Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:10

Тошкентда милиция машинаси уч пиёдани босиб кетди


Ўзбек милицияси автомобили
Ўзбек милицияси автомобили
23 апрель куни кечқурун Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида милициянинг йўл-патрул хизмати машинаси уч кишидан иборат оилани босиб кетди. Автоҳалокат натижасида беш ёшли қизча ҳалок бўлди, икки киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Фейсбукдаги “Тошкент ҳайдовчилари” гуруҳи тарқатган маълумотга кўра, 23 апрель куни кечқурун соат 9 лар атрофида Тошкент милициясининг йўл-патрул хизмати автомобили Чилонзор туманида 33 ёшли Дмитрий Курбатовни, унинг синглиси 25 ёшли Людмила Горбановани ва унинг беш ёшли қизи Кристинани босиб кетган.

Чилонзор туманида уч кишидан иборат бир оилани милиция машинаси босиб кетганлиги ҳақида Ўзбекистон матбуоти жим турган бир пайтда, бу воқеа Фейсбукнинг “Тошкент ҳайдовчилари” гуруҳида кенг муҳокама қилинмоқда.

Воқеа гувоҳларининг ёзишича, Кристина воқеа жойида ҳалок бўлган, ҳомиладор Людмиланинг аҳволи оғир, унинг ҳомиласи яшаб қолиши ҳақида шифокорлар ҳеч нарса дегани йўқ.

Машинанинг асосий зарбаси Дмитрийга тўғри келгани учун у ҳаммадан кўп жароҳат олган. Касалхонада Дмитрийнинг бир буйраги ва талоғи олиб ташланган.

Воқеага гувоҳ бўлган тошкентлик ҳайдовчилардан бирининг айтишича, фалокат йўлнинг ўртасида содир бўлган:

“Йўл қоидасини милиция машинаси бузган. Жуда катта тезликда нотўғри обгон қилган ва одамларни уриб юборган”, деди ҳайдовчи.
Фейсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" саҳифасидан олинган суратда воқеа жойи акс этган.
Фейсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" саҳифасидан олинган суратда воқеа жойи акс этган.


Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа бўлганини Озодликка тасдиқлади:

“Ҳа, биринчи текширувларга кўра милиция машинаси йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги аниқланди. Лекин ҳали бир хулоса чиқаришга эрта. Бу иш бўйича барча текширувни прокуратура олиб бормоқда”, деди мулозим.

Фейсбукдаги “Тошкент ҳайдовчилари” гуруҳи тарқатган хабарга кўра, воқеа юз бергандан сўнг у жойга етиб келган одамлар йўл-патрул хизмати машинаси ҳайдовчисини ўртага олиб уришган. Лекин тез фурсатда етиб келган милиция ходимлари ҳайдовчини оломондан ажратиб олган.
XS
SM
MD
LG