Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:11

"Русские" ҳаракати "муҳожир ови" лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда


GUESTBUSTERS – мигрантларга қарши қаратилган рус миллатчиларининг янги лойиҳаси. “Русские” миллатчилар бирлашмаси қошида тузилган ҳаракат аъзолари "подвалларни мигрантлардан тозалаш" рейдларидан фото ва видеолавҳаларни узатиб бормоқда. Ҳаракат раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда "Россия кўчаларини фақат руслар тозалаши кераклиги" тўғрисида гапирди.

GUESTBUSTERS – мигрантларга қарши қаратилган рус миллатчиларининг янги лойиҳаси. “Русские” миллатчилар бирлашмаси қошида тузилган ҳаракат аъзолари "подвалларни мигрантлардан тозалаш" рейдларидан фото ва видеолавҳаларни узатиб бормоқда. Ҳаракат раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда "Россия кўчаларини фақат руслар тозалаши кераклиги" тўғрисида гапирди.

GUESTBUSTERS лойиҳаси фаолларининг ғайриқонуний ишларига Россия ҳуқуқ-тартибот органлари қандайдир бир кўринишда муносабат билдиргани тўғрисида маълумот йўқ.

21 декабр куни Россия Интернет майдонида рус миллатчиларининг Химки шаҳрида ўтказган меҳнат муҳожирларига қарши “тозалаш” амалиёти давомида олинган видео пайдо бўлди.

Видеода бир гуруҳ рус йигит-қизларининг Химки шаҳри, Мелников кўчасидаги 2-Б уйда ўтказган рейди тасвирланган. Бу уйда яшовчи фуқаролардан бири кўрсатмаси билан ертўлага тушган GUESTBUSTERS ҳаракати фаоллари яшаш учун шароит қилинган хоналардан бирида марказий осиёлик муҳожирлар телевизор кўраётганини аниқлади.



Видеога олаётган миллатчи қизлардан иккитаси ертўланинг бурчагида ерга тўшалган матраслар устида ётган номаълум аёлни тасвирга тушира бошлади. Русчани базўр гапираётган муҳожир аёл билан савол-жавобдан бу аёлнинг етти ойлик ҳомиласи борлиги, токсикоздан қийналиб ётганини билиш мумкин.



Қўрқиб кетганидан бошини тўшакка ўраб йиғлаётган аёл бу ерда эри билан ўзи яшаши, душанба куни Россиядан чиқиб кетишга чипта олиб қўйганини гапиради.

GUESTBUSTERS лойиҳаси расмий сайтида “Россияга ҳар йили 14 миллион одам кириб келади, 3 - 5 миллиони мамлакат ичкарисида ғойиб бўлмоқда. Россияда яшаётганларнинг ҳар еттинчиси – муҳожир. Улар бизнинг ёнимизда, подъезд, чордоқ, ертўлаларимизда, дўкон ва омборларимизда яшамоқда”, деган маълумот берилади. Ҳаракат ташаббусчилари “бефарқ бўлмаган” фуқаролардан шаҳарнинг бирор ерида аниқланган ноқонуний муҳожирлар яшовчи жойларни махсус тузилган интерактив харитада белгилаб беришни сўрайди.

Озодлик видео муаллифи – “Русские” миллатчилар бирлашмаси фаоли, GUESTBUSTERS ҳаракати раҳбари Ульяна “Улитка” Спорихинани топиб, ундан янги ҳаракат тўғрисида сўзлаб беришни сўради.

- Лойиҳа тақдимоти жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган эди. Сайтимиз пайдо бўлди – migrantam.net. Бу лойиҳа нафақат Москва ва вилоятда, балки Россиянинг бошқа шаҳарларида мавжуд, масалан, Рязанда болалар куни кеча уни ишга туширишди. Бу лойиҳа “Русские” этносиёсий бирлашмасининг ижтимоий лойиҳаларидан биридир. Бу лойиҳа уч асосий йўналиш бўйича амал қила бошлади: нафақат ноқонуний меҳнат муҳожирларининг яшаш жойларини аниқлаш ва уларга қарши курашиш, балки спайс каби наркотикларни тарқатишга қарши кураш ҳамдир. Зеро, спайс ва наркотикларни тарқатиш билан асосан Марказий Осиё ва Кавказорти фуқаролари шуғулланади. Учинчи йўналишимиз – кўчаларда сертификатланмаган ноқонуний савдо билан курашиш, дейди Гастбастерс ҳаракати рус бўлмаганлар ва уларнинг “фаолияти”га қарши кенг қамровли ҳужум бошлаганини айтган Уляна.

GUESTBUSTERS лойиҳаси фаоли видеода тасвирланган ҳомиладор аёл Химки шаҳрида 14 декабр куни ўтказилган рейд пайтида тасвирга олинганини айтади. Бу аёлнинг кейинги тақдирига оид саволимизга у бундай жавоб берди:

- Уни кейин полиция бўлимига олиб кетишди. Унинг кейинги тақдирига оид бизга бошқа маълумот ҳам беришмади. “Расман мурожаат қилинг!” дейишди бизга полицияда. Бу аёлнинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ экан. Биз ҳозир сўровнома юбордик, унинг кейинги тақдирини билмоқчимиз – депорт қилиндими-йўқми.
Менимча, бу аёл ўз юртида туғиши керак, дейди Москва миллатчилари вакиласи.

Суҳбат давомида Ульяна Спорихина маҳаллий аҳоли, биринчи навбатда руслар, иш билан таъминланиши кераклигини маълум қилди.

Ўзи ҳам москвалик эмаслиги, пойтахтга Смоленск шаҳридан келганини таъкидлаган Ульяна “молларча шароитлардан яшаётган мигрантлар шундай ҳайвонларча ўғирлик қилиш, зўрлаш, одамларни ўлдириш билан шуғулланади”, дейди.

- Ўша ҳомиладор аёлга заррача ҳам раҳмим келгани йўқ! Чунки у бу ерга келиб боласини “Москва шаҳрида туғилган” муҳрини, Россия фуқаролигини олиш учун туғдиради. Мен уларга ачинмайман. Улар ўз юртига қайтиб бориши мумкин. Бу подвалларда яшаш – бу улар ўзлари танлаган йўл, деди “Русские” миллатчилар бирлашмаси фаоли, “Шиллиқ қурт” лақаби остида миллатчилар гуруҳини бошқарувчи Ульяна Озодлик билан суҳбатда.

GUESTBUSTERS лойиҳаси фаолларининг ғайриқонуний ишларига Россия ҳуқуқ-тартибот органлари қандайдир бир кўринишда муносабат билдиргани тўғрисида маълумот йўқ.

Озодлик Москвада маҳаллий миллатчилар томонидан мигрантларга қарши тузилган бошқа ташкилотлар билан ҳам суҳбатлашган эди.

Москвадаги “Щит Москвы” ташкилоти шу йилнинг 27 сентябрида муҳожирлар яшовчи ётоқхонага бостириб кириши натижасида рўй берган отишма ва оммавий муштлашув натижасида 60 киши полицияга олиб келингани, 20 яқин мигрант депортация қилинганини хабар берган эди.

Миллатчи рус ёшларининг полиция назорати остидаги бундай “муҳожир овлари” Россиянинг бошқа ўлкаларида ҳам ўтказилмоқда.
XS
SM
MD
LG