Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:42

Боткенда учрашган тожик-қирғиз расмийларини КҲШТ муросага чақирди


Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумати 11 январь куни отишма содир бўлган чегара ҳудудига киритилган ҳарбийларни олиб чиқишга қарор қилди. Аммо, 13 январь куни Боткенда учрашган икки давлат расмийлари инцидентга сабаб бўлган йўл қурилиши устидаги келишмовчиликни ҳал қила олмадилар.


Қирғиз ва тожик чегарачилари ўзаро келишувларни имзолади

Тожикистон ва Қирғизистон ташқи ва мудофаа вазирликлари расмийларидан иборат гуруҳлар 13 январь куни Боткен туманида учрашиб, чегарада икки кун муқаддам содир бўлган инцидент оқибатларини бартараф қилишга уринди.

11 январь куни икки давлат чегарасида баҳсли қолаётган қирғиз томонига қарашли Оқсой-Тамдиқ-Кўктош автомобил йўли қурилиши ҳудудида отишма содир бўлган ва 11 одам жароҳатланган эди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизмати тарқатган баёнотга кўра, қирғиз делегациясига Чегара хизмати раҳбари биринчи муовини Искандар Мамбеталиев, тожик делегациясига Чегара қўшинлари бош қўмондони Ражабали Раҳмоналилар бошчилик қилган.

Шунингдек, музокараларда ҳар икки давлат ички ишлар вазирликлари расмийлари ва чегараолди ҳудудидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари ҳам иштирок этганлар.

"Музокаралар чоғида тожик томони Оқсой-Тамдиқ-Кўктош автомобил йўли қурлишининг тўхтатилишини талаб қилди. Аммо қирғиз томони қурилишдан воз кечмаслиги ва бу йўл қурилиши масаласини томонлар ўртасидаги ҳукуматлараро комиссия муҳокамасига беришни таклиф қилди", дейилади Қирғизистон Давлат чегара хизмати тарқатган баёнотда.

Расмий хабарда айтилишича, учрашув натижасида икки давлат орасида муқаддам эришилган келишувларнинг кучда қолишини тасдиқловчи протокол имзоланган.

Бундан ташқари, уч кун ичида 11 январь куни инцидент содир бўлган Қирғизистон-Тожикистон ўртасидаги чегара ҳудудида чегарачи-ҳарбийлар патрулининг ҳаракатланиш маршрутини аниқлаш ва келишиб олишга ҳам қарор қилинди.

Икки давлатнинг бу инцидентга масъул идоралар раҳбарлари низо оқибатлари бартараф этилганини урғулаётган бўлса-да, унинг сабабларини ўрганаётган қирғиз ва тожик прокуратуралари бир-бирига зид баёнотлар беришда давом этмоқда.


Сўғд прокурори: Отишмани қирғиз чегарачилари бошлади

Сўғд вилояти прокуратураси Шариф Қурбонов 13 январь куни ўтказган матбуот анжуманида икки давлат чегарасида содир бўлган инцидент устидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Прокурорга кўра, Тожикистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси (жонга қасд қилиш) ва 335-моддаси (Тожикистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) асосида Тожикистон Ҳарбий прокуратураси тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Журналистлар саволларига жавоб берар экан, прокурор Шариф Қурбонов шундай деди:

"Ҳеч шубҳа йўқки, отишма Тожикистон ҳудудида бўлган. Конфликт қуролланган қирғизистонлик чегарачилар баҳсли ҳудуддаги кўприкдан ўтиб, Тожикистоннинг Хўжаи Аъло қишлоғи ҳудудига киргач юзага чиққан. Тожик чегарачилари улардан ўз ҳудудига қайтишни сўраган, аммо бунга жавобан қирғиз чегарачилари ҳақорат қилиб, биринчи бўлиб тожик чегарачилари томонига ўқ узган. Тожик чегарачилари ўзларини ҳимоя қилиш учун қаршилик кўрсатган", деди Сўғд прокурори.

У берган расмий маълумотда инцидент натижасида икки тожикистонлик ва бир неча қирғизистонлик чегарачи жароҳатлангани айтилди.


