баҳолаётганини баён қилди. Путин билан учрашувни бекор қилганидан сўнг жума куни Вашингтонда сўзлаган Барак Обама мухбирларга Путинни “эскича ўрнига келажакни кўзлаб фикрлашга” ундаганини айтди.

АҚШ Президенти Барак Обама Россия Президенти Владимир Путиннинг “эскича” фикрлаши боис Вашингтон Россия билан ўз муносабатини қайта баҳолаётганини баён қилди. Путин билан учрашувни бекор қилганидан сўнг жума куни Вашингтонда сўзлаган Барак Обама мухбирларга Путинни “эскича ўрнига келажакни кўзлаб фикрлашга” ундаганини айтди.

АҚШ Президенти Барак Обама 2012 йилда Владимир Путин қайта Россия президенти этиб сайлангунига қадар Қўшма Штатлар ва Россия муносабатларида муваффақиятга эришилганини урғулади.

- Жуда кўп яхши ишлар амалга оширилди ва бу ишлар давом этади. (Дмитрий) Медведев президент бўлган пайтда Бош вазир лавозимида ишлаган Путин президент лавозимини қайта эгаллади. Менимча, бизнинг назаримизда Россияда совуқ уруш давридаги стериотипларга асосланган Америкага қарши кайфиятлар кўзга ташлана бошлади. Мен жаноб Путинни “эскича ўрнига келажакни кўзлаб фикр юритишга” рағбатлантирдим, дея баён қилди АҚШ раҳбари.

Барак Обама ҳозир АҚШ-Россия муносабатларида Суриядаги фуқаролик уруши, инсон ҳуқуқлари ва Россиянинг “бесоқолбозлик”ка қарши қонуни каби қатор масалаларда “айри қарашлар” юзага келганини қўшимча қилди.

Москва АҚШ марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуденга Россияда вақтинча яшашга рухсат бергани Вашингтон расмийлари хафсаласини пир қилди.

АҚШ Федерал прокурорлари Қўшма Штатлар электрон кузатув дастурлари ҳақидаги махфий маълумотларни оммага ошкор қилган Эдвард Сноуденни жавобгарликка тортиш учун уни қайтариб беришни Россиядан талаб қилмоқда.

Обама Россияда бесоқолбозликка қарши қонун қабул қилиниши ортидан уларнинг ҳуқуқлари энг кўп поймол этилгани боис 2014 йилда Россиянинг Сочи шаҳрида ўтадиган Қишки Олимпиадага АҚШнинг бойкот эълон қилиши ўринли бўлмаслигини урғулади.

- Мен умид қилаётган нарсалардан бири, гей ёки лесбиан спортчиларнинг ватанга олтин, кумуш ёки бронза медаллари олиб келишидир. Менимча, ҳозирда у ерда кўзга ташланаётган салбий қарашнинг барҳам топиши учун кўп вақт керак бўлади деб ўйлайман, деди АҚШ президенти.

Вашингтонда сўзлаган президент Барак Обама журналистларга АҚШ разветка хизматларининг кузатувлари “нисбатан шаффоф” бўлиши кераклигини баён қилди.

Обама АҚШ разведка хизматларига ўз кузатув дастурлари борасида оммага имкон қадар кўпроқ маълумот бериш тўғрисида кўрсатма берганини айтди.

Президент Обама мустақил гуруҳ АҚШ разведка хизматларининг терроризмга қарши олиб бораётган кузатув услублари АҚШ манфаатлари ва қадриятларига мос эканини ўрганишини билдирди.

- Бундай чоралар бизнинг уринишимиз мамлакат манфаатлари ва қадриятларига мос эканига Америка халқини ишонтиришга қаратилган. Дунёдаги бошқалар учун шуни яна бир марта аниқ ва равшан айтмоқчиманки, Америка оддий одамларни кузатишдан манфаатдор эмас. Бизнинг разведка хизматларимиз эътиборни аввало халқимизни, аксар ҳолларда, иттифоқчиларимизни ҳимоя қилишга қаратилган маълумотларни излаш билан шуғулланади, дея баён қилди АҚШ президенти.

Барак Обама айтиб ўтган мустақил гуруҳ АҚШ хавфсизлик агентликлари ҳақидаги дастлабки ҳисоботни октябр ойида эълон қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG