Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:56

Тошкент ўқувчиларидан Halloweenни нишонламаслик ҳақида тилхат олинди


Тошкент шаҳридаги мактаб¸ коллеж ва лицей ўқитувчиларига ўқувчи ва талабаларнинг Halloween байрамини нишонламаслиги учун 31 октябрда туни билан навбатчилик қилиш юклатилди. Халқ таълими вазирлигидан туман бўлимларига юборилган телефонограммада ўқувчиларнинг бу байрамни нишонлаши қатъиян ман қилинган.

31 октябрь куни дунёнинг қатор давлатларида нишонланадиган Hаlloween байрамини нишонламаслик хусусида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг махсус телефонограммаси барча халқ таълими бўлимларига юборилган.

Тошкент шаҳридаги туманлардан бири Халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, барча ўқитувчиларга туни билан шаҳарда навбатчилик қилиб чиқиш вазифаси юклатилганини айтди:

- Биз график қилиб чиқдик. Мактаблар директорлари, боғча мудирларини ҳам бириктирдик бу нарсага. Ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Улар эрталабгача Скверда ва бошқа гавжум жойларда юришиб, ўқувчиларни Ҳеллоунни байрам қилишга қўймайди, деди Халқ таълими бўлими мулозими.

Тошкент Педагогика коллежида ўқийдиган Дилфузага кўра, 31 октябрь куни эрталаб талабалардан бу байрамда иштирок этмаслик хусусида тилхат олинган:

- Ўқитувчиларимиз эрталабдан тилхат ёздириб олишди. Агар кимнингдир кўчада байрам қилиб юрганини ушлаб олсак, ўқишдан ҳайдаймиз, деб қўрқитишди, деди Дилфуза.

Тошкент шаҳридаги Чилонзор тумани Халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, мактаблар директорлари ҳам ўқувчиларини байрамга чиқармаслик ҳақида кафолат хатлари ёзиб берган:

- Заврайономиз бу тадбир бошида турибди. Директорлардан кафолат хатлари олинган. Ўқувчиларга тушунтириш ишлари олиб борилди. Дарсдан кейин уйига боради, кейин кўчага чиқмайди. Синф раҳбарлари контролида ушлайди, деди халқ таълими бўлими мулозими.

Унинг айтишича, ўқувчиларнинг бу тадбирда қатнашишига тақиқ қўйилиши, Ҳеллоуиннинг ўзбеклар миллий анъаналарига, урф-одатларига ёт эканлиги билан боғлиқ.

Hаlloween ( "All Hallows' Evening") қадим кельтларнинг тарихий байрами бўлиб, ҳозирда у Ғарб насронийлари томонидан 31 октябрда нишонланади. Ривоятларга кўра бу кунда ўлган одамларнинг руҳи ерга қайтиши мумкин.

Ўзбекистонда кейинги йилларда насроний байрамларнинг нишонланишига тақиқлар қўйилаётгани кузатилади.

Икки йилдан буён ўзбекистонлик талаба ёшларга 14 феврал – Севишганлар кунини нишонламаслик қатъиян тавсия қилиниб келинмоқда. Ғарблик ёшлар кенг нишонлайдиган, мустақиллик йилларида ўзбекистонлик ёшлар орасида ҳам урф бўлган Авлиё Валентин кунида йигитларнинг қизларга гул тухфа қилиши тақиқланди.
XS
SM
MD
LG