Қирғизистон ТАВ: Тожик томони миномётни олдиндан тайёрлаган

13 январь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Тожикистонга 2 та норозилик нотаси йўллади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Асқар Бешимов берган баёнотда шундай дейилди:

"Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тожик томони аввалдан миномёт ва снайперлик қуролини тайёрлаб қўйган, деган қарорга келди ва норозилик нотасини йўллади. Биринчидан, йўл қурилишини тўхтатишга оид ноқонуний талаб ва ўт очилишига норозилигимизни билдирдик. Иккинчи нотада халқаро хавфсизлик ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида терговлар якунига етгунича, аниқ булмаган муддатга чегарани ёпишимизни маълум қилдик".

Қирғиз томони, айниқса, артиллерия қуроллари қўлланилганига жиддий эътироз билдирмоқда ва Чегара хизмати бундай қурол қўлланганига оид фотосуратларни журналистларга тақдим қилди.

11 январь куни қирғиз-тожик чегарасидаги отишмадан сўнг топилган қурол.
11 январь куни қирғиз-тожик чегарасидаги отишмадан сўнг топилган қурол.
Шунингдек, қирғиз расмийлари инцидентнинг Қирғизистон ҳудудида содир бўлганини таъкидламоқда.

Расмий маълумотларда бу ҳудуд Қирғизистоннинг қўшни Тожикистонга туташ Боткен вилоятига қарашли, дейилмоқда.

Аммо ҳар икки давлат расмийлари чегарада содир бўлган бу инцидентга якуний ечим чегаралар аниқлангач ва белгилангач топилишини бир овоздан эътироф этмоқдалар.

11 январь куни икки давлат чегарачилари ўртасида чиққан ва 11 киши жароҳатланган бу ҳодиса рўй берган ҳудудда ҳали делимитация ва демаркация ишлари якунига етмаган.


КҲШТ Душанбе ва Бишкек раҳбариятини муросага чорлади

Коллектив ҳавфсизлик шартномаси ташкилоти (КҲШТ) Бош котиби Николай Бордюжа 13 январь куни Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Ташкилот матбуот котиби Владимир Зайниддинов берган маълумотга кўра, Бордюжа чегарадаги вазиятни телефон орқали икки давлат раҳбарияти билан муҳокама қилган.

Матбуот котиби "раҳбарият" дейилганда конкрет кимлар назарда тутилаётгани, телефон орқали музокара президентлар билан ўтказилгани ёки улардан қуйи раҳбарлар биланми - бу борадаги саволларни очиқ қолдирди.

Шунингдек, Зайниддинов ҳар икки давлат раҳбарияти чегарадаги инцидент оқибатларини бартараф этишда ОДКБга ёрдам сўраб мурожаат қилганини таъкидлади.


Эслатма ўрнида: Ўтган йили шу пайтда Сўх можароси бўлган эди

2013 йилнинг 5 январида Фарғона водийсида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб қолаётган чегара ҳудудига қирғиз чегарачилари симёғочлар ўрнатишга уринган ва Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси бунга норозилик билдирган эди.

6 январь куни бу норозилик қирғиз чегарачилари ва анклавда яшовчилар ўртасида низога айланган, натижада қирғиз чегарачилари аҳоли вакилларига қарата ўқ узган ва ҳар икки давлат фуқароларидан бир нечаси жароҳатланган эди.

7 январь куни икки давлат чегара хизматлари ва маҳаллий ҳокимиятлар аралашуви билан жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган. Аммо, Фарғона вилоятига қарашли Сўх анклави бир неча ойлик қамалга тушиб қолган эди.

Кейинчалик чегара ўтказиш пунктлари очилган бўлса-да, бу ҳудуддан қатнаётган аҳоли вакиллари аҳвол инцидентдан аввалги ҳолига қайтмагани, икки давлат чегарачилари ўртасидаги муносабат ҳануз таранг қолаётганидан шикоят қилиб келади.
XS
SM
MD
LG