Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:46

Қашқадарёда бир тонна кўмир миллион сўмга чиқди


Кўмир қимматлаб кетгани учун аҳоли мевали ва манзарали дарахтларни кесишга мажбур қолаётганидан нолимоқда.
Кўмир қимматлаб кетгани учун аҳоли мевали ва манзарали дарахтларни кесишга мажбур қолаётганидан нолимоқда.
Қашқадарё вилоятининг аксар туманларида кўмир икки бараварга қимматлади. Қиш кириши билан кўмирнинг бир килограмми минг сўмга чиқди. Учта боғи бир тандирни аранг оқартирадиган ғўзапоянинг бир боғи эса бир ярим минг сўмга чиқиб кетди. Одамлар қиш совуғи тушар-тушмас мевали ва манзарали дарахтларни кесишга мажбур бўлмоқда.


Қиш кириши билан Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида кўмир нархи шу пайтгача кузатилмаган миқдорда кўтарилди.

Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи пенсионер Шароф аканинг айтишича, кўмир ёздаги нархига нисбатан икки баравар қимматлаган:

- Ёзда бир халтаси 21-22 чиқадиган кўмирни 11 минг сўмдан сотиб олган эдим. Бугун шу кўмир 20 минг сўмга чиқди. Базага кўмир кепти дейишяпти, лекин таниш-билиш қилиб, тоннасини бир миллион сўмга оласиз. Россияда ишлаб келган пули борлар оляпти, иложи йўқлар тезак, ўтин қилиб кунини ўтказаяпти. Одамлар бир боғ ғўзапояни бир ярим минг сўмдан сотиб олишяпти, унинг учтаси билан бир тандир зўрға оқаради, - деди Шароф ака.

Суҳбатдошнинг айтишича, аҳолини ҳар тоннаси 90 минг сўм турадиган кўмир билан таъминлаш ҳақида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққанига икки йил бўлди, бироқ бу қарорнинг ижроси бўлмади:

- Йўқ, қарор бору ижро йўқ. Маҳалла оқсоқоллари ҳам, ҳокимиятдагилар ҳам бу билан қизиқмайди. Тўрт-бешта точкага бозор нархида кўмир олиб келиб сотишади, ўша ердан оламиз биз ҳам. Свет ҳам 24 соат ичида 4 соат ёнади, газдан нишон ҳам йўқ,- деди Шароф ака.

Ўзини Раҳима, деб таништирган бошқа бир шаҳрисабзлик ҳам, кўмир жуда қимматлаб кетганини айтади:

- Ўн килолар чиқадиган кичкинагина халтачадаги кўмирнинг нархи 10 минг сўмга чиқди. Сал каттароқлари 25 минг сўмгача бор. Унда 28 кило кўмир бор экан. Ўтган йилда тоннаси 110 минг сўмдан озгина сотишган эди, бу йил ўша ҳам йўқ, - деди Раҳима.

Нишонлик Зиёд бобо Қашқадарё вилоятида кўмир билан бирга ғўзапоя ҳам қимматлаганидан гап очди:

- Бир тележка ғўзапоя боғсиз 200 минг сўмга чиқди, - деди Зиёд бобо.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган Қашқадарё вилоятидаги туманлардан бирида ишлайдиган экологга кўра, аҳолининг газ ва кўмир билан таъминланмагани манзарали ва мевали дарахтларга қирон келтирилишига сабаб бўляпти:

- Икки йилдан буён қишлоқларда газ йўқ. Одамлар ёнадиган ҳамма нарсани ёқишаяпти. Мошинани баллони дейсизми, эски калиш дейсизми, совуқдан жон сақлаш учун ҳамма нарсани ёқишяпти. Кўчаларда тол, терак қолмади. Одамлар кечаси далаларга бориб, юлғун, тут дарахтларини чопиб келяпти. Ўзларининг боғларидаги мевали дарахтларни кесиб ёқишга мажбур бўлишяпти, - деди қашқадарёлик эколог.

Ўзбекистон туманларида аҳолининг газ таъминотидан бутунлай узилиши ва электр энергиясининг кескин чекланиши оқибатида ўтин, кўмирнинг нархи мунтазам ошиб бормоқда.

Ноябрь ойида Самарқанд вилоятида бир юк машинасидаги ўтиннинг нархи бир миллион етти юз сўмга чиққан эди.
XS
SM
MD
LG