Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:42

Наманганлик талаба пахтада курсдошини уриб ўлдириб қўйди


Жорий йилда Озодликка маълум бўлган "Пахта-2013" қурбонлари сони етти нафарни ташкил қилди.
Жорий йилда Озодликка маълум бўлган "Пахта-2013" қурбонлари сони етти нафарни ташкил қилди.

Наманган Давлат университетининг 4-курс талабаси пахта мавсумининг навбатдаги қурбони бўлди. 30 сентябрь куни рўй берган ҳодиса ҳақидаги хабарни Озодлик 18 октябрь куни тасдиқлатди. Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ишончли манбасидан олган маълумотга кўра, 4-курс талабаси Нуриддин Холдоровни курсдоши уриб ўлдириб қўйган. Бу билан Озодлик хабар топган Пахта-2013 қурбонлари сони 7 нафарга етди.


Воқеа 30 сентябрь куни, кечқурун Наманган Давлат Университети талабалари пахта тераётган Мингбулоқ туманининг Гулбоғ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги талабалар ётган 52-боғчада содир бўлган.

Озодликнинг вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, 30 сентябрь куни кечқурун педагогика ва жисмоний маданият факультетининг Мингбулоқ туманида яшайдиган 22 ёшли 4-курс талабаси Ж.И. ва педагогика бўлимида ўқийдиган, Уйчи туманида яшаган курсдоши Нуриддин Холдоров ўртасида жанжал чиққан.

Манбанинг айтишича, гумонланувчи Ж.И тўртинчи курс талабаси Нуриддин Холдоровни бир мушт уриши оқибатида у бетонга боши билан йиқилиб, ҳушидан кетган.

Нуриддин Холдоров ўша куни кечқурун Поп тумани касалхонасининг реанимация бўлимида жон берган.

Мазкур воқеа юзасидан Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси тергов олиб бормоқда.

Озодликнинг Мингбулоқ туманидаги бошқа бир манбасига кўра, воқеа талабалар ташкил қилган дискотека пайтида содир бўлган:

- Гулбоғ марказида студентларга дискотека очиб беришган экан. Ўша ерда муштлашув бўлган бир студент бола бошқасини уриб асфалтга йиқитган экан. Ўша бола болнисада жон берибди. Айтишларича, қиз талашиб жанжал бўлган экан,- дейди Озодлик манбаси.

Ҳар йили пахта теримига жалб этилган ҳашарчилар орасида кўплаб қурбон қайд этилади.

Жорий йилда Озодликка маълум бўлган "Пахта-2013" қурбонлари сони етти нафарни ташкил қилди.

Чуст туманида 14 октябрь куни маҳаллий соат 16. 30 ларда пахтадан қайтаётган 21 яшар Зилола автоҳалокат қурбони бўлган эди.

Нукус шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежининг 2-курсида таҳсил олган ўқувчи Малика Ембергенова ётоқда ўзини осиб қўйгани тўғрисида 7 октябрь куни хабар берган эдик.

Ўтган ойда Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги фермер Абдуғани Жумабоевнинг 20 яшар келини (исм-фамилияси ҳозирча номаълум - Таҳр.) пахтазорда вафот этгани хабар қилинган эди. Бу аёлнинг ўлими сабаблари ҳам номаълум қолмоқда.

15 сентябрь куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига ташланган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факултети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси 16 сентябрь куни шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

9 сентябрь куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2-босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG