Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:04

"Баркамол авлод"га ҳашарга чиқаётганлар ойлигини ҳам бермоқда


Сурат ЎзА агентлигидан олинди.
Сурат ЎзА агентлигидан олинди.
Наманган шаҳрида 28 май куни бўладиган "Баркамол авлод" спорт мусобақаси очилиш маросимига маҳаллий тадбиркорлар ва бюжет ташкилотлари ишчиларидан пул йиғилмоқда. Шаҳарлик ҳамшира Фахрия Содиқова гул экиш билан бирга ойлигини ободонлаштириш ишларига беришга, уй-рўзғор буюмлари сотадиган маҳаллий тадбиркор Абдурасул Каримов эса 650 минг сўмни шаҳар ҳокимлиги берган ҳисоб рақамига ўтказишга мажбурланганини даъво қилмоқда.


Наманган шаҳридаги йирик бозорлардан бирида уй-рўзғор буюмлари савдоси билан шуғулланадиган хусусий тадбиркор Абдурасул Каримов шу кунларда маҳаллий ҳокимият кутилаётган "Баркамол авлод" спорт тадбири учун мажбурий равишда пул йиғиб олаётганини иддао қилди.

Унинг даъвосича, у ишлайдиган Наманган шаҳар буюм бозори қўмитаси, шаҳар прокуратураси ва ҳокимлиги вакилларидан иборат махсус гуруҳ қистови асосида 650 минг сўм пулни кўрсатилган ҳисоб рақамига ўтказиб берган.

- Бозорқўмнинг топшириғи билан ўтказилганда. У ҳаммага ҳар хил, қилаётган савдосига қараб сумма белгиланаяпти. Бир миллион сўмдан ортиқ пул ўтказганлар ҳам бор. Шаҳардаги дўконлардан ҳам пул олишаяпти. Бирор ҳужжат, квитанция бергани йўқ. Битта счёт берган, шунга ўтказ, дейишган тамом. "Баркамол авлод"га келадиган ёшларнинг меҳмонхонаси, овқатланишига пул керак, дейишди, - деб даъво қилди наманганлик 43 яшар тадбиркор Абдурасул Каримов.

У пул тўлашдан бош тортиш уринишлари самарасиз экани, бунга уринганлар арзимаган сабаблар билан шаҳар прокуратурасига олиб борилиб, соатлаб тутиб турилиши мумкинлигини айтди.

- Прокуратурада ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, кечаси соат 11-12 гача ушлаб туришади ёки бошқа чора қилишади, хуллас олишади. Ундан бериб қутулган маъқул, - дейди наманганлик тадбиркор.

Наманган шаҳар шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайдиган 40 яшар Фахрия Содиқова ҳам "Баркамол авлод" спорт тадбири очилиши маросимига ҳозирлик доирасида аперль ойи бошидан буён гул экаётганини айтди.

- Наманган-Андижон йўлида Лола, деган жой бор билсангиз, ўша ерда гул экаяпмиз. Агар мен ишхонамдан бугун чиқмасам, 25 минг сўм пул беришим керак ёки ўрнимга бирини юборишим керак, - деб иддао қилди ҳамшира.

Бундан ташқари, шифохона ходимларига май ойи учун ойлик маошни ўз ихтиёри билан шаҳарни ободонлаштириш ишлари учун ажратиш ҳақида тилхат олинаётганини айтди.

- Мен ойлигимни талаб қилмайман, деб ёздириб қўл қўйдириб олаяпти. Нимага, десак ободонлаштири ишларига ўтказилади, деяпти. Чунки, 35 градус иссиқда эккан гулларимиз қуриб қолаяпти, шуларнинг ўрнига яна олиб келиб экдираяпти. Кейин келадиган спортчиларга овқат, ётоқхонасига ҳам пул керак экан, - деб даъво қилди Фахрия Содиқова.

Наманган шаҳар шифохонаси ва шаҳар ҳокимиятидан ишчи ҳамда тадбиркорларнинг ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилиниши, улардан пул йиғиб олинишига оид бу мурожаатларга бирор муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, Наманган вилоятида "Баркамол авлод-2014" тадбири олдидан шаҳар ва унга кираверишдаги туманлардан ўтувчи катта йўлларнинг икки томонини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва гул экиш кампаниясига қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳам жалб этилгани маълум бўлди.

Хусусан, Наманган вилоятининг Уйчи тумани Ёрқўрғон қишлоғидаги Ёрқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғинининг котибаси, дея тақдим қилинган Марғуба кунига 1-3 киши ободонлаштириш ва ҳашарга чиқарилаётганини тасдиқлади.

Айни кунларда Наманган вилоятида "Баркамол авлод" спорт мусобақасининг якуний босқичини ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда. Маросимнинг ўзи ҳозир қайта таъмир ишлари бораётган, 22 минг томошабинга мўлжалланган "Навбаҳор" стадионида 28 май куни бўлиб ўтиши айтилган.

Наманганлик мустақил журналист Носир Зокирнинг айтишича, бир ой муқаддам тадбирга тайёргарлик ишларини кўздан кечириш учун вилоятга Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев борган.

- Аввалига очилиш маросимини 23 майга дейишган эди. Кейин бирдан ўзгариб, 28 майга қолдирилди. Чунки, булар тайёрланиб улгурмади. Бир ой олдин Бош вазир Шавкат Мирзиёев келдида, тайёргарлик ишлари оқсаб ётганидан норози бўлиб, буларга қаттиқ тегди, дейишди. Кейин бирдан ишлар юришиб кетди. Ҳозир ҳамма шу "Баркамол авлод"га тайёргарликда, ишлаяпти, - деди наманганлик мустақил журналист Носир Зокир.

Журналист уйи қаршисидаги "Навбаҳор" стадионида ҳар куни юзлаб талаба ва ўқувчи қизлар очилиш маросимига тайёргарлик кўраётганига гувоҳ бўлаётганини ҳам айтди.

6 май куни Озодликка боғланган Наманган шаҳридаги Тиббиёт коллежининг исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган талабаси унинг коллежидаги қизлар кундалик равишда очилиш маросимига тайёргарлик учун шаҳардаги Амфитеатрга мажбуран қатнаётганини айтди.

- Эрталаб 9 ларга боришади, кечки пайт ҳар хил - баъзан 3 гача, баъзан 4 гача қолишади. Бехато, тўғри рақс тушса, эртароқ ҳам қайтишяпти. Дарслардан озод қилинган. Ҳамма қизлари Баркамолга қатнаётган курслар ҳам бор. Мажбурий, бормайман, деганларга ўқишдан четлатиласан, дейишяпти, - дейди Тиббиёт коллежи талабаси.

Озодликда "Баркамол авлод-2014" спорт тадбирига тайёргарликка 1400 нафар ўқувчи ва талаба қизлар жалб этилганига оид мақола ортидан таҳририятга келган бу мурожаатларга Наманган вилояти ва шаҳри расмийларидан ҳозирча муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Биргина "Соғлом авлод учун" жамғармаси Наманган вилояти бўлимининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси бюжет ташкилотлари ходимлари, талаба ва тадбиркорлар бу тадбирларга кўнгилли равишда жалб этилганини айтиш билан чекланди.

"Бу спорт тадбирику, болаларимиз соғлом бўлсин, деган ҳамма ишчиларимиз кўнгилли қатнашяпти. Тайёргарликка ҳамма кўнгилли қўшилаяпти. Ҳеч кимдан пул йиғилгани йўқ", дея гапни қисқа қилди жамғарма ходими мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

"Баркамол авлод" спорт тадбири Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинган уч босқичли спорт тадбирининг ўрта босқич - мамлакатдаги ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари - лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган қисмидир.

Бу спорт тадбирининг биринчи босқичи мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган "Умид ниҳоллари", учинчи босқичи эса институт ва университет талабалари ўртасида бўладиган "Универсиада" спорт мусобақасидир.

"Баркамол авлод" тадбири сўнгги бор 2011 йилда Термиз шаҳрида бўлган ва унда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этган эди.

Наманганлик мустақил журналист Носир Зокировнинг айтишича, Намангандаги 22 минг томошабин сиғадиган "Навбаҳор" стадионидаги очилиш маросимида ҳам Бош вазирнинг иштирок этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG