Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:00

Ўзбек "милиционер"ини таҳқирловчи видео тарқалди


Бу суратнинг мақолада тилга олинган видеолавҳага алоқаси йўқ.
Бу суратнинг мақолада тилга олинган видеолавҳага алоқаси йўқ.
Ўзбек милиционери формасини кийган шахснинг намойишкорона таҳқирлангани акс этган видеолавҳа Интернетдаги WhatsApp тармоғида телефондан-телефонга ўтиб тарқалмоқда.

Мазкур лавҳа Тошкентдаги муштарийлар орасида қўлма-қўл бўлгач, электрон почта воситасида Озодлик мухбирларига ҳам келди.


Лавҳада ўзбек милиционерининг бош кийими ва енгига ички ишлар вазирлиги белгиси ёпиштирилган яшил форма кўйлак кийган, шимсиз эркак киши бошини ҳам қилган ҳолда қўлини кўксига қўйиб "урманглар", деб ëлвормоқда.

Кадр ортида янграган Тошкент шевасидаги овоз соҳиби милиционер деб тушунилаётган шахсни уят гаплар билан тинимсиз сўккани эшитилади.

Тахқирланаëтган шахс эса “бўпти ока” деб, тинимсиз шафқат сўрайди. Шу аснода кадр ортидаги овоз янада даҳшатли янграй бошлайди ва овоз эгаси “милиционер”ни бир четда тик турган бутилка устига ўтиришга мажбурлай бошлайди.

Ҳақорат ва сўкишлар суръати тезлашади. Кадр ортида туриб сўкаëтган шахс ўнг оëғи билан “милиционер” ни қаттиқ тепади.

“Милиционер” забун аҳволда ерга йиқилади ва амаллаб ўрнидан туради.

“Милиционер” “бўпти ока” деб зорланишда давом этади. Кадр ортида туриб сўкаëтган шахс эса “милиционер”га тасвирда кўриниб турган шиша бутилкага ўтиришни жаҳл билан қайта-қайта буюради. Атрофдан "бўлди-бўлди" деган бошқа овозлар ҳам эшитилади. Ҳақоратлар ëмғири ортида қолган “милиционер” деворга суяганча турибди. 45 секундлик видеолавҳа шу жойда тугайди.

Бу видеолавҳанинг ҳаваскор артистлар тарафидан атайлаб саҳналаштирилгани ҳақида ҳам иддаолар бор.

Аммо бизга аниқ бўлгани шуки, ўзбек милиционери формасидаги шахс ошкора таҳқирланади.

Кадр ортидаги шахс милиция ходимлари шаънига уят сўкишларни қалаб ташлайди.

Озодлик мухбири милиционер, деб тушунилаётган шахснинг таҳқирлангани акс этган видеотасвир юзасидан изоҳ сўраб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қўнғироқ қилди.

Озодлик мухбири вазирлик телефон тармоғига уланган пайтида Ички ишлар вазирлиги зобити қўл остидаги ходимга буруқ бераëтгани эшитилиб турди.

Лавозими юксак зобит қўл остидаги мулозимни тилга олиб бўлмас тарзда ҳақоратли калималар билан сўкар эди.

Ниҳоят милиция мулозими уни тармоқда маҳтал бўлиб кутиб турган Озодлик мухбирига сасланиб, "эшитаман", деди.

"Шунақа видео тарқалибди", дея мулозимга вазиятни тушунтирдик.

- Бунақа видеодан ҳабарим йўқ, бу видеони сизга ким берди, дея мулозим Озодлик мухбирига оид маълумотларни ëзиб олди.

- Эл юрт орасида милиционерларнинг обрў эътибори йўқми? Аҳолининг сизларга муносабати қандай, деган саволимизга милиция мулозими бир оз жим қолди ва синиқ товушда “нормалний” деди.

Суҳбатдошимиз милиционерларнинг обрў-эътибори масаласини Саидали Рустамов деган бошлиқ муҳокама қилишини айтиб телефон номер берди.

Аммо бу телефонга боғлана олмадик.

Интернет тармоғига қайтиб “ўзбек милиционерлари” дея қидирув берганимизда Yotube.com порталида ўзбек милиционерлари ҳақорат қилинган ўнлаб видеотасвирлар борлигини кўрдик.

Бу тасвирлардан бирида Тошкентнинг Лабзак мавзеидаги ДАН ходими уни ўраб олган ҳайдовчилар тарафидан ҳақоратланади.

Ўзбек милиционерларини “порахўр”, дея сўккан ўзбек қўшиқчиси Абдулла Қурбонов акс этган видеотасвир остидаги ëзувларда ҳам милиционерлар ëнини олганларни деярли кўрмаймиз.

Ўзбек милиционерларининг интернетда обрўсизлантиришига қарши Ўзбекистон Ички ишлар взаирлиги бирор бир муносабат билдиргани тўғрисида бирон маълумот учратган эмасмиз.

Биз бу лавҳа мазмунини Ўзбекистонда истиқомат қилаëтган бир неча журналистга айтиб бериб, улардан фикр сўрадик. Лекин биз алоқада бўлган уч нафар журналист ўзбек милиционерларини ҳимоя қилиб бирор сўз айта олишмади.

Исми айтилмаслигини истаган тошкентлик журналист бир кун олдин милиционерлар тазйиқига учраганини айтади:

- Мен кеча метро бекатидаги рекламани суратга олганим заҳоти милиционерлар қўлга олишди. Уят гаплар билан сўкишди. Шу боис мен уларни ҳимоя қилгим келмайди. Лекин кадр ортидаги сўконғичларни ҳам ëқламайман, деди журналист.

Ўзини Феруза, деб таништирган журналист тасвирдаги “милиционер” аҳволига ачингани ва ўзбек эркакларининг беҳаë сўкинишлари кўча-кўйда тез-тез эшитилаëтганидан безор бўлганини ëзиб юборди.

Марказий Осиëда энг кўп сонли милиция ходимларига эга бўлган Ўзбекистонда 22 йилдан бери "Милиция тўғрисида"ги қонун қабул қилинмаган.
XS
SM
MD
LG