Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2024, Тошкент вақти: 00:36

Обама Сурияга зарба бериш учун Конгрессга мурожаат қилди


АҚШ Президенти Барак Обама Дамашқ яқинида кимёвий қуроллар қўллагани иддао қилинган Сурия ҳукуматига қарши “чекланган” ҳарбий зарба беришга рухсат сўраб, Конгрессга мурожаат қилди. Айни пайтда дунё лидерлари Обаманинг Сурия бўйича қабул қилган қарорига эҳтиёткорлик билан муносабат билдирмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама Дамашқ яқинида кимёвий қуроллар қўллагани иддао қилинган Сурия ҳукуматига қарши “чекланган” ҳарбий зарба беришга рухсат сўраб, Конгрессга мурожаат қилди. Айни пайтда дунё лидерлари Обаманинг Сурия бўйича қабул қилган қарорига эҳтиёткорлик билан муносабат билдирмоқда.



31 август куни Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ президенти Барак Обама Сурия ҳукуматига қарши “чекланган” ҳарбий зарба беришни сўраб, Конгрессга мурожаат қилди.

Сурия ҳукуматига тарафдор кучлар 21 август куни Дамашқ яқинида амалга оширгани иддао қилинган кимёвий ҳужумни “даҳшатли” деб атаган Обама унга жавобан “чекланган” ҳарбий зарба берилиши кераклигини айтди.

Обама бундай чора кимёвий қуроллар қўлланилишига тоқат қилинмаслигига мужда бўлишини урғулади.

- Хатоликка йўл қўйманг. Бу кимёвий урушдан ташқари бошқа оқибатларга ҳам эга. Агар биз ушбу даҳшатли ҳаракатни амалга оширганларга жазо чорасини кўрмасак, халқаро қонунларни писанд қилмай, ядровий қуролни тайёрлашга уринаётган ҳукуматларга, биологик қуроллар тарқатмоқчи бўлган террорчиларга, геноцид содир этаётган армияларга қарши туриш қароримиз қаерда қолади? Биз ўз фарзандларимизни берган ваъдаларимиз, имзоланган шартномаларимиз бажарилмайдиган ва бизни шакллантирган қадриятларимизга риоя қилинмайдиган дунёда вояга етказа олмаймиз, - деди АҚШ президенти.

Шанба куни кечқурун Оқ Уй Сурияда кимёвий ҳужумлар яна уюштирилишининг “олдини олиш, тўхтатиш ва бундай ҳужумлар эҳтимолини камайтириш”ни назарда тутган қонун лойиҳасини Конгрессга йўллаб, уни тасдиқлашни сўради.

Ёзги таътилдан 9 сентябр куни қайтадиган Сенат ва Намояндалар палатаси аъзоларининг бу масаласини муҳокама қилиб, овозга қўйиши кутилмоқда.

Обама маъмурияти расмийлари Конгресс аъзолари Сурияга “чекаланган” ҳарбий зарба беришни қўллаб-қувватлашига ишонч билдирди. Бироқ бу чоранинг тасдиқланиши кафолатланган эмас.

Конгресснинг айрим аъзолари ҳарбий зарба берилишига қарши. Бошқалар эса Сурия Президенти Башар ал-Ассад режимини ҳокимиятдан ағдариш учун ҳарбий амалиётлар ўтказилишини дастакламоқда.

Охирги сўров натижалари америкаликларнинг аксари Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказиш АҚШ манфаатига хизмат қилади, деган фикрга қўшилмаслигини кўрсатган.

АҚШ разведка хизматлари томонидан жума куни эълон қилинган маълумотларга кўра, АҚШ расмийлари 21 август кунги кимёвий ҳужум учун президент Ассад ҳукумати масъул эканига “қатъий ишонч” билдирган.

Ҳисоботда кимёвий ҳужумда 1400 одам, жумладан, 400 нафар бола нобуд бўлгани қайд этилган.

Шанба куни ўз қарорини эълон қилган Барак Обама Қўшма Штатлар куч қўллаши учун БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюция қабул қилиши шарт эмаслигини урғулаган.

Суриянинг иттифоқчиси бўлган Россия БМТ Хавфсизлик кенгашида резолюция қабул қилинишига қарши ҳаракатларга бошчилик қилиб келмоқда.

Дунё лидерлари АҚШ президентининг Сурия ҳукуматига қарши “чекланган” ҳарбий зарба бериш ҳақидаги қарорига эҳтиёткорлик билан муносабат билдирмоқда.

1 сентябр куни Япония Бош вазири Шинзо Абе ўз ҳукумати Конгрессдаги мубоҳасаларни диққат билан кузатиб боришини айтди.

- Биз АҚШ Конгрессидаги воқеаларни диққат билан кузатиб борамиз. Вазият ўнгланишига умид қилган ҳолда, маълумот йиғиш ва уни таҳлил қилишни халқаро ҳамжамият билан мувофиқлаштириб борамиз, - деди Япония Бош вазири.

Сурия Бош вазири Ваел ал-Халқий Сурия армияси АҚШнинг ҳар қандай ҳаракатига жавоб қайтаришга “тўла тайёр” эканини айтди.

Эроннинг Исломий инқилоб посбонлари корпуси қўмондони Муҳаммад Али Жафарий Сурияга “ҳарбий интервенция чекланган” бўлади, деб ўйлаш “хом хаёл” бўлишини урғулади.

Мухолифатдаги Озод Сурия Армиясининг Шарқий бирлашган қўмондонлиги бошлиғи ўринбосари Муҳаммад Абуд АҚШ президентининг қарорини олқишлади.

- Биз бу қарорни анча вақтдан бери кутаётган эдик. Вақт кетган бўлса ҳам, АҚШ бу ҳақда қарор қабул қилди. Сурия халқи ва озодлик жангчилари президент Обама шундай қарор қабул қилганидан мамнун, - деди Муҳаммад Абуд.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро шанба куни АҚШ президентини БМТни четлаб қарор қабул қилгани учун танқид қилди.

Москвада Россия Давлат Думасининг Хорижий масалалар бўйича қўмитаси раиси Алексей Пушков Twitter орқали Обама урушга озгина бўлса-да, қонуний тус бериш учун Конгрессга мурожаат қилганини ёзди.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон ва Франция Президенти Франсуа Олланд АҚШ Президенти Барак Обамани Сурияда “чекланган” ҳарбий амалиёт ўтказишга рухсат сўраб, АҚШ Конгрессига мурожаат қилганини олқишлади.
XS
SM
MD
LG