Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:07

Қува анорларининг 90 фоизи сувсизликдан қуриди


Бутун минтақага донғи кетган Қува анорлари бу йил тақчил бўладиган кўринади.
Бутун минтақага донғи кетган Қува анорлари бу йил тақчил бўладиган кўринади.
Фарғона вилоятининг Қува туманида сув тақчиллиги боис юзлаб гектардаги анор боғлари қуриб қолди. Қуванинг адирли ҳудудида жойлашган боғларга сув тортиб берадиган насос тизимининг ишдан чиққани ҳамда электр тақчиллиги боис юзага келган сувсизлик оқибатида 500 гетарлик анор боғларидан 50 гектари қолганини айтмоқда маҳаллий фермерлар. Бундан ташқари ҳосилсиз қолган фермерлардан солиқлар ундириш тўхтатилгани йўқ. Қува ҳокимлиги расмийлари минглаб туп анорнинг қуришига фақат сув тақчиллиги эмас, ўтган қиш мавсумининг совуқ келгани ҳам сабаб бўлганини айтмоқда.



Нафақат Ўзбекистон, балки яқин хорижда ҳам машҳур Қува анорлари бу йил тақчил бўладиган кўринади. Сабаби сўнгги 2-3 йил давомида тумандаги боғларга сув узатиш тизимининг ишдан чиққани, боз устига, электр тақчиллиги боис суғорилмай қолаётган юзлаб гектардаги боғлар қуриб қолмоқда.

Қува анорлари асосан туманнинг Анорзор қишлоғидаги боғларда етиштирилади. Бу қишлоқда 100га яқин фермернинг анор боғлари бор.

Ана шу фермерлардан бирининг Озоддликка айтишича, айниқса, ўтган йили бир ой давомида сув бўлмагани оқибатида Анорзор қишлоғидаги анор боғларининг 90 фоизига яқини қуриб кетган.

“Ўтган йили, 2013да айни анорлар кўмилиши керак бўлган пайтда бир ой сув бўлмади. Кўпчиликнинг анори чала суғорилган ҳолатда кўмилди. Ўшанинг ҳисобига кўпи қуриб кетди. Энди мева қилган жойда қуриб кетди ҳаммаси. Анорзор қишлоғида 500-600 гектарга яқин майдонда анор бўлган, ҳозир шунинг 50-60 гектари қолди холос. Қолганини янгитдан экишмоқда”, дейди қувалик фермер.

Адирли ҳудудда жойлашган Анорзор қишлоғидаги боғларнинг аксарига давлат назоратида қолаётган, собиқ иттифоқ пайтида қурилган насослар Катта Фарғона Каналидан сув тортиб беради. Бу насослар йиллар давомида таъмирталаблигича қолмоқда.

Шахси сир қолишини сўраган фермернинг яна айтишича, боғлари сувга яқинроқ жойлашган фермерлар ўзларининг ҳисобидан кичикроқ қувватга эга насосларни ўрнатишган. Лекин бу насослар ҳам, давлатга тегишлилари таъмирланган пайтда ҳам электр тақчиллиги боис боғларга етарли сув етказиб бера олмайди.

“Насослар бузилиб қоляпти, таъмирланганидан кейин ҳам вақти-бемаҳал свет ўчиб қолади. Свет ёнгандан кейин насос сувни тотиб чиқариши учун бир соатдан ортиқ вақт керак бўлади. Кўпинча сув чиқди дегунча, ярим соат ўтар-ўтмас, свет яна ўчади. Ундан кейин свет берган пайтда бирданига катта қувват келиб, моторларни куйдириб қўйяпти”, дейди фермер.

Қува туман ҳокимлиги расмийси Анорзор қишлоғидаги вазиятдан хабари борлигини тан олди. Лекин исмини келтирмаётганимиз бу мулозим, анорзорларнинг қуриб кетганига фақатгина насос тизимининг ишдан чиққани сабаб эмас, дея таъкидилади.

“Тўғри, насослар ишдан чиқиб қоляпти. Чунки бу насослар 1978-80 йилларда қурилган насослар. Бу насослар бир неча йилдан бери тегишли тарзда таъмирланмагани учун кўп бузиляпти. Туманимизда Катта Фарғона Каналидан адирга сув тортиб берадиган бешта катта насос бор. Ҳаммаси шу аҳволга келиб қолгани боис, келаси йил, 2015 йилда тўлиқ реконструкция қилиниш учун давлат дастурига киритилган. Келаси йилдан бошлаб бу насосларимиз тўлиқ реконструкция қилинади. Лекин анорларнинг қуришига фақатгина сув тақчилиги сабаб бўлмади. Биласиз бу йил қиш жуда қаттиқ келди кўпини совуқ уриб кетди”, дейди Қува тумни ҳокимлиги вакили.

Озодликка гапирган қувалик фермер дарахтларнинг бир қисмини совуқ уриб кетганини эътироф этди, лекин боғларнинг қуришига биринчи навбатда суғориш тизимининг ишдан чиққани сабаб бўлганини таъкидлади. Унинг айтишича, анор боғлари қуриб кетган фермерлар катта зарар кўрганига қарамасдан, улардан давлат ҳисобига солиқ ундириш тўхтатилглани йўқ.

“Бир туп анор етилган пайтда 20-25 кило анор қилади. 100 туп анори борлар камида 1,5-2 тонна анор олган. Жуда катта зиён кўришди фермерлар. Лекин солиқ тўлашга мажбур. Фермерлар кенгашига мурожаат қилиб, акт қилса даромад солиғидан озод қилинади, лекин ер ва сув солиғидан озод қилинмаяпти. Даромад солиғи ҳам ҳосил барбод бўлгани тўғрисидаги акт қабул қилинсагина бекор қилинади, бўлмаса даромад солиғини тўлашга ам мажбур”, дейди фермер.

Ўзбекистонлик фермерлар учун сув тақчиллиги йиллардан бери ҳал этилмай қолаётган муаммога айланган. Бу йил ҳам сув тақчиллиги Фарғонанинг Қувасидагина кузатилгани йўқ. Самарқанд вилоятнинг Пайариқ тумандаги фермерлар ҳам Озодликка бу йил туманда сув ҳажми озайгани сабабли пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосили барбод бўлишидан хавотирланаётганларини билдиришди.

Жорий йилда совуқ ҳаво узоқ сақланиб қолгани ҳам Ўзбекистоннинг кўплаб минтақаларида мевали дарахтларни совуқ уриб кетишига сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG