Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:08

Президент Каримов: Ҳар қандай бурилишга тайёр туришимиз керак!


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов халқни "ҳар қандай бурилишлар"га ҳозир туришга, амалдорларни ўз аёлларининг ҳатти-ҳаракатларини назорат қилишга, ёшларни эса иш излаб, бошқаларга «ялиниш»дан сақланишга чақирди.

Президент оиласи билан боғлиқ Интернетда сўнгги 2 ой давомида бот-бот пайдо бўлаётган гап-сўзлар (қизи Гулноранинг битиклари) фонида унинг Сурхондарёда берган баёнотлари айрича мазмун касб этмоқда.


ЎзА агентлиги чоп этган Президент маърузаси матни ҳар доимгидай силлиқ. Унда Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими Нормўмин Чориев йўл қўйган камчиликлар ва вилоят кўрсаткичлари санаб ўтилган, таомилдаги бошқа барча анъанавий гаплар бор.

Аммо Ўзбекистон телевидениесида намойиш қилинган махсус кўрсатувни кўрганлар президент қизишиб, маъруза матнидан чиқиб кетганига, натижада бу гал ҳам бири-биридан қизиқ, кутилмаган гапларни гапириб юборганига гувоҳ бўлди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:00 0:00
Бевосита линк


Жумладан, 2014 йилнинг "Соғлом бола йили", деб эълон қилиниши ҳақида гап бошлаган давлат раҳбари соғлом болани соғлом оила дунёга келтириши ҳақидаги қўҳна ҳақиқатни ўзи ўйлаб топган янги гап каби ўртага кўндаланг ташлади:

"Оила бахти болани кўриш. Болани эъзозлаш ва бир-бири билан аҳил яшаш. Шуни мақсад қилиб қўйсак, қолган ҳаммаси бўлаверади. Маблағни ҳам давлат топади. Сармояни ҳам топади, уйларам, заводларам қурилади Лекин оила бахтли бўлмаса, шу юрт бахтли бўладими?" деб савол ташлади Президент.

Бу таҳлит янги ва эски ҳақиқатлар – "ютуқ ва камчиликлар", яхши ва ёмон "иймонсиз", "маданиятсиз" амалдорлар, уларни "ҳар кўйга солган лаганбардорлар", бундай маҳаллий ҳокимлар қўлида қолган "бечора халқ" ҳақидаги одатий баёнотлари сирасида Ислом Каримов, бу гал оила-фарзанд-аёл ҳақида кўп гапирди.

Жумладан, амалдорларнинг камчилиги ҳақида гапира туриб, жаноб Президент, негадир, бирдан амалдорларнинг рафиқаси масаласига кўчди.

"Яқинда Тошкантда депутатлар билан гаплашганда мен биттасидан сўрадим: майли сиз ўзингиз ишлаяпсиз (чуқур хўрсинади), ишонч билдириш мумкин сизга, лекин аёлингиздан кўнглингиз тўқми? Аёлингиз худдики эри эмас, ўзи бу лавозимни бажараётгандай... бунақа масалани давом этишни ҳожати йўқ. Ўйлайманки. Бу масалаям оғир бир синов, жуда оғир бир синов. Уни билган одам билади, билмаган одам билмайди",
деди Ислом Каримов.

Сўнгги икки ой ичида Twitter тармоғида Президент қизи Гулнора Каримованинг битикларидан унинг аҳли-аёллари – рафиқаси Татьяна Каримова ва қизи Гулнора ўртасидаги "жанг" авжида эканлигини тахмин қилиш мумкин ва қизнинг твитлари фонида мамлакат раҳбарининг сурхондарёлик депутатларга бу таҳлит кўнглини ёргани бежиз эмас, деган фикр уйғонади.

Қолаверса, фарзандлар ҳақида гапира туриб Ислом Каримов "болаларимизни биз берган иш, шароит қониқтирмаслиги мумкин, мен буни яхши тушунаман", деди ҳамки, уйғонган фикрга янада қувват киради.

