Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:06

Фарғона ва Наманган буюм бозорларида бир неча дўкон мусодара қилинди


Наманган ва Фарғона шаҳарлари марказидаги йирик буюм бозорларида шаҳар ҳокимияти Савдо департаменти, Солиқ инспекцияси ходимлари иштирокида кенг кўламли рейдлар ўтказилди ва бир неча кийим-кечак дўконлари мусодара қилинди. Тадбиркорларнинг айтишича, текширувчи гуруҳлар ҳужжатида камчилиги бўлган тадбиркорларнинг мулкини аёвсиз мусодара қилмоқда.


Наманган шаҳри марказида кийим-кечак ва қисман озиқ-овқат сотиладиган "Янги бозор" савдо мажмуасида ўтган ҳафтада 4 дўкон мусодара қилингани ҳақида Озодликка WhatsApp тармоғи орқали хабар йўлланди.

Ўзини савдо билан шуғулланувчи кичик тадбиркор, деб тақдим қилган аммо исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган манба бу ҳақда шундай хабар йўллади:

"Bizda namanganda savdogarchilik juda xam qiyinlashib ketdi Musodaralar juda kopayib ketyapti Shu kunlada 4-5 dokon besabab musodara qilindi yillab topganlarini bir zumda ozlariniki qilishadi kamiga katta katta shirtaflarni yelkaga ilib qoyishadi", деб ёзди Наманган шаҳридан боғланган манба.

Унинг ёзишича, кутилмаганда бозорга ёпирилиб келган текширувчилар гуруҳи тадбиркорларнинг ҳужжатлари, айниқса, сотилаётган молнинг қаердан келтирилганию, касса аппаратида қанча тушум бўлаётгани билан қизиқадилар.

"Ikki yil avval besabab katta sumni musodara qilgandi hammani dokumenti bor bolsada rastamoshka qogoz soragan axir biz toshkentdagi Abu Saxiydan olsak rastamoshka qogoz qayerda boladi Lekin bu gaplarni bir kishiga aytsangiz ha deyishadida ozgina kunda yoki vahobi yoki davlat hiyonatchisi sifatida qamalib ketasiz", деб ёзди наманганлик тадбиркор.

Озодлик мухбири Наманган шаҳри марказидаги "Янги бозор" маъмурияти билан боғланди. Маъмурият вакили Солиқ идораси ва Савдо департаменти ходимлари иштирокидаги катта текширув 3-4 кун муқаддам ўтказилгани ҳамда бир неча дўкон мусодара қилинганини тасдиқлади.

Унинг мухбир билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, текширувдан мақсад "ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини аниқлаш ва тегишли чора-тадбирларни қўллашдан иборат бўлган. Аммо, айнан қанча дўкон мусодара қилингани ва мусодара қилинган мол-мулк суммаси ҳақида бу вакил маълумот бера олмаслигини айтди.

Наманган шаҳар ҳокимлигининг Савдо департаментидан эса бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Аммо, ҳокимлик идораларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси дўконлардаги товар-маҳсулотлар ёппасига мусодара қилиниши ҳақидаги даъволарни рад этди.

"Бозорда ноқонуний маҳсулот кўп. Қирғизистондан, Тошкентдан яна у ёқ-бу ёқдан яширинча олиб келиб, сотаверади. Дўконига ҳамма ҳужати бор, лекин товарига ҳужжати йўқда. Ҳужжати йўқ товар мусодара қилинадида! Ҳужжатини тўғирлаб, жаримасини тўлагандан кейин товари қайтариб берилади", дея тушунтириш беришга уринди исмини окшор қилмаётганимиз расмий мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Айни пайтда шундай суриштирувлар 10 кунча муқаддам Фарғона шаҳридаги буюм бозорларида бўлиб ўтгани ҳам хабар қилинди.

Шаҳардаги "Ипакчилар буюм бозори"да савдо қилган тадбиркорлардан бири 10 кун аввал ўтказилган рейд натижасида бир неча дўкон эшигига муҳр урилганини айтди.

"Асосан, товар маҳсулотларнинг сертификатларини сўрайди, қаердан олиб келганингизни кўрсатиб беришингиз керакда ҳужжатда. Кейин касса тушуми жуда муҳим, шуни сўрайди. Шу камчилиги бўлган 3-4 та дўконни ёпибди, лекин кейин текшириб, штрафларини тўлатиб, яна қайтариб берибди товарларини. Унақа мусодара қилган ҳолатлари бизда бўлмади", деди Озодликнинг Фарғона "Ипакчилар буюм бозори"даги манбаси.

Хабарларга кўра, дўконида "растаможка қилинмаган", "касса аппаратидаги тушуми яширилган", "солиқдан товар беркитган" тадбиркорларга одатан, ози билан 3-5 миллион сўмдан 15 миллион сўмга қадар жарима солинмоқда. Кўпи билан эса бу сумма бир неча ўн миллион сўмдан ошади.

"Рейдда тушиб қолган" тадбиркорлар эса бу суммани йиғиб келиб, жаримасини тўлайди ва кўпи билан бир неча кунлик танаффусдан савдосини давом эттиради.

"Энди кўпчилик тадбиркорлар ҳақиқатда у ёқ-бу ёқдан келиб қолган товарларни ҳам сотади. Ижара катта, расход катта. Шуни қоплайман, дейди. Шунақа кутилмаган рейдларга тушиб қолса, муҳрлаб кетади кейин. Солиқчилар ва савдо департаментидагилар учун тайёр охурда бу бозор. Бир айланганда, уни-буни баҳона қилиб жаримани илиб-илиб кетади. Икки-уч кунда нақдида йиғиб олади кейин. Бюжетнинг ўпирилиб тушган бир ковагини тўлдириб олади. Яна қанчасини чўтгагига уради - энди у ёғини биз билмаймиз ҳам, билолмаймиз ҳам", деди Озодликнинг "Ипакчилар буюм бозори"даги манбаси.

Наманган ва Фарғонадаги манбалардан олинган маълумотларга кўра, ҳар икки вилоятда январь ойининг бошидан буён нафақат кийим-кечак ва уй-рўзғор буюм бозорлари, балки бошқа йирик савдо мажмуаларида ҳам текширувлар бормоқда.

Бу текширувлар Солиқ идораси ва ҳокимиятларнинг Савдо департаменти вакилларидан иборат гуруҳлар томонидан ўтказилмоқда. Бундай текширувлар натижасида Фарғонадаги "Ипакчилар буюм бозори"да ишлаётган тадбиркорларнинг қайриб ярми, Наманган шаҳридаги "Янги бозор"нинг эса 30 фоизга яқин савдо нуқтаси эгаларига турли суммаларда жарима солингани ҳақида норасмий маълумотлар бор.
XS
SM
MD
LG