Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:14

Самарқандлик ўқитувчи ва ўқувчиларга "сотка"дан фойдаланиш тақиқланди


Самарқанд вилоятида мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларига мобил телефондан фойдаланиш тақиқланди. Вилоят халқ таълими мутасаддиларига кўра, бу тадбир ёшларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси милиция ходимлари билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш бўйича вилоят мактабларида махсус тадбир ўтказди.

"Ўтган ҳафтада Самарқанддаги 35- ўрта мактабга милиция ходимлари келишди. Улар 9- синфга кириб, ҳаммага мобил телефонларини парта устига қўйишни буюришди. Ҳамманинг телефонларни текшириб чиқишди. Кимнинг қайси сайтга киришини ўрганишди", дея хабар қилди самарқандлик манба.

Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирининг исмини очиқламаётганимиз ходимига кўра, ушбу тадбирдан сўнг мактаб ҳудудида мобил телефонидан фойдаланиш тақиқланган.

- Кейин директор мактабда умумий мажлис ўтказди. Телефон умуман мумкин эмас. Ҳар бир синф раҳбарига айтдики, ҳар битта ота-онадан боласига телефон мумкин эмаслиги тўғрисида билишига оид ёзма равишда тушунтириш олинглар, деб айтди мажлисда, деди суҳбатдош.

Самарқандлик ўқитувчиларнинг айтишича, нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларга ҳам мактаб ҳудудида мобил телефондан фойдаланиш тақиқланган.

- Бизда мажлис бўлди. Айтдилар, ходимларнинг ўзига ҳам мобил телефонлар мумкин эмас. Видеога оладиган телефонлар ҳам ўқитувчиларга мумкин эмас, дейишди, дейди самарқандлик ўқитувчи.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасидаги исмини очиқламаган мутасаддига кўра, мактаб ўқувчиларининг турли хил ижтимоий тармоқларга киришининг олдини олиш мақсадида мобил телефондан фойдаланиш тақиқланаяпти.

"Ёшлар исталмаган сайтларга кириб кетишаяпти. Мана яқинда "Одноклассники.ру" деган кино чиқди. Шунда ҳаммасини очиб берган. Ёшлар алданиб, турли хил диний тармоқларга ҳам шу сайтлар орқали кириб кетаяпти. Болаларимизни турли хил оқимлардан асраш мақсадида қилинаяпти бу. Кейин мобил телефон дарсга ҳам ҳалақит қилиши мумкин", деди вилоят халқ таълими мутасаддиси.

Суҳбатлашганимиз самарқандлик ўқитувчига кўра, ёшларнинг аҳлоқи бузилишига айнан ижтимоий тармоқлар салбий таъсир қилаётгани учун ўқитувчилар мобил телефонга қўйилган тақиқни қўллаб-қувватлаяпти.

- Ҳозир ҳар-хил сайтлар чиқаяпти. Интернетда. Болалар айнияпти. Шунинг учун мумкин эмас. Талабга жавоб бермайди, деди ўзини таништирмаган самарқандлик ўқитувчи.

Ҳозирча мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги мактабларда мобил телефонга тақиқ қўйилгани борасида Озодликда бирор маълумот йўқ.

Ўзбекистон Олий ўқув юртларида эса Интернетга чекловлар қўйиш ҳолатлари кузатилиб туради.

Жумладан, сентябр ойида Тошкент ахборот технологиялари университетида Wi-Fi узиб қўйилди ва талабалар ётоқхонасида Интернетдан фойдаланиш тақиқланган эди.

Октябрь ойида эса Тошкент Давлат шарқшунослик институтида iРad, ноутбук ва мобил телефонларини электрдан қувватлантириши учун розеткалар ёпиб ташланган ва матбуотда ёритилгач, қайта очилган эди.
XS
SM
MD
LG