Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 09:10

Ўқитувчи байрамида бошқалар дам олди, унинг ўзи пахта терди


Президент Каримов 1 октябр - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табригида "пахтакор" устозларга таъзим бажо келтирган.
Президент Каримов 1 октябр - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табригида "пахтакор" устозларга таъзим бажо келтирган.

Ўзбекистонлик муарббийларнинг аксари ўз касб байрами – 1 октябр кунини пахтазорда нишонлади. Бу кун умумхалқ байрами деб эълон қилинганига қарамай пахтакор туманлардаги коллеж ва мактаблар ўқитувчилари пахта теримига ҳайдалди.



Ўқитувчи ва мураббийлар куни – 1 октябр умумхалқ байрамида ҳамма дам олди, мамлакатдаги корхона ва идоралар, олийгоҳ, коллеж-лицейлар, мактаблар ва боғчалар ишламади.

Ҳамма байрам қилиб турганда ўқитувчи эрта тонгдан фартугини қўлтиқлаб, пахта даласига йўл олди.

Озодлик шу куни пахтакор туманлардаги қайси ўқитувчи билан боғланмасин, уларнинг ҳаммаси пахтага чиқарилганини айтди.

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи Раҳимахонни Озодлик байрам билан табриклаганда у 30 килограмм пахта териб улгурган экан:

Раҳимахон: Катта раҳмат, сизларга ҳам қутлуғ бўлсин, соғ бўлинглар.

Озодлик: Байрамни қаерда нишоняпсизлар?

Раҳимахон: Қаерда бўларди, пахта даласида-да. Бир кунга ҳашарга келдик.

Озодлик: Қанча пахта тердингиз шу пайтгача?

Раҳимахон: Ўттиз килограмм.

Озодлик: Байрам нима бўлади энди?

Раҳимахон: Байрамни кечқурун нишонлашга қарор қилдик.

Озодлик: Ўз ихтиёрларинг билан ҳашарга чиқдиларингми?

Раҳимахон: Вооой, нима деяпсиз, албатта ўз ихтиёримиз билан, деҳқонларимизга ёрдам берайлик, пахтаси қолиб кетмасин дедик. Мааааааааазза, кенг дала, тоза ҳаво. Журналист бўлсангиз яхши тушунасиз, қўштирноқ ичидаги гапларни,- деди кулиб ўқитувчи Раҳимахон.

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги ўқитувчилардан бири ҳам наманганлик ҳамкасблари каби байрам куни пахтага сафарбар этилганини айтар экан, бу ҳолат ўқитувчиларни таҳқирлашдан бошқа нарса эмас дейди:

- Биз байрамни кеча кечқурун ўтказдик. Буни ўқитувчилар ўзлари ташкил қилди. Ҳокимиятдан ҳеч ким келиб табриклагани ҳам йўқ. Байрамни ўтказгандан кейин директор эртага ҳамма пахтага деди. Мен пенсия ёшига етиб қолганим учун чиқмадим. Бутун республика дам оляпти, ўқитувчилар эса пахта теряпти, бунақаси собиқ иттифоқ пайтида ҳам бўлмаган,- деди жомбойлик ўқитувчилардан бири.

Ўзбекистондаги вилоятлардан биридаги олийгоҳда ишлайдиган Бобур домлани ҳам қидириб, пахтазордан топдик:

- Бугун пахта даласида жавлон уряпмиз. Биз бугун байрам қилишимиз, дам олишимиз керак эди. Лекин раҳбарлар қўйишмаяпти, ҳаммаларингни ўрнинг бугун далада деяпти. Мана 15 кундан буён мен 500 килоча пахта тердим, кунига 40-50 килодан теряпман. Ҳар куни беш-олтита катталаримиз неча кило тердинг деб ҳисоб сўрашади. Кам терсак, биз ҳам гап эшитамиз,- деди олийгоҳ ўқитувчиси Бобур домла.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:42 0:00
Бевосита линк


Пахта экилмайдиган туманларда ҳам ўқитувчилар бу кампанияга ўз ҳиссаларини қўшишга мажбур бўляпти. Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги мактаблардан бирининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси пахта теримига ўз ўрнига одам ёллаб жўнатганини айтади:

- Худога шукр, бизда пахта йўқ. Лекин ҳар бир ўқитувчига ўрнига одам топиб, ётоққа жўнатиш топшириғи берилган. Ўртача ойига 350-400 минг сўмга одам ёллаб, Мирзачўл туманига жўнатдик. Тополмаганлар ўзи кетяпти теримга. Ўқитувчи маошини ёрдамчига беряптида энди,- деди ўқитувчи.

Ўзбекистон президенти 1 октябрни Ўқитувчи ва мураббийлар куни, деб эълон қилиш тўғрисидаги фармонни 1996 йилнинг 27 декабрида имзолаган ва бу кун мамлакатда дам олиш куни, деб эълон қилинган эди.

Бу йил 17- бор касб байрамини нишонлаётган ўқитувчиларнинг аксарияти бу сана илк бор нишонланган вақтда ҳам пахта даласида эдилар.

Мажбурий меҳнат амалиëтига қарши Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилиб, пахта терими пайтида кўрган кечирганларини гапириб беришга чорлаган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклаб, уларнинг бир неча нафарини орден ва медаллар билан сийлади.
XS
SM
MD
LG