Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:52

Озодликнинг Хўжанддаги мухбири Алишер Аҳмедов вафот қилди


Озодликнинг Хўжанддаги собиқ мухбири Алишер Аҳмедов,
Озодликнинг Хўжанддаги собиқ мухбири Алишер Аҳмедов,

Қарийб бир йил давом этган оғир касалликдан сўнг Озодликнинг Хўжанддаги собиқ мухбири Алишер Аҳмедов 18 март куни 59 ёшида вафот этди. Алишер Аҳмедов ўн йил Озодликнинг Сўғд вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлади. У Тожикистондаги ижтимоий-сиёсий воқеаларни, маҳаллий ўзбекларнинг ҳаётини, муаммоларини малакали журналист сифатида ёритиб келган эди.



Алишер аканинг ўлими ҳақидаги хабарни менга Озодликнинг ўзбек хизмати директори Алишер Сиддиқ етказди.

“Садриддин ака, Хўжанддаги Алишер ака бугун вафот қилибди. Сиз у кишини яқиндан билардингиз, ўзингиз ёзинг”, деди.

Қарийб икки йилдан буён аёвсиз дард билан олишиб ётган Алишер аканинг ҳолидан хабардор эдим. 2012 йилнинг июль ойида дўхтирлар Алишер акага саратон деган ташхис қўйишган эди.

Ўтган ҳафта Алишер аканинг умр йўлдоши Хуршеда опа билан гаплашганимда, у эрининг аҳволи оғирлашгани ва танҳо Худодан умид қилаётганини айтган эди.

Озодликнинг Хўжанддаги марҳум мухбири Алишер Аҳмедов
Озодликнинг Хўжанддаги марҳум мухбири Алишер Аҳмедов
Алишер Аҳмедов 18 март куни пешинда омонатини Худога топширди.

Алишер акани мен 1983 йилдан, “Совет Тожикистони” республика газетасида иш бошлаган кунимдан буён биламан. Узоқ йиллар бирга ишладик, малакали журналистлардан бири эди.

У 2003 йилдан бошлаб, Озодликнинг Тожикистондаги марҳум журналисти Ҳабибулло Ботировнинг тавсияси билан Сўғд вилояти бўйича мухбир бўлиб иш бошлаган эди.

Қарийб ўн йил давомида у Сўғд вилоятида ижтимоий ва сиёсий воқеаларни Озодлик тинговчиларига етказиб турган, маҳаллий ўзбекларнинг дарду ташвишларини, муаммоларини изчил ёритиб келди.

Хўжандда бирга ишлаб юрган кунларимизнинг бирида Алишер ака эрталаб идорамизга юраги ҳаприқиб кириб келди. “Садриддин, биласизми 62 йил аввал урушда немисларга асир тушиб Германияда қолиб кетган бир ўзбек Табошар (Хўжанддан 30 километр узоқлидаги туман)га келибди. Мен ўша ёққа кетдим” дедида, диктофонни олиб югуриб чиқиб кетди. Ва ўша куни куни кечқурун Озодлик тингловчилари бу одамнинг ғаройиб тақдиридан хабардор бўлдилар.



Алишер Аҳмедов Озодликнинг Сўғддаги мухбири бўлиб қарийб ўн йил ишлади. Бироқ, 2012 йилда у соғлиғи ёмонлашгани боис фаолиятини тўхтатиб қўйишга мажбур бўлган эди.

Хўжандлик ўзбеклар Алишер Аҳмедовни “бизнинг Левитан” деб айтишарди. Дарҳақиқат унинг овозидаги салобат ва ўзига хос баритон таниқли диктор Левитаннинг овозини эслатарди.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:39 0:00
Бевосита линк

Алишер Аҳмедов узоқ йиллар Хўжандда ўзбек тилида нашр этиладиган “Тонг” газетасида масъул котиб бўлиб ҳам ишлади. Биринчи мақоласи ёки шеъри чоп этилган ёш ижодкорлар ҳали–ҳануз Алишер акадан миннатдор эканликларини айтиб юришади.

Ўтган йил Тожикистонга борганимда Алишер акани зиёрат қилган эдим. Ўшанда гарчи дард исканжага олиб тургани шундоққина сезилиб турган бўлсада, Алишер ака ҳар доимгидай ўзини бардам тутишга ҳаракат қилар, руҳи тетик эди. “Яхши бўп қолдингизми” деган саволимга бош бармоғини кўрсатиб “мана бундай” дер, “уни қўйинг, буни қўйинг, Прага қандай, ҳамкасблар яхшими” деб мени саволга тутарди.

Бироқ Алишер ака билан яна кўришиш энди қиёматга қолди. Алишер Аҳмедовнинг икки қизи турмуш қурган. Аёли Хуршеда Содиқова журналист ва ёзувчи.

Алишер Аҳмедов "Тожикистон матбуоти аълочиси" унвони билан тақдирланган. 2008 йилда эса Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг сўз эркинлиги бўйича ўтказган конкурси лауреати бўлган.

Озодлик радиосининг ижодий жамоаси Алишер Аҳмедовнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этар экан, унинг охирати обод бўлишини Яратгандан сўраб қолади.
XS
SM
MD
LG