Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:22

Қрим россияпараст ва европарастлар тўқнашуви майдонига айланмоқда


Симферополдаги тўқнашув.
Симферополдаги тўқнашув.
Қрим мухтор республикаси пойтахти Симферопол қрим-татар жамоасини қўллаб-қувватлаётган “евромайдончилар” ва Россияга қўшилишни ёқлаб чиққан “Рус бирлиги” тарафдори ўртасида тўқнашувлар марказига айланмоқда.


Мухторият пойтахти Симферополда бирданига иккита бири-бирига қарши бўлган митинглар бошланиб кетди.

Бир томонда Киевдаги “евромайдон” ҳодисаларидан кеийн ўрнатилган ҳокимиятга бўйсинмаслик ва Россияга қўшилишни талаб қилаётганлар бўлса, иккинчи тарафда маҳаллий аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи қрим татарлари ва уларга ёрдамга келган “Евромайдон-Қрим” ҳаракати вакиллари турибди.

Қрим парламенти – Олий Рада олдида йиғилган қрим-татарлар Мажлиси байроғини қўтарган 30 мингдан зиёд норозилар “Йўқолсин ўғрилар тўдаси!”, “Қрим – бу Украина!”, “Қрим – Россия эмас!”,"Яшасин Украина!", деб ҳайқирмоқда. Қрим-татар жамоаси вакиллари парламентдан янги ҳукуматни тан олиш ва депутатларнинг навбатдан ташқари йиғилишини тарқатиб юборишни талаб қилмоқда.

- Мен сизларга сўз бераман, мен жонимни тикаманки, ҳеч қандай қўшилиш тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас¸ деди ўзини “евромайдончи” Бикир Ғани деб таништирган қрим-татарлари вакили.

Россия тарафдори бўлган “Рус бирлиги” аъзолари Қрим Олий Радаси қабул қилган қарорларни маъқуллаб чиқди. Улар “Фашизмга йўл йўқ!”, “Биз қримлик, руслар бизнинг биродарларимиздир!”, “Биз ўз тилимизда гаплашишни истаймиз!” каби шиорларни кўтариб чиқди.

Асосан рус миллатига мансуб бўлган Россия тарафдорларидан бири руслар ҳам ўз манфаатлари учун курашишга ҳақли, дейди:

- Биз ҳеч қандай сепаратизм борасида гапирмаяпмиз. Биз бугун Қрим мухторияти республикаси тўғрисида, у ерда ўз ҳақлари учун курашувчи рус миллати вакиллари ҳақида гап юритаяпмиз. Улар рус тили, рус маданияти учун курашиш ҳаққига эга, деди “Рус бирлиги” аъзоси Сергей Аксёнов Украинанинг 5-канали жонли эфирида.

Томонлар ўртасида милиция ходимлари турганига қарамасдан, вақти-вақти билан муштлашувлар юзага чиқмоқда.

Икки тараф намойишини кузатиб турган гувоҳлардан бири ташқи кучлар одамларни бир-бирига гиж-гижлаётганини айтади.

- Бу икки халқнинг бири-бирига қарши қўйишдир. Ҳатто уч халқнинг... Можаро йўқ жойдан келиб чиқди. Энг аввало, Россия аралашувидан келиб чиқди, дейди бу гувоҳ.

Бу воқеалардан олдинроқ бир гуруҳ маҳаллий фуқаро Олий Рада олдида марказий ҳокимиятни тан олмаслик талаби билан муддатсиз норозилик акциясини бошлаган эди. Улар 1992 йилги Қрим Конституцияси ва мухториятнинг кўплаб ваколатларини қайта тиклашни сўради.

Бундан ташқари норозилар минтақанинг бундан кейин Украина таркибида қолиш-қолмаслиги, Россияга қўшилиши ёки ўзини мустақил давлат деб эълон қилиш масаласини референдум орқали ҳал этишни талаб қилмоқда.

Украина биринчи президентлари Леонид Кравчук, Леонид Кучма ва Виктор Юшченколар мамлакатда юзага келган сиёсий-ижтимоий вазият борасида қўшма баёнот тарқатди.

Учала собиқ президент Россия ҳукуматини Украина яхлитлигига таҳдид қилиш ва Қрим ички ишларига аралашишда айблади.

“Россия Давлат Думаси вакилларининг Қримни Россияга қўшиб олиш тўғрисида референдум ўтказиш ғоялари ёки Қрим мухторияти Олий Кенгашининг айни баёноти Украина конституциявий тузуми ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз сифатида қараланиши керак”, дейилади мазкур баëнотда.

Айни пайтда, душанба куни Тольятти шаҳридан Қримдаги стратегик объектлар ҳимоясига Россия Бош Разведка бошқармасининг махсус бригадаси юборилгани айтилмоқда.

25 февраль куни Севастополдаги базасига қайтган Россия Қора Денгиз флоти кемаларида 11 минг десантчи борлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Ҳозирча Россия ҳукумати бу хабарларни расман тасдиқлаганича йўқ.
XS
SM
MD
LG