Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:36

Ўзбек-туркман чегара постлари кутилган санада очилмади


Туркманистоннинг Лебап ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятлари орасидаги Фароб чегара маскани.
Туркманистоннинг Лебап ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятлари орасидаги Фароб чегара маскани.
Ўтган йил август ойи ўрталарида ëпилган ўзбек-туркман чегараси айтилгани каби 6 ой сўнгра очилмади. Аксинча, Ўзбекистон Давлат Чегараларини қўриқлаш қўмитаси расмийси чегараолди ҳудудида яшовчи икки давлат аҳолисининг уч кунга визасиз ўтиб-қайтишига оид келишув ижроси ҳам тўхтатилганини маълум қилди.


Хоразм вилояти Шовот туманида яшовчи 32 ёшли Норжон олти ойдан буён Туркманистоннинг Тошховуз вилоятидаги қариндошларининг тўй-маъракаларига боролмаётганини айтади.

- Олти ой бўлади яқинда, қариндошларимни кўролмай ўтирибман. 8 февралда чегара ёпилганига олти ой бўлади, 6 ойда очилиши мумкин, деган гапни айтишган эди. Лекин, ҳали-бери очилмайдиганга ўхшайди. Одамлар анча қийналиб қолди, - дейди Норжон.

Ўзбекистон Давлат Чегараларини қўриқлаш қўмитасининг Хоразмдаги бўлими ходими икки давлат ўртасидаги чегара постларида кучайтирилган тартиб ҳозир ҳам сақланиб қолаётганини тасдиқлади.

- Туркманистонга чегара ёпиқ. Фақат виза билан. Тошкентдаги Туркманистон элчихонасига бориб виза олишингиз керак. Виза 10 кунга 60 доллар бўляпти. Шу виза асосида чегарадан ўтказилади, - деди Чегарани қўриқлаш давлат қўмитаси расмийси.

Чегараолди ҳудудларида яшовчи ўзбек ва туркман фуқаролари 2004 йилда икки мамлакат ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, визасиз қўшни давлат ҳудудига уч кунга бориб-келиш ҳуқуқига эга эдилар.

Ўзбекистон Давлат Чегараларини қўриқлаш қўмитасининг расмийси иккала томон ўзаро чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолининг уч кунга визасиз ўтиб-қайтишига оид келишув ижроси олти ой аввал тўхтатилганини маълум қилди.

- Бу бекор бўлганига олти ой бўлди. Ҳозир ҳамма виза олиши керак, - деди қўмита райсмийси.

У чегара постлари нима сабабдан ёпилгани ва қачон очилиши ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Айни пайтда Туркманистон фуқаролари ҳам чегарадаги тўсиқлар боис Ўзбекистондаги қариндошларини зиёрат қилa олишмаяпти.

Туркманистоннинг Лебап вилоятида яшовчи Умид яқинда Ўзбекистон-Туркманистон орасидаги Фароб чегара постида бўлиб қайтди.

- Чегарага борганимда, бизни чегарачиларимиз, яъни туркман чегарачилари "ўзбеклар ўтишни қийинлаштирди", деб айтишди. Чегара ҳудудида яшовчи аҳоли учун чегарадан ўтиш имтиёзларини Ўзбекистон бекор қилган экан, туркманлар ҳам бунга жавобан виза талаб эта бошлаган. Ҳозир Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган туркманлар Ашхободга бориб ёки турист фирмалари орқали 150 долларга ўзбек визасини олиб, кейин чегарадан ўтиши мумкин экан, - дейди Умид.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Туркманистон билан умумий чегарага эга. Икки мамлакат ўртасидаги чегара узунлиги 1 минг 650 километрни ташкил этади.

Туркманистонга, асосан, тўртта чегара пости орқали ўтилади. Булар Хоразмнинг Дружба ва Шовот постлари, Бухоронинг Олот тумани Фароб чегара пости ҳамда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли чегара постларидир.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараси атрофида яшовчи минглаб аҳолини қариндош-уруғчилик ришталари боғлаб туради.

- Хоразмдан кимнидир қизи Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятига келин бўлиб тушган. Туркманистонда Совет давридан буён оила қуриб яшаётган ўзбеклар бор. Уларни қариндошлари бу ерда. Чегарадаги тўсиқ сабаб ўзини отасини, онасини мозорини зиёрат этолмаётганлар сон-мингта, дейди Ёқубов.
Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларида этник ўзбекларнинг авлодлари яшаб келади.

Айни пайтда Туркманистонда қарийб ярим миллион этник ўзбек истиқомат қилиши ва улар Туркманистон жами аҳолисининг 12 фоизини ташкил этиши айтилади.

Туркманистонлик Умиднинг айтишича, ҳозир улар Ўзбекистондаги қариндошларини кўришга боришга қийналишяпти.

- Туркманистоннинг Лебап вилоятининг Карки шаҳрида яшовчи аҳолининг саксон фоизи ўзбек. Улар ҳам чегарадан ўтиш проблемаларини айтишади. Улар Ўзбекистоннинг Қарши шаҳрига ўтишади-да. Ҳозир чегарадан ўтолмай қийналишяпти. Чегара қачон очилиши ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, - дейди туркманистонлик Умид Жумаев.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эса 150 мингдан зиёд этник туркман яшайди.
XS
SM
MD
LG