Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:01

Тошкентда автомобилларни тунаш ҳолатлари кўпайди


Тошкент шаҳрида сўнгги тўрт ой ичида автомобилларни тунаш ҳолатлари кескин кўпайгани кузатилмоқда. Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийларидан бирининг Озодликка айтишича, март ойида Ўзбекистон пойтахтида машина талончилиги билан боғлиқ йигирмадан ортиқ ҳолат қайд этилган.



Ўғирликлар сонининг ортиши Тошкентда хусусий гаражларнинг бузилиши ортидан рўй бермоқда.

Гаражи бузилган кўплаб машина эгалари ваъда қилинган янги стоянкалар қуриб берилмаётганидан шикоят қилишади.

Гаражларидан мосуво қилинган кўпчилик пойтахтликлар ўз автомобилларини уйи яқинидаги жойларга қолдиришга мажбур бўлмоқда. Чилонзорда яшовчи Муҳиддин ака гапиради.

- Ободончилик деб, Чилонзор 3 кварталдаги ҳамма темир гаражларни бузишди. Қўриқланадиган янги стоянка қуриб берамиз дейишганди, ҳалигача қурилгани йўқ. Машиналарни деразамизни олдидаги йўл четига қўямиз. Барибир хавфли-да. Яқинда қўшнимизнинг машинасини эшигини бузишибди. Қиммат антирадар ускунаси борми, CD плайери борми, олиб кетишибди. Ҳозир энди у машинанинг эшигини тузатсинми, янги СD олсинми. Милицияга борсангиз машинани қаровсиз қолдирманг, деб ақл ўргатишади,- дейди тошкентлик Муҳиддин ака.

Автомашиналарни тўнаш, айниқса, Тошкентнинг аҳоли зич яшайдиган Чилонзор, Қорасув, Юнусобод туманларида кўпайгани айтилмоқда.

- Машиналарнинг эшигини бузиб, ичидаги қиммат буюмларни туя қилишмоқда,- дейди Озодликка гапирган яна бир тошкентлик.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ўз исмини айтмаган расмийларидан бирининг Озодликка айтишича, автомобил тўнаб кетилиши фақат гаражлар етишмовчилиги билан боғлиқ эмас.

- Автомобилларни тўнаш ҳар доим бўлган. Тўғри сўнгги пайтда бу кўп бўляпти. Буни фақат гаражлар билан боғлаб бўлмайди. Баҳор келиши билан ўзи машина тўнаш кўпаяди. Сўнгги бир ой ичида шаҳар бўйлаб 26та ҳолат қайд этилди. Шаҳарда автомашиналар сони ҳам кўпайиб қолган-да,- дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходими.

Тошкентда машиналарни тўнаш ҳолатлари кўпайиши ортидан гаражларга талаб ҳам ортган.

Гараж олди-сотдиси билан шуғулланадиган тошкентлик маклер Геннадий Стороженко гапиради:

- Гаражни кирага олишни ёки сотиб олишни хоҳлаётганлар кўпайди. Ҳозир шаҳар марказида битта қўриқланадиган стоянкани сотиб олиш 3-4 минг АҚШ доллари атрофида. Чеккароқда 1-1,5 минг АҚШ доллари туради. Гаражлари бузилганларни машиналари кўчада қолиб кетди. Ўғирликлар кўпайди. Шунинг учун кўпчилик машинасини гаражда қўйишни хоҳламоқда,- дейди Стороженко.

Машина тўнаш ҳолатлари кўпайганини айримлар сўнгги йилларда амнистия қилинаётганлар сони ошгани ва ўғирлик учун жазо енгиллаштирилгани билан ҳам боғлашмоқда.

- Декабр ойидаги сўнгги амнистия асосида асосан ўғирлик ва талончилик жиноятини содир этиб қамалганлар чиқди. Машинани тўнаганларга жазо муддати ҳам камайтирилди. Олдин 15 йил қамоқ бўлса ҳозир 4 йилдан 8 йилгача қилиб қўйишган. Бу ҳам ўғирликлар ошишига бир сабабдир,- дейди тошкентлик юрист Шуҳрат Рустамов.

Тошкентда машина ўғирликлари кўпайгани ҳаваскор ҳайдовчиларнинг uzavto.net порталида ҳам қизғин мухокама қилинмоқда.

Хумоюн исмли ҳайдовчи машинанинг ичида қиммат буюмларни қолдирмасликни тавсия қилади.

- Машинанинг ичида сумка, ҳамён ёки телефонни қолдириб кетманг. Ўғри шу нарсани оламан, деб машинангизга шикаст етказиши мумкин. Ўғирликка қарши сигнализация учун пулни аяманг. Ўшанда ҳеч ким машинангизга яқинлашмайди,- деди ўзбекистонлик ҳавасор ҳайдовчи.

Феврал ойида uzavto.net порталида Тошкентда номаълум шахслар Nexia машинасини тўнаётгани акс этган видео қўйилган ва бу кўпқилик машина эгаларини дахшатга солган эди.
XS
SM
MD
LG