Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:51

Шанба кунги ҳодисадан кейин Муҳаммад Солиҳнинг уйи қаттиқ қўриқланмоқда


Муҳаммад Солиҳнинг Истамбулдаги уйи шанбага ўтар кечаси номаълум шахслар тарафидан ўққа тутилди.
Муҳаммад Солиҳнинг Истамбулдаги уйи шанбага ўтар кечаси номаълум шахслар тарафидан ўққа тутилди.

Озодлик билан суҳбатлашган Туркия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходимига кўра¸ 24 августда ўққа тутилган Истанбулдаги Муҳаммад Солиҳ яшайдиган уй қаттиқ қўриқланмоқда.


24 августга ўтар кечаси Ўзбекистон халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи ўққа тутилди. Воқеа гувоҳларига кўра, ўқлар Муҳаммад Солиҳ истиқомат қиладиган уйнинг кириш эшигига теккан ва дераза ойналарини синдирган.

Мухолифат етакчисининг Озодликка айтишича, ҳеч кимга зарар етмаган.
Озодлик билан суҳбатлашган Туркия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходимига кўра¸ Истанбул полицияси ҳодиса юзасидан суриштирув олиб бормоқда.

Вазирлик ходимига кўра, ходисани Туркия ички ишлар вазирлиги назоратга олган.

Айни пайтда, Ўзбекистон мухолифати етакчисининг Истанбулдаги уйи олдингига нисбатан анча кучайтирилган тарзда қўриқланаëтгани айтилди.

Ўқ узганлар гилзаларни йиғиштириб олишган

Солиҳ уйини қўриқлаётган соқчи тунги соатларда ўқ узган номаълум шахсларнинг автомобилда бўлганини айтган. Шунингдек, ўқ узганлар икки киши бўлгани ҳам тахмин қилинмоқда.

Яна бир тахминларга кўра, ўқ узганлар юзларини яширишмаган ва машинадан тушиб гилзаларни териб олишган.

Бу тахминни қисман тасдиқлаган Муҳамад Солиҳ 26 август куни ҳам полиция ҳодиса бўйича текширувларни давом эттирганини айтди:

- Мени Туркияда бирор душманим йўқ. Мен бир сиëсатчиман. Мен олиб бораëтган сиëсатга барҳам бермоқчи бўлганлар ўқ узди, деб тахмин қиламан холос. Ҳужум ким томонидан уюштирилгани ҳозирча маълум эмас ва менга айнан ким ҳужум қилгани борасида аниқ таҳмин йўқ¸ аммо жума куни шанбага ўтар кечаси бўлди, яъни дам олиш кунлари арафасида содир этилганининг ўзидан махсус қилингани кўриниб турибди,- деди Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик билан суҳбатлашган Туркия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходимига кўра¸ айни пайтда Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи қаттиқ қўриқланмоқда.

Тазйиқлар билан юзма-юз

Ўзбекистон мухолифати арбобларига нисбатан ҳужумлар илк бора бўлаëтгани йўқ. 2011 йилнинг 24 сентябр куни, ўзбек мухолифати фаолларидан бири Фуад Рустамхўжаев Иваново шаҳрида ўз уйи олдида отиб кетилган эди.

2012 йил 22 феврал куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида Ўзбекистондаги Каримов режимини ошкора танқид қилиб келган таниқли уламо Обид қори Назаровга ўз уйи подъездида суиқасд уюштирилган эди.

Яқин тарихга назар солсак, ўзбек мухолифат етакчилариининг таҳдид билан юзма-юз бўлган ҳолатлари кўплигини кўрамиз.

2001 йил 15 июнида Қашқадарёлик мухолифатчи¸ парламент депутати Шовриқ Рўзимуродов қўлга олинди ва сал ўтмай жасади оиласига қайтарилди. Шовриқ Рўзимуродовнинг тергов давомидаги оқибатида ўлгани айтилади.

1999 йили Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши бош бошқармаси бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва Интерполнинг Ўзбекистон бўлими бошлиғи полковник Маҳмуд Хайитовлар, Россияда тадбиркорлик билан шуғулланадиган собиқ милиционер Баҳром Мўминохунов иштирокида Муҳаммад Солиҳга қарши амалга ошмай қолган суиқасд ҳақида Озодлик радиоси рус ҳизмати мақола эълон қилган эди.

Бу радиомақолада Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд қилишдан охирги дақиқада воз кечган собиқ милиционер Баҳром Мўминохуновнинг иқрори ўрин олган.

Муҳаммад Солиҳ ҳақида

Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ 1949 йилда Хоразм вилоятида туғилган.
Тошкент Давлат Университети(ҳозирги Миллий Университет)нинг Журналистика факультетини, Москвадаги Олий Адабиёт курсини тугатган.

Муҳаммад Солиҳ ёшлигидан коммунистик тузум мухолифи бўлган.

Солиҳ ўзининг дунёқарашига Совет Армияси сафида Чехословакияда хизмат қилган пайтида 1968 йилги "Прага баҳори"нинг Шўролар тузуми томонидан бостирилишининг ҳам таъсир қилганини айтган.

Муҳаммад Солиҳнинг илк шеърий китоби 1977 йилда нашр этилган, шундан сўнг у авангард шоир сифатида танилган.

СССРнинг сўнгги йилларидаги ошкоралик сиёсати Муҳаммад Солиҳни ўткир публицистга айлантирди.

У Ўзбекистондаги пахта яккахокимлиги, Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик фожеа мавзуларида кўплаб мақолалар эълон қилди.

Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган илк норасмий мухолиф ҳаракат - "Бирлик"нинг асосчиларидан бири бўлди. Муҳаммад Солиҳ мухолифатдаги "Эрк" демократик партиясини 1990 йилда ташкил этди.

Муҳаммад Солиҳнинг номзоди Ўзбекистонда 1991 йил декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга рақиб сифатида илгари сурилган, расман 12,7 фоиз овоз тўплагани хабар қилинди.

Ўзбекистонда мухолифатга қарши бошланган тазйиқлар 1993 йилда Муҳаммад Солиҳни ватанни тарк этишга мажбур қилди. Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳни 1999 йилги 16 феврал портлашларининг ташкилотчиларидан бири деб айблаган, лекин Ўзбекистон Олий судида кўрсатма берган ва кейин қамоқхонада ҳаётдан кўз юмган Зайниддин Асқаров Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги кўрсатмаларини қийноқлар натижасида олинганини Озодликка билдирган эди.

2011 йилдаги "Араб баҳори" дан руҳланган ўзбек мухолифатчиларини, Берлин шаҳрида қатор Ўзбек мухолиф гуруҳларини ўзида бирлаштирган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига асос солишди. Муҳаммад Солиҳ бу қурултойда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг раиси этиб сайланди.
XS
SM
MD
LG