Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

Киев ва Қрим татарлари мухтор парламентнинг Россияга қўшилиш қарорини қоралади


6 март куни Қрим парламенти аъзолари якдиллик билан мухториятнинг Россия таркибига қўшилишига овоз берди. Россияга қўшилиш юзасидан 16 мартга белгиланган бу референдум ярим оролнинг туб аҳолиси бўлган Қрим татарлари Миллий Мажлиси томонидан кескин қораланди.

Қрим парламентининг 16 март куни Россияга қўшилиш ëки Украина таркибида қолиш масаласида мухтор республикада референдум ўтказиш қарори Украина муваққат ҳукуматининг кескин норозилигига сабаб бўлди:

- Бу ноқонуний қарор ва референдум деб аталаëтган бу тадбирнинг ҳеч бир ҳуқуқий асоси йўқ. Шу боисдан биз Россия ҳукуматини Украинадаги айирмачиликни тарғиб қилаëтган кучларни қўлламасликка чақирамиз. Қрим Украинанинг таркибий қисми бўлган¸ ҳозир ҳам шундай ва бундан кейин ҳам таркибий қисми бўлиб қолади¸ деди бугун Брюсселда ЕИ саммитида иштирок этган Украина муваққат Бош вазири Арсений Яценюк.

Айни пайтда¸ Қрим мухтор ўлкасининг туб аҳолиси саналган татар жамоаси парламентнинг Россияга қўшилиш юзасидан референдум ўтказиш қарорини қоралаб чиқди.

Бугун Симфереполда матбуот анжумани ўтказган Қрим татарлари жамоаси раҳбари Рефат Чубаров ўз жамоасининг олий кенгаши – Миллий Мажлис мухтор ўлка мақоми юзасидан референдум ўтказилишига норозилик билдиришини эълон қилди:

- Тегишли қонунчилик йўқ бир пайтда¸ ҳар қандай референдум ўтказилиши Қримдаги вазиятни янада беқарорлаштиришга хизмат қилади¸ холос. Таклиф этилаëтган референдум ярим оролнинг туб аҳолиси бўлмиш Қрим татарлари фикрини мутлақ инобатга олмаслиги боис¸ Қрим татарлари Миллий Мажлиси бу референдумни тан олмайди ва Қрим аҳолисини¸ миллатидан қатъий назар¸ овоз бериш ва унга ҳозирликни мутлақ бойкот қилишга чақиради¸ деди жумладан Миллий Мажлис раҳбари Рефат Чубаров.

Қрим татарлари лидери референдумга бойкот эълон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00

Қрим парламенти – Олий Кенгаш 6 мартда эълон қилинган қарори билан Мухтор республика мақоми юзасидан референдум ўтказишни жорий йилнинг 30 мартидан 16 мартга кўчирди.

Айни пайтда, Қрим парламенти пайшанба куни эрталабдан минтақанинг Россияга қўшилишини тўлиқ ёқлаб чиқди.

Бу ҳақда журналистларга хабар берган Қрим Министрлар Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Темиргалиев умумхалқ овоз бериш жараёнида қримликлар иккита саволга жавоб беражакларини билдирди.

Қрим Олий Кенгаши қарорига мувофиқ, референдумга олиб чиқилиши кутилаётган саволлар қуйидагича:

1. “Сиз Қримнинг Россия Федерацияси таркибига Федерация субъекти сифатида киришга тарафдормисиз?”

2. “Сиз 1992 йилда қабул қилинган Қрим Конституцияси тикланиши ва Қримнинг Украинанинг бир қисми сифатида мавжуд бўлиши мақоми тарафдоримиз?”.

Маълум бўлишича, депутатлар Россия президенти ва Федерал Йиғини номига мурожаатнома юборди.


Бунга жавобан, аллақачон Россия Давлат Думаси кейинги ҳафтада тегишли қонун лойиҳасини кўриб чиқиши тўғрисида баёнот берди.

Қрим парламенти Россияга қўшилиш учун овоз берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:55 0:00

Путин матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича¸ 6 март куни “Путин Хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан Украина масаласидаги учрашувда, жумладан Қрим Олий Кенгашининг Россия таркибига кириши тўғрисидаги мурожаатномасини муҳокама қилган".

Бундан олдинроқ Рустам Темиргалиев Фейсбукдаги саҳифасида Қримнинг россияпараст сиёсатчилари мухториятнинг Украинадан ажралиб чиқиб, Россияга қўшилиши ҳақида ëзди:

“Киев оёққа турган Қримни НАТО қўшинлари ва референдумни бекор қилиш билан қўрқитишда давом этаяпти. Улар бу яриморолда иккита қаҳрамон шаҳар: Севастополь ва Керчь борлигини унутиб қўйди... Хўш, панлар, Мухторият кенгайишини истамайсизми!? Унда Қрим уйига қайтсин! Салом, Россия!” деб ёзган эди Рустам Темиргалиев.

Украина собиқ Бош вазири, жорий Мудофаа вазири Евгений Марчук Қрим парламенти йиғилишларининг Севастополдан келган Россия спецнази назорати остида ўтказилаётгани тўғрисида маълумотга эга эканини айтди.

Қрим мухторияти Олий Кенгаши вице-спикери Сергей Цеков эса мухториятнинг Россия Федерацияси таркибига қўшилишини Украинанинг янги ҳукумати томонидан “давом этаётган босим” ва “вазиятни издан чиқариш уринишлари” билан боғлиқ эканини иддао қилди.

27 февраль куни Қрим парламенти Бош вазир лавозимини эгаллаб келган Анатолий Могилёвни лавозимидан бўшатди, унинг ўрнига “Русское единство” партияси раҳбари Сергей Аксёнов тайинланди. Кейинроқ, Аксёнов номзодининг Виктор Янукович томонидан тасдиқлангани маълум бўлди.

