Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:38

Қўқондаги ҳарбий машқда фуқаролар ҳам текширилди


Қўқон шаҳри марказида БТР ва ниқобли аскарлар. 6 декабрь 2013 йил.
Қўқон шаҳри марказида БТР ва ниқобли аскарлар. 6 декабрь 2013 йил.

Қўқон шаҳрида Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ҳарбийлар билан биргаликда машқ ўтказди. Шаҳар марказига БТРлар киритилди. Қора ниқобли қуролланган аскар оддий йўловчиларни ҳам тўхтатиб текширди, телефонлардаги флешкарталар олиб қўйилди.


6 декабрь куни эрталабдан Қўқон шаҳри аҳолиси ғайриоддий манзаранинг гувоҳи бўлди. Шаҳар ҳокимияти биноси олдига кириб келган БТР ва қуролланган ниқобли аскарлар шаҳар аҳолиси қалбига қўрқув солди.

Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг Қўқондаги манбасига кўра, қора ниқоб тақиб олган аскарлар оддий йўловчиларни ҳам тўхтатиб ҳужжат текширишга киришган:

- Қўқонда тинчликка ўхшамаяпти. Аскарлар юриб телефонларни титяпти. Эрталаб ўқишга кетаётганимда ҳокимиятнинг биноси олдида БТР ва аскарлар турган экан. Иккита ниқобли аскар мени тўхтатиб ҳужжат сўради. Ҳужжатим уйда десам, телефонимни олиб титди. Бир-иккита расмлар бор эди, чипини олиб қўйди,- деди манба.

Унинг айтишича, шаҳардаги Худоёрхон тарихий мажмуаси ёнида, стадионда ва яна бошқа муҳим объектларда қуролланган ниқобли аскарлар тўпланган.

Бироқ, қўқонлик ҳуқуқшунос Эргашбой Қўшматов ҳам шаҳарда қуролланган аскарлар пайдо бўлганини тасдиқлар экан, бу уларнинг ҳарбий машқлари бўлса керак, деди:

- Мен ҳам ўтдим ўша жойлардан. Солдатлар бор, турибди. Ҳокимиятнинг олдида танк ҳам турибди. Машқ бўляпти, дейишди. Аммо тинчлик, ҳар ерда одамларни текшириб сўраяпти, лекин менга индашгани йўқ,- деди Эргашбой Қўшматов.

Қўқон шаҳар ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда шаҳарда ҳарбийлар ва оғир ҳарбий техникаларнинг пайдо бўлишини режалаштирилган тадбир дея изоҳлади:

- Бизнинг ҳарбийлар билан бирга ўтказадиган одатдаги ученияларимиз бу. Янги йил келяпти, байрамолди тадбирларимиздан бири бу,- деди Қўқон шаҳар ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими.

Ўзбекистонда аҳоли яшайдиган минтақаларда ҳарбий машқларнинг ўтказилиши камдан-кам кузатиладиган ҳолат.

Қўқонликларнинг айтишларича, олдиндан огоҳлантирмасдан шаҳар марказига бирданига ҳарбий оғир техникалар ва қуролланган ниқобли аскарларнинг кириб келиши аҳолини хавотирга солиб қўйган.
XS
SM
MD
LG