Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:47

Собиқ вазирдан шаҳарни тарк этмаслик ҳақида тилхат олинди


Собиқ Маданият вазири Турсунали Қўзиев
Собиқ Маданият вазири Турсунали Қўзиев
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири лавозимидан шу йилнинг февралида озод қилинган 62 ëшли Турсунали Қўзиевдан шаҳарни тарк қилмаслик ҳақида тилхат олинган.

Тилга олинган вазирликда аниқланган молиявий камомад боис, Ўзбекистон прокуратураси тарафидан очилган жиноят иши доирасида собиқ вазир Турсунали Қўзиевнинг ҳам тергов қилинаëтгани айтилди.


Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра¸ собиқ вазир Турсунали Қўзиев давлатга етказган зарарни қоплаш шарти билан қамалмасдан қолган:

- Турсунали Қўзиев озодликдан маҳрум қилинмаслик эвазига давлатга етказган бир миллиард сўм зарарни қоплайдиган бўлди, деди вазирликдаги Озодлик манбаси.

У Турсунали Қўзиевнинг ишдан олинишининг вазирлик ходимлари учун кутилмаган ва ўз вақтида жамоатчилик учун сир қолган тафсилотларини айтиб берди:

- Қўзиевни шу йил 26 феврал куни ишдан олишди. 25 феврал куни эрталаб Турсунали ака вазирликда мажлис ўтказди. Унинг ишдан кетиш эҳтимоли йўқ эди. Ўша куни кечқурун уни ишдан олишди. Ишдан бўшатиш қарори Вазирлар Маҳкамаси коллегияси тарафидан маъқулланганини айтишди. 26 феврал куни бизга шоир Минхожиддин Мирзо (Хожиматов)ни вазир қилиб тайинлашди. Тайинлаш пайтида Бош вазир Шавкат Мирзияев Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги барча нуқсонларни Қўзиев номи билан боғлади, деб ҳикоя қилди манба бундан 7 ой бўлиб ўтган воқеани.

Ишдан олинган вазир билан бир неча марта учрашган Озодлик манбасининг айтишича, Бош вазир Шавкат Мирзияев вазир ишдан бўшагани билан жавобгарликдан қутула олмаслигини айтган:

- Коллегия йиғилишида Мирзияев Турсунали Қўзиевни жиддий тафтишлар кутаëтани ва оқибати яхши бўлмаслигини айтиб, бошқа мулозимларга сабоқ чиқариш лозимлигини эслатган эди, деди суҳбатдош.

Турсунали Қўзиев ҳали вазир пайтида унинг коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги гап-сўзлар урчиган эди.

Турсунали Қўзиевнинг куëви, 27 ëшдаги Музаффар Соҳибжонов “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалига ажратилган маблағларни ўзлаштирганликда ва фестивалнинг бош совринини пора эвазига сотганликда айбланган, 2012 йил катта миқдорда пора олганлик айби билан ҳибсга олинган эди. Бу ҳақда ўз вақтида қатор нашрлар хабар берган эди.

Расмий матбуотда эълон қилинган маълумотларга кўра, Турсунали Қўзиевнинг куëви Музаффар Соҳибжонов “Шарқ тароналари” га тегишли мусиқий ускуналардан фойдаланиб Регистон майдонида концерт бериши учун бастакор Султонали Раҳматовдан 3 минг доллар пора олаëтган пайтда қўлга олинган.

Турсунали Қўзиевнинг куëви Музаффар Соҳибжонов 2012 йилда Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича маҳкамаси томонидан 15 йилга озодликдан махрум қилинган.

“Шарқ тароналари” билан боғлиқ тергов жараëнида собиқ вазирга оид эпизодлар ҳам муҳокама қилингани айтилади.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Турсунали Қўзиев “Шарқ тароналари” фестивали ташкилий гуруҳи ва ҳакамлар ҳайъатига ўз яқинларини жойлаш орқали коррупция тармоғини яратган.

Бу воқеадан ҳабардор бўлган ва исми айтилишини истамаган бастакорнинг айтишича “куëвга пора бериш “амалиëти Турсунали Қўзиевни обрўсизлантириш учун атайлаб уюштирилган:

- Қўзиевниниг куëви Тошкентдаги “Ал-Азиз” кафесида қўлга олинган эди. Унга ҳайдовчиси пулни олиб келганида қўлга олинди. Ҳайдовчи пулни машинана ичида олган. Машинани ичига эшитув мосламаси ўрнатилгани ҳисобга олинса, буни олдиндан тайëрланган амалиëт, дейиш мумкин. Шоу-бизнес соҳасида анчадан бери юрибман, кўп ишлар пора эвазига қилинади. Лекин фақат саноқли одамлар жазоланади. Шундан тушуниб олаверинг. Турсунали ака унақа катта коррупционер эмас, рассомлик соҳасида ишлаган обрўли инсон эди, дейди тошкентлик бастакор.

Турсунали Қўзиев 1976 йилда Тошкентдаги Павел Бенков номидаги рассомлик билим юртини тугатгач, мисгар рассом сифатида иш бошлаган.


Турсунали Қўзиев яратган асар
Турсунали Қўзиев яратган асар
Рассомнинг кандакорлик услубида 1981 йилда яратган "Алишер Навоий" асари мунаққидлар тарафидан я[ши кутиб олинган эди.

Турсунали Қўзиев 1987 йилда Сурхондарë вилоят маданият фондига раҳбар қилиб тайинланди .

1994 йили Турсунали Қўзиев Ўзбекистон Президенти девонига маслаҳатчи сифатида ишга олинди.
1997 йилдан 2011 йилга қадар Ўзбекистон Бадиий академиясига раислик қилди.

2011 йил январида Турсунали Қўзиев Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири қилиб тайинланган ва бир йил ўтиб ишдан олинган.
XS
SM
MD
LG