Бунинг ортидан, Украина Радаси спикери ва муваққат президент Александр Турчинов Сергей Аксёновни тайинлаш ноқонуний экани тўғрисида қарор чиқарди ва унда мухтор республика номидан қарор чиқариш ваколати йўқлигини билдирди.

Интерфакс хабарига кўра, Қрим Олий Кенгаши вакилларининг 6-7 мартга белгиланган Россияга ташрифи номаълум муддатга сурилди. Қрим Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати ташрифнинг қолдирилишини минтақа парламенти навбатдан ташқари сессияси ўтказаётгани билан изоҳлади.

Қрим татарлари Украинада қолиш тарафдори

Қримнинг Россияга киритилиши борасида парламент қабул қилган қарор¸ асосан¸ ярим оролдаги этник руслар томонидан қабул қилинди.

Озодлик суҳбатлашган аксар Қрим татарлари ярим оролнинг Украина таркибидан чиқарилишига қарши экани ва Миллий Мажлис раиси баëноти аксар татарлар ëндашуви ифодаси эканини билдирмоқда.

Москва Қрим татарлари жамоаси раҳбари Мустафо Муҳтарамов яриморолга бошланган “номаълум ҳарбийлар” тажовузини эшитиб, она юртига жўнаганини гапиради:

- Мен бир ҳафтадан бери шу ердаман. Биз, татарларнинг позициямиз аниқ – биз Украина таркибидаги ягона давлат тарафдоримиз! Оддий одамлар мамлакатнинг парчаланишини истамаяпти, чунки бу катта можарони келтириб чиқаради. Ўзини-ўзи тайинлаган Аксёнов ва унга ёрдам қилаётган Темиргалиев ҳамда Константиновларнинг мутлақо ваколати йўқ. Қандайдир қурол кўтарган одамлар уларга ёрдам бераяпти. Бу очиқчасига босқинчилик-ку! Лекин татарлар митинг қилишдан тийилиб турибди, чунки бундай вазиятда қуролли тўқнашувлар бошланиб кетиши ҳеч гап эмас. Қрим татарлари бундай референдумни нолегитим деб атаяпти ва умуман бориш ниятида эмас. 1992 йилги Конституцияга қайтиш эса Қрим учун худкушлик билан баробар! Шахсан мен Қримнинг Украинадан ажратиб олинишига ишонмайман, деди Мустафо Муҳтарамов Озодликка.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:04 0:00
Бевосита линк

Мустафо Муҳтарамов 1992 йилги Конституцияда Қримда президентлик республика киритилиши белгиланганини айтди. У “битта давлатда иккита президент бўлиши мумкин эмас”, деди.

Яна бир қримлик суҳбатдошимиз – И.Ғаспиринский номидаги Қрим кутубхонаси директори Айдер Эмиров иккиланаётган татарлар ҳам йўқ эмас, дейди:

- Вазиятга Қрим татарларда турлича муносабат ва қарашлар мавжуд. Лекин, менимча¸ асосий кўпчилик Қрим мақоми ва Украина чегаралари ўзгаришига мутлақо қарши. Бу референдумда Қримнинг ваколатлари кенгайиши ва Қрим татарлари ҳуқуқлари кенгайиши тўғрисида гап борганда эди – бошқа гап. Қримнинг Украинадан ажралиб чиқиши тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. Янги Конституциями, эскисими, ваколатлар кенгайиши ёки йўқми - нима бўлганда ҳам, бу масалалар Қримнинг ягона Украина таркибида кўриб чиқилиши зарур. Бундай жиддий масалаларни кўтариб чиқишдан олдин, парламентнинг қайта сайлови, легитимлиги масаласини кўриб чиқиш керак эди. Ахир, парламентга ҳеч ким бундай ваколат бермаган эди-ку! Қримда саноқсиз қуролли одамларнинг мавжудлиги парламентни бундай қарорни қабул қилишга ундади, кўринади, дея муносабат билдирди И.Ғаспиринский номидаги Қрим кутубхонаси директори Айдер Эмиров Озодлик билан суҳбатда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:14 0:00
Бевосита линк

5 март куни Қрим татарлари билан музокара олиб боришга Татаристон президенти Рустам Минниханов ташриф буюрган эди. У татар жамоаси билан учрашувда татарлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гаранти сифатида чиқишини маълум қилди. Айни пайтда, Минниханов рус аҳолиси билан зинҳор жанжалга қўшилмасликни тавсия қилди.

Қрим татарлари Мажлиси раҳбари Мустафо Жамилев Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довудўғли билан учрашувдан сўнг, Туркия Қримдаги татар озчилиги ҳақларини ҳимоя қилишни ваъда этганини маълум қилди.

XVIII аср охирларида Россия империяси таркибига киритилган Қрим ярим оролида 2 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 58 % - руслар, 25 % - украиналиклар ва 12 фоизини қрим татарлар ташкил этади.

1917 йилда Қрим большевиклар ҳукумати томонидан Россия Федерацияси таркибига киритилди ва 1921 йилда Қрим АССР ташкил топди. 1954 йилда ҳокимият тепасига келган Никита Хрушчёв Қримни тўсатдан Украина ССР таркибига киритиб юборди.

Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан 1991 йилнинг январида умумхалқ овоз бериш натижасида Қрим АССР мустақил Украина таркибида тикланди. 1992 йилда қабул қилинган Конституцияга кўра, Қрим Республикаси ташкил топди.

Кейинроқ Киев босими остида, 1998 йилда қабул қилинган Конституциянинг янги таҳририда Қрим мухтор республика шаклига кўчди.
XS
SM
MD
LG