Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:39

Қурбон Ҳайити арафасида нарх-наво кўтарилди


Ийд ул-Адҳа – Қурбон Ҳайити арафасида Тошкентнинг катта кўчлари бўйида сайёр мол бозорлари ташкил қилинди. Вилоятлардан пойтахтга олиб келианаётган қўй-қўзилар сони кўпайганига қарамасдан байрам арафасида бозорларда гўшт ва бошқа маҳсулотлар нархи кескин ошиб кетгани кузатилмоқда. Вилоятларда сайёр қўй бозорлари йўқ, лекин у ерда ҳам нарх-навонинг кўтарилиши Қурбон Ҳайити келиши билан боғланмоқда.



Ўзбекистон пойтахтининг турли мавзеларида, трасса йўллар четларида сайёр қўй бозорлари ташкил қилинганини кўриш мумкин. Мол бозорига боргани эринган ёки вақти бўлмаган тошкентликлар йўл четига тўхтаб, бир кўз югуртириб, кўзига иссиқ кўринган қўйни савдолашиб, машина юкхонасига солиб кетмоқда.

Тошкентлик қассоб Нўъмонжон хожи душанба куни эрталаб мобил бозорлардан бир-иккитасини айланиб чиқди. Бундай бозорлар Қурбон Ҳайити арафасида урфга айланиб бормоқда, дейди хожи ака.

- Мана мен ҳозир халқа қисмидан келдим Юнусободдан. Кўча тўла қўй. Кўчаларга қўйиб қўйишибди. Кўчадан ўтаëтганлар тўхтаб, кўриб, савдо қилиб, машинага ортиб олиб кетишаяпти. Кўчада сероб энди. Икки-уч йилдан бери шунақа бўлиб қолди. Вилоятлардан олиб келишади, ундан кейин мана шу атрофда боққан одамлар ўзи олиб чиқади. Дарахтзор жойларда салқин жойга қўйишиб, бемалол одамлар келиб кўриб, Кўктеракда мол бозори борку. Кеча жуда сероб бўлди.


Қурбонлик учун қўйлар
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:29 0:00
Тошкент кўчаларида сайёр қўй бозорлари.

Қўйлар Тошкентга асосан Жиззах ва Қашқадарёдан олиб келинмоқда, лекин бозордаги таклиф катта бўлишига қарамасдан, дейди Нўъмонжон хожи, нарх ҳар йилгидек қимматлашган.

- Байрамда нима дейди талаб кўп бўлади. Кеча, бугун энди арафада одамлар гўшт ишлатишадию. Мисол учун ҳамма мол, қўй сўймайдию. Кеча жуда қаттиқ савдо бўлди. Арафа кунига ош дамлай деб, уй-рўзғорга ҳам тузукроқ қилай деб оладию. Ўшанинг ҳисобига озгина кўтарилади. Энди 25 кило қўй бўлса, 20 мингдан бўлар, 600 минг атрофида бўладида. Ҳайит ўтгандан кейин анча нарх тушади.



Тошкентдаги Паркент бозорида савдо қиладиган Содиқжоннинг айтишича, ҳайит арафасида гўшт нархи кексин қимматлашган.

- Гўшт 21 минг сўм Тошкент шаҳрида. Қўй гўшти 24-25 минг сўм. Мисол учун уч кун олдин 21 минг сўмдан гўшт олдимда уйга ўзимнинг маҳалламда. Жиззахларда арзон экан. Мол гўштини 17 минг деди. Тўрт минг сўм фарқи бор Тошкент билан. Мажбурсизда, оласиз.

Гўшт нархи Тошкент билан Жиззах ўртасида 4-5 минг сўм фарқ қилса, водийдаги нархлар пойтатдагидан деярли фарқ қилмайди. Андижонлик Абдуқодир аканинг айтишича, ҳайит арафасида нафақат гўшт, мева-чева нархи ҳам кўтарилиб кетган.

- Ҳайит, арафа, қурбонлик нимаси билан нарх-наволар кўтарилади. Қўйлар, моллар нархи ошиб кеттган жуда. Ҳозир бир кило мол гўшти 20 минг сўм водийда. Қўй гўшти 21-22 минг. Олдин 18 минг эди мол гўшти. Қўй гўшти 20 минг эди. Ҳозир кўтарилиб кетди. Картошка 1000 сўмдан 1500 сўмгача. Сабзи 500 сўм. Пиëз 400 сўм ўртачаси. Узум 1500 сўм ўртачаси. 2000 сўмлиги ҳам бор, ундан ошиғи ҳам бор. Ўзбекда шуда энди. Гўшт қиммат жуда. Бошқа вилоятларни билмайману, водий халқи учун мол гўшти 20 минг.

Абдуқодир ака Андижон вилояти туманларидан бирида фермер хўжалигида ишлаши ва қурбонлик қилишга қурби етмаслигини айтади. Тошкент вилояти Паркент тумани чекка қишлоқларидан бирида яшайдиган Фозилжон ака ҳам қишлоқдошлари орасида ўзидан ортадиган хўжаликлар камлигидан сўз очди.

- Бизларда йўқ унақа. Шаҳарда бойларда бор. Камбағал қишлоқ, унақа имкониятимиз ҳам йўқ. Шаҳарда қилади дейди. Катта-катта пул топадиганлар энди қиламиз дейди. Бизларда унақалар йўқ. Бизларда кўпчилик сўймайди. Гўштни бозордан олиб қилади. Олдингига ўхшаб имконият йўқ ҳеч кимда, дейди Фозилжон ака.

Тошкентлик Нўмонжон хожи ака сайёр қўй бозорларини айланиб кўрганларидан каттароқ, вазни 65-70 кило келадиган қўй нархи 1 миллион 700 минггача боришини айтади. Лекин шунга қарамасдан Тошкентда қурбонлик сўйиб, хайрия қилишга қурби етадиганлар кўп, дейди суҳбатдошимиз.

- Бутун-бутун молларни сўйишиб, 2-3 килодан бўлишадида, болалар уйи ëки шунга ўхшаган қариялар уйига, буни у ëққа олиб бориб ташла, уни у ëққа олиб бориб ташла деб тарқатадиганлар бўлади. Пинҳона қиладиганлар кўп етимхоналарга, қариялар уйига. Ҳамманинг олдида қилмайдида. Секин олиб бориб ташлагин деб айтадиганлар кўп.

Қурбон Ҳайити арафасида қўшни мамлакатларда ҳам қўй ва мол нархи ошгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG