Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:01

Ғуломжон Ëқубов: Олмахон Ҳайитова айтган қўшиқлар ўлмайди


Олмахон Ҳаитова
Олмахон Ҳаитова

Ўзбекистон Халқ артисти, Хоразм мумтоз қўшиқчилик мактабининг кекса вакиласи Олмахон Ҳайитова 2 январ куни Хоразм вилояти Урганч шаҳрида тушдан кейин дафн қилинди.



Янги йилнинг илк кунида 73 ёшида вафот этган Олмахон Ҳайитованинг жанозаси Урганч шаҳрида ўқилгани билдирилди.

Жанозада қатнашганлардан бирининг Озодликка айтишича¸ совуқ бўлишига қарамасдан санъаткорнинг минглаб мухлиси Олмахон Ҳайитова билан видолашишга келган.

73 ёшида вафот этган қўшиқчининг дунёдан кўз юмиши 2014 йилнинг биринчи кунига тўғри келди.

Олмахон Ҳайитованинг оламдан ўтганини Озодлик мухбиридан эшитган Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ëқубов марҳума билан бирга ишлагани ва унинг санъати шогирдлар ижросида давом этаверишини таъкидлади:

- Олмахон опа билан филармонияда бирга ишлаганман бир неча йил. Яхши биламан. Яхши санъаткор эди. Худо раҳмат қилсин. Унақа овозли одамлар камдан кам бўлади. Ўзининг овози билан кетди умрининг охиригача. Умрининг охирида ҳам, мана дўстим айтаяпти, санаторийда ëтганида ҳам ўша ерда концерт берибди. Демоқчиманки, ўзларининг овози билан охиригача яшаб ўтдилар. Худо раҳмат қилсин. Бизларнинг гапимиз шу. Болалари, қолганлари соғ бўлсин. Унинг йўлида айтадиганлар жуда кўпайиб кетган Хоразмда. Олмахон опани ўлмади десак ҳам бўлади. Чунки шогирдлари жуда кўп, давом эттирувчилари кўп¸ дейди Ғуломжон Ёқубов.

Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитова билан яқиндагина учрашганини айтган таниқли қўшиқчи Ҳожиакбар Ҳамидов учун ҳам ҳофизнинг ўлими ҳақидаги хабар кутилмаган бўлди:

- Ўзбек қўшиқчилик санъатида, айниқса, ўзбек қўшиқчилик санъатининг аëл санъаткорлар томонидан жуда шу ўзбек қўшиқчилик санъатининг атрофга тарқалишида катта хизмат кўрсатган. Жуда халқимизга маъқул бўлган. Бир вақтлар ҳатто ҳақиқий юлдуз бўлиб то охирги йилларгача хизмат қилган. Астойдил юракдан чиқариб хизмат қилган. Унинг устига ўзларининг шахсий қўшиқларига, ижодларига эга бўлган. Ундан кейин шунақа тор ушлаб ўзбек қўшиқчилигида ашула айтган, кейинги аëлларга ҳам ибрат бўлган ажойиб онахон, опахонимиздан ажрабмиз. Бу жуда катта йўқотиш. Ундан ташқари менинг ўзимнинг тасаввуримда ўзбек санъатида аввалдан келаëтган уч-тўрт хил йўналишдан биттаси бу Хоразм йўли, Хоразм мактаби эди. Ҳозир ҳам шунақа. Масалан, Фарғона-Тошкент йўналиши алоҳида, Самарқанд-Бухоро йўналишлари алоҳида, Қашқадарë-Сурхондарë йўналиши алоҳида. Кейин 60-йилларда Ботир ака асос солган ўзбек эстрадаси йўналишлари алоҳида. Олмахон опа раҳматли Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниëзов яратиб кетган мактабнинг ҳам давомчиси эди, ҳам шогирди эди. Уларнинг ансамблидаги энг йирик, энг машҳур қўшиқчилардан биттаси Олмахон опа эдилар. Хоразм санъатини ҳам нафақат Ўзбекистонда ëки Ўрта Осиëда, қаерда ўзбек санъатини эшитадиган жойлар бўлса, ўша жойларга овозлари етиб борган онахон, опахон эдилар. Шунинг учун бу масалада айтмоқчиманки, Хоразм қўшиқчилик санъати дунëга ëйилишида, демак 20-асрнинг иккинчи ярми, шу 65-70-йилларда санъатга тўлиқ кириб келиб, ҳозирги кунгача, мен масалан 2013 йилда ҳам қўшиқ айтганларини кўрдим. Демак то умрларининг охиригача шу мактаб санъатининг тарғиботчиси, ташвиқотчиси, кейин халқимизнинг қалбидан ўрин олган. Кўп одамлар шу одамнинг вақтига, кунларига қараб тўйлар қилиб, стадионлардаги концертларда кўрганман. Жуда катта тадбирларда, халқ сайлларида кўрганман. Жуда кўп тўй-ҳашамларда бирга хизматда бўлганмиз. Демоқчиманки, ўзбек қўшиқчилик санъатида ўзига хос ўринга эга бўлган бир санъаткор орамиздан кетибди. Бу жуда катта йўқотиш,- дейди қўшиқчи.

Ҳожиакбар Ҳамидов эътирофига кўра¸ Олмахон Ҳайитова тамсил қилган Хоразм мумтоз қўшиқчилиги унинг шогирдлари ижодида давом этади.



Хоразм мумтоз қўшиқчилигининг навқирон вакили сифатида ном қозонган ëш ашулачи Ўлмас Оллоберганов Олмахон Ҳайитованинг ўнлаб шогирдларидан бири.

Ўлмас Оллоберганов Озодлик билан суҳбатда ҳали ëшлик пайтида Олмахон Ҳайитованинг “Онам дерман”¸ “Доғман” каби қўшиқларини эшитиб ўсганини айтади:

- Олмахон опа эски, ўзимизнинг анъанавий Хоразм санъатининг давомчиларидан эди раҳматли. Комилжон устознинг шогирдларидан. Катта санъаткорни йўқотдик деб ўйлайман. Оллоҳ раҳмат қилсин. Жойлари жаннатдан бўлсин. Энди албатта санъати қоладида. Ўзининг давомчилари бор, издошлари бор деб ўйлайман. “Найлайин” ëки “Онам дерман” халқ орасидаги машҳур ижролари. Халқнинг юрагида қолади деб ўйлайман,- дейди марҳума ҳофизнинг шогирди.

Олмахоннинг телпаги

Олмахон Ҳайитова ўзбек қизиқчилари тарафидан энг кўп аския қилинган қўшиқчи сифатида кўрилади.

Таниқли қизиқчи Обид Асомов Олмахон Ҳайитованинг катта кўкрагини тор қўядиган супага менгзаб аския қилган эди.

Хоразмдаги “Жақу кампирлари” гурухи эса ашулачининг қоракўл телпаги ва унинг раққосаларни интизомга чорлагани билан боғлиқ холатларни ҳажв қилишган эди.

Олмахон Ҳайитовани яхши билганлар бу ҳазилларни самимий қабул қилгани ва қизиқчиларга қўшилиб бирга кулганини айтишади.

Айни пайтда Олмахон Ҳайитовани фаол инсон ҳамда ватанпарвар сифатида эслайдиганлар ҳам кўп.

Мухолифат фаоли Сафар Бекжоннинг эслашича Олмахон Ҳайитова 1989 йилда ўзбек тили давлат тили бўлиши учун чиқарилган варақаларни молиялашда иштирок этган.

Олмахон Ҳайитова 1991 йилги президентлик сайловларида мухолифат номзоди Муҳаммад Солиҳнинг сайлов олди маъракасида ҳам фаол иштирок этгани айтилади.

Ҳам замонавий, ҳам мумтоз қўшиқларни маромига етказиб ижро этган дея эътироф қилинган Олмахон Ҳайитова 1940 йил Хоразм вилоятининг Хонқа туманида таваллуд топди.

Олмахон Ҳайитова устоз санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг энг машҳур шогирдларидан бири эди.

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидаги маълумотга кўра, санъаткор 1958-59 йилларда Янгийўл театрида, 1959 йилдан эса ҳозирги “Лазги” ансамблида яккахон хонанда сифатида фаолият олиб борган. 1974 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тамомлаган.

Олмахон Ҳайитованинг репертуаридан оммабоп қўшиқлар, мумтоз ашулалар, Хоразм халқ достон қўшиқлари, бастакор ва композиторларнинг асарлари, шунингдек, туркий эллар қўшиқлари ўрин олган эди.

Олмахон Ҳайитова 1995-2003 йиллар мобайнида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Хоразм вилоят бўлимига раҳбарлик қилган, 2003 йилдан эса Тошкент Маданият институтида профессор сифатида ишлаган.

Олмахон Ҳайитовага 1993 йили Ўзбекистон Халқ артисти унвони берилган.
XS
SM
MD
LG