Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:07

Ucell МТС-Ўзбекистондан қолган частоталарни сотиб олмоқчи


Ucell раҳбарияти МТСнинг Ўзбекистондаги собиқ шўъбаси - "Ўздунробита"дан қолган частоталарни сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Ucell эгаси бўлган Швециядаги TeliaSonera ширкати ҳануз президент қизи Гулнора Каримова билан пора олди-бердиларига оид иддаолар текширилаётган терговлар марказидадир.



Ucell Техник директори Гуркан Арслон ширкат айни дамда МТСнинг Ўзбекистондаги собиқ шўъбаси - "Ўздунробита"дан қолган частоталарни сотиб олишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди.

Mezon.uz Интернет нашрига берган интервьюсида Гуркан Арслон Ўзбекистонда иккинчи йирик мобил алоқа оператори бўлиб қолаётган Ucell қамров доираси ҳамда хизмат сифатини оширишга ҳаракат қилаётганини айтди.

Жумладан, йил охирига қадар ширкат мамлакатнинг 95 фоизини қамраб олишини таъкидлаган Ucell мулозими интернет нашри мухбирининг: "Собиқ МТС-Ўзбекистонга оид частоталарини харид қилишга қизиқмаяпсизми?" деган саволига жавобан:

"Қизиқаяпмиз. Лекин бу масалани ҳукумат ҳал қилади", деб жавоб берди.

Ҳозирча Ucell ширкати Техник директори Гуркан Арслон жанобларининг ўзи билан суҳбатлашиш имкони бўлмади.

Шунингдек, Ucell эгаси TeliaSonera ширкатининг жамоатчилик билан алоқаларини юритаётган BGR Group вакили Жон Ло ҳам ҳозирча бу борада бирор қўшимча изоҳ беролмаслигини айтди.

Бироқ айни дамда TeliaSonera ширкати ўз шўъбаси бўлган Ucellнинг Ўзбекистондаги фаолияти учун олинган частоталар эвазига Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага бергани иддао қилинган порага оид терговлар марказида қолмоқда.

TeliaSonera раҳбарларининг Ўзбекистондаги мобил алоқа частоталарини сотиб олиш учун Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd. ширкати воситасида Гулнора Каримовага катта миқдорда пора берганига оид иддаолар илгари сурилган эди.

Ҳозир Швеция, Швейцария ҳамда Франция прокурорлари бу иддаолар бўйича тергов олиб бораётган бир пайтда ширкатнинг Тошкентдаги шўъбаси раҳбари оғзидан янги тўлқинларни харид қилиш истаги янграгани жамоатчилик эътиборини тортмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистондаги мобил алоқа бозори гиганти бўлган МТС-Ўзбекистон алоқа оператори ўрнини ким эгаллайди, деган савол жавоби ҳам миллионлаб ўзбекистонликларни қизиқтирмоқда.

Зеро, 2012 йилнинг 17 июлида фаолияти тўхтатилгунига қадар "Ўздунробита" ширкати алоқаси мамлакатнинг 94 фоизини қамраб олувчи, абонентлари сони 9 ярим миллиондан ортган энг йирик алоқа оператори эди.

Айни дамда “Ўздунробита” ширкати банкрот, деб эълон қилинган ва унинг кимошди чиқарилган 510 миллион долларлик мулки давлат тассаруфига ўтказилгани рус матбуотида хабар қилинган.

МТСнинг Москвадаги раҳбарияти бу хабарлар юзасидан бирор расмий изоҳ бергани йўқ.

Бу ширкат фойдаланган мобил алоқа частоталари учун сотиб олинган ҳақ эса, Ўзбекистон қонунчилигига биноан, лицензия бекор қилинган кундан биноан ўз кучини йўқотган, деб ҳисобланади.

1996 йилда Coscom номи билан иш бошлаган ва 2007 йилдан бошлаб TeliaSonera ихтиёрига ўтган Ucell ҳозир Ўзбекистонда Beeline операторидан кейинги иккинчи йирик мобил алоқа оператори бўлиб қолмоқда.

Ширкат расмийлар бериган маълумотга кўра, ҳозир бу оператор абонентлари сони 10 миллиондан ортиқдир.

Аммо Ucell операторининг хизмат сифати пастлигидан шикоятлар кўп ва бу борадаги саволларга жавоб берган Техник директори Гуркан Арслон қўшимча частоталарни харид қилиш сифат даражасини сезиларли равишда оширишини айтган.

Ўзбекистондаги қонунчиликка биноан эса давлат ҳудудидаги мобил алоқа частоталарига эгалик ҳаққи Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш давлат қўмитасига берилган.
XS
SM
MD
LG