Яна бир жиддий баёнот – Президент ҳокимликка лойиқ номзод танлаш масаласи ўзи учун ҳар доим оғир кечиши ҳақида бўлди.

"Энг мураккаб вазифангиз нима, деб сўрашса айтардим, шу раҳбарларни лавозимга кўтаришга тавсия бериш! Энг мураккаб вазифа шу – одамнинг ичида нима бўлаётгани, нафс балосидан ўзини сақлаяптими-йўқми? Нафс балоси шундай бало бўладики, шундай хавфли бир касаллик – касаллик бўладики, ундан ўзини сақлаш оғир бир савдо"
, деди Президент. Юракдан ёниб гапиргандай кўринди.

Бу гапларни айтар экан, президент жаноблари айнан кимни назарда тутганига аниқ тўхталмади.

Бироқ, шу кунларда Ўзбекистоннинг эртаси нима бўлади, 2015 йилда бўлажак Президент сайлови қандай ўтади, 24 йилдан буён президентлик курсисини бўшатмай келаётган Президент ўрнига кимни тайинлайди – шу мазмундаги саволларни ўйлаб юрган ўзбекистонликлар учун кекса юртбошнининг бу гаплари ҳам айрича мазмун касб этиши тайин.

Президент ҳар йили коллежларни битираётган юз минглаб касб-ҳунарли иш изловчилар армиясини "нима қилиб бўлса-да, иш билан таъминлаш" заруратини алоҳида тилга олди.

"Менам бирдан президент бўлганим йўқ, кўп жойларда ишлаганман... кўпни кўрганман. Қандай-қандай муаммоларни Ўзбекистон ечмади!.. Лекин болаларимиз бир касбга, жуда бўлмаса, битта касбга, агар иккита-учта касбга эга бўлса, ҳеч қачон хор бўлмайди. Қўлида касб бўлса агар, қолгани ўзига ҳавола – агар ўзини эр тутса, мард тутса – йигит ҳеч қачон бориб кимларгадир ялинмайди, агар қўлида касб бўлса! Коллежни битирган болаларга иш жойини ташкил қилиб берсак, бу нафақат бурчимиз, бу савоб иш!"
деди Президент.

Бу гапни айтар экан, оқсоқол 30 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистоннинг қўшни давлатларда юрган миллионлаб фуқаросини - ёш меҳнат муҳожирларини ҳам ўйладими-йўқми - бир нарса дейиш қийин.

Яна битта жиддий баёнот Ўзбекистон Президентининг Сурхондарёда қилган чиқишига бағишланган бир ярим соатлик кўрсатувнинг сўнгги дақиқаларида янгради.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов сессияда ўтирган депутатларга қарата "ҳар қандай бурилишга тайёр туриш кераклгини" алоҳида таъкидлади.

"Замон шундайки, ҳар қандай бурилишга тайёр бўлишимиз керак! Барака топгурлар, азизларим, қадрондларим мендан эшитинглар – замон шунақаки бизлар ҳамма нарсага тайёр туришимиз керак... Минг афсуски, замон шундай бўлаяптики, катта-катта давлатлар бир-бири билан келишмасдан, фақат Афғонистонни кўраяпмиз, Сурияни кўринглар, мана Арабистонни кўринглар, бошқа давлатларни кўринглар!"
деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбари ўз халқини астойдил "ҳар қандай бурилиш" эҳтимолидан огоҳлантираётган кезда унинг қизига қарашли кўрилган @Gulnarakarimova микроблогида мамлакатдаги эҳтимолий “давлат тўнтариши”га ҳозирлик бораётгани ҳақидаги иддао пайдо бўлди.

Бу икки гап - Марказий Осиёнинг энг йирик давлатини 24 йилдан буён бошқариб келаётган 76 ёшни қоралаган Ислом Каримовнинг гапи ва унинг қизи айтган гап - Ўзбекистон аталмиш Юртнинг эртанги куни ҳақида ўйлаётган фуқаро учун айрича мазмун касб этишини тахмин қилиш қийин эмас.
XS
SM
MD
LG