Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:00

Мўътабар Тожибоева турк расмийларидан президент Каримов қариндошларининг мулкини текширишни сўрамоқда


Тамара Собирова томонидан Истанбулнинг Қадикўй мавзеида сотиб олинган уй ҳужжати. (Ҳужжат "Ўтюраклар клуби" манбаси томонидан тақдим этилган.)
Тамара Собирова томонидан Истанбулнинг Қадикўй мавзеида сотиб олинган уй ҳужжати. (Ҳужжат "Ўтюраклар клуби" манбаси томонидан тақдим этилган.)
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон президентининг қайнсинглиси Тамара Собированинг Истанбулдан сотиб олган уйи бўйича текширув ўтказишни сўраб, Туркия адлия вазирига мурожаат қилди.

Вазир Саъдуллоҳ Эргинга мурожаатида Тожибоева хоним турк расмийси эътиборини ўз ташкилотига қарашли “Жараён” сайти шу йилнинг 22 октябрь куни “Каримовнинг қайнсинглиси хориждан қимматбаҳо мулклар сотиб олаяпти” сарлавҳали мақола эълон қилгани ва у ерда президентнинг қайнсинглиси Тамара Собирова Туркиядан қимматбаҳо кўчмас мулк сотиб олаётгани қайд этилганига қаратади.

- Бу мурожаатдан асосий мақсадимиз Ўзбекистон президенти Ислом Каримов хотинининг синглиси Тамара Собирова томонидан Истанбулнинг Қадикўй мавзесидан сотиб олинган ва 4 миллион АҚШ доллари туриши мумкин бўлган 496 квадрат метрли квартира бўйича текширув ўтказиш ҳамда айнан мана шу сотиб олинган мулкка сарфланган пулнинг келиб чиқиши ҳақида маълумот олишни сўраш эди, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳуқуқ фаоли турк расмийларига яқин йиллар ичида Ўзбекистонда бир неча турк тадбиркорининг мол-мулки ғорат қилингани ва улар ўзбек махсус хизматлари томонидан исканжага олинганини эслатаркан, айни пайтда бу режимнинг бош меъмори бўлган Ислом Каримовнинг қариндошлари Туркияга олиб келаётган пуллар махражи билан қизиқиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмаслигини урғулайди.

- 2009-2012 йилларда солиқ ва божхона қонунчилигини бузганлик баҳонаси билан Ўзбекистонда 60 дан ортиқ ўзбек-турк қўшма корхонаси ёпилган. Бу корхона раҳбарларининг кўпчилиги ноқонуний ҳибсларга олиниб, турли радикал диний оқимларга аъзоликда ва уларни тарғиб қилганликда айбланиб, жавобгарликка тортилганлар. Ҳибсга олинган пайтларида уларга нисбатан жуда ҳам ваҳшиёна қийноқлар қўлланилган. Ҳаттоки, бугунги кунда қийноқ қурбони экани ҳақида баралла бонг ураётган Қаюм Ортиқов ҳам ўзи билан битта камерада ётган бир туркиялик ишбилармон тақдири ҳақида ўз шикоятида келтириб ўтганди. У ўша ишбилармонга нисбатан анча босим ва қийноқлар қўлланилгани ҳақида ташкилотимиз вакилларига ҳикоя қилиб берган эди, - дейди Мўътабар Тожибоева.

“Ўтюраклар клуби” раҳбари Туркиядаги ўз манбалари орқали ҳозирги кунда бу мамлакатнинг турли жойларида Тамара Собирова исмли шахс томонидан камида учта кўчмас мулк объекти сотиб олинганини аниқлагани, айни пайтда бу мулкларнинг ҳаммаси ҳам президент Каримов қайнсинглисига тегишли ёки эмаслигини ўрганаётганини қўшимча қилади.

“Турк расмийларига мурожаат қилиш орқали қандай натижага эришишни кўзлаяпсиз?” деган саволимизга ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева қуйидагича жавоб берди:

- Ўзбек диктаторининг қариндошлари ва уларга яқин бўлган одамларнинг Туркияда сотиб олаётган кўчмас мулкларига нисбатан турк ҳукумати ўз муносабатини билдиришини хоҳлаяпмиз ва мамлакатга ётқизилаётган катта-катта сармояларнинг айнан қаердан келиб чиққанини текшириб, аниқлаб, ўзларининг хулосаларини беришларини сўраяпмиз, - дер экан Мўътабар Тожибоева демократик тамойилларни устивор билган Туркия расмийлари унинг бу илтимосини ерда қолдирмаслигига умид қилаётганини қўшимча қилади.

Тожибоева хоним фикрича, турк расмийлари томонидан бундай текширув ўтказилиши халқ ҳисобидан бойлик орттирган ва бу бойликни ўзи хоҳлаганча тасарруф қилишни истаган кишиларга, хусусан, президент Каримов қариндошларига ўзига хос дашном ва ибрат бўлади.

“Бундай одамларга халқ қони эвазига топилган пулларни ўзлари истагандек сарфлаш имконини бермаслик, чекловлар қўйиш халқаро коррупцияга қарши кураш йўлидаги самарали ва амалий қадамлардан бири бўларди”, деб ҳисоблайди “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева.
XS
SM
MD